18 февраль куни Сенатда Бақарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Унда асосий эътибор йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва ЙТҲлар олдини олишга қаратилди. Жумладан, Ўзбекистондаги йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун Vision Zero стратегиясини ҳаётга тадбиқ этиш режалаштирилмоқда.

Фото: Абдулло Ëдгоров / «Газета.uz».

Ички ишлар вазири ўринбосари — ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Бекмурод Абдуллаевнинг сўзларига кўра, ЙТҲлар билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида йўлларда ҳаракат хавфсизлиги юқори даражада таъминланган АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Швеция, Россия, Германия, БАА, Норвегия каби 10 дан ортиқ давлатларнинг тажрибаси ўрганиб чиқилган.

«Айниқса Швеция давлатида ўлим билан боғлиқ ЙТҲларни олдини олиш бўйича яратилган тажриба энг самарали эканлиги аниқланиб, бу тажриба юқорида айтиб ўтилган кўплаб давлатларда тадбиқ этилган. Хусусан, 1997 йил жорий этилган Vision Zero консепциясида асосий мақсад сифатида ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар содир этилишига умуман йўл қўймаслик, яъни уларнинг сонини ноль даражага тушуриш белгиланган. Юқоридаги тажрибадан фойдаланиб, миллий қонунчилигимиз ва шароитимизни инобатга олган ҳолда Фарғона вилояти мисолида равон йўл концепциясини ишлаб чиқдик», — деди Бекмурод Абдуллаев.

Таъкидланишича, уни амалга ошириш бўйича 2021 йил 11 ноябрь куни ИИВ ва Фарғона вилояти ҳокимияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унинг ижросини таъминлаш учун эса вилоят штаби ва ишчи гуруҳлари тузилган ҳамда 5 та йўналишдан иборат асосий вазифалар белгилаб олинган. Қисқа муддатда эса бу ўз самарасини кўрсатган.

Бекмурод Абдуллаев. Фото: Абдулло Ëдгоров / «Газета.uz».

«Биз ЙТҲлар салмоғи Фарғона вилоятида эканлиги учун ҳам Фарғонани танлаб олганмиз. Натижада сўнгги 3 ой ичида умумий ЙТҲлар 30 фоизга, уларда ҳалок бўлганлар 21 фоизга, жароҳатланганлар 38 фоизга камайди. Жумладан, пиёдалар иштирокидаги ҳодисалар 32 фоизга, уларда ҳалок бўлганлар 28 фоизга, жароҳатланганлар сонини 38 фоизга камайтиришга эришилди», — деди у.

Қолаверса, болалар иштирокидаги ҳодисалар 33 фоизга, уларда ҳалок бўлганлар 75 фоизга, жароҳатланган болалар сони 18 фоизга камайгани айтилди.

«Ҳозирда ушбу меморандум Тошкент вилояти, Андижон, Наманган, Навоий, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари билан имзоланди ва ишлар ташкил этилмоқда», — деди ИИВ раҳбари ўринбосари.

«Авваламбор йўл инфратузилмасини яхшилаш, давлат стандартлари билан боғлиқ ҳолда уни ўзгартириш бўйича Швеция тажрибасини жорий қилаяпмиз. Айнан фуқароларнинг йўлларни белгиланган жойидан ўтиши учун барча шароитларни яратиб беришимиз керак. Иккинчидан фуқароларимизнинг ўзидаги маданияти [шакллантириш], жавобгарлик масалалари бўйича ҳозир таклиф киритганмиз. Ҳозирда Жанубий Корея тажрибасини ўрганган ҳолда (ЙҲХ) автоуловларимиз «мигалка"ларига камера ўрнатаяпмиз, айнан фуқаролар белгиланмаган жойдан ўтиш пайтида [суратга олади ва] уларга тўғридан-тўғри автомобилга юборгандай жарима қўллаш масаласи [таклиф қилиб киритилган]», — деди Бекмурод Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир профилактик тадбирлар бўйича янги тизим ишлаб чиқилмоқда.

«Барча ЙҲХ ходимларини маҳаллаларга бириктирамиз. Бириктириш орқали ҳар бир ЙТҲ маҳаллаларда ходимлар томонидан муҳокама қилиниб, оғир оқибатлари бўйича доимий тушунтириш ишлари олиб бориш [кўзда тутилган]. Ундан ташқари, айнан ўша маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаронинг қоидабузарлигини ҳам ЙҲХ ходими, ҳам профилактика инспекторлари планшетига жўнатиб, маҳалла орқали ҳам тарбиялаш масаласини йўлга қўйдик», — деди ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи.

Қолаверса, 380 та мактаб ҳамда 170 та болалар боғчаларида йўл ҳаракати қоидалари хоналари ва майдончалари ташкил этилгани таъкидланди.

Танзила Нарбаева. Фото: Абдулло Ëдгоров / «Газета.uz».

Йиғилишда Сенат раиси Танзила Нарбаева ҳам фикр билдириб, болаларни ёшлик чоғидан йўл ҳаракати қоидаларига ўргатиш зарурлигини айтди. «Ички ишлар ходимлари барибир ҳамма муассасага ҳам етиб бора олмайди. Шунинг учун тарбиячилар [ва ўқитувчилар] буни билиб олиб, болаларга ўргатиш тизими қилинса [мақсадга мувофиқ], лекин сизлар ўқув қўлланмаларини ишлаб беришингизлар керак», — деди у.

Бекмурод Абдуллаев эса бу борада UNICEF билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилганини маълум қилди.

«3 кун олдин ташкилотнинг Ўзбекистондаги раҳбари Мунир Мамедзаде билан онлайн учрашув ўтказдик. Бунда айнан UNICEF`ни 100 йилдан ортиқ тажрибаси бор экан. Ўйинлар, видео, мультфильмлар, китоблар ёки боғчалардаги ўйинчоқлар, майдончалар орқали болаларнинг онгига таъсир қилган ҳолда уларни нафақат ўзлари балки, қоида бузмоқчи бўлган ота-онасини белгиланмаган жойдан ўтганда тўхтатиш тизими ёки бўлмаса автоуловнинг олдига ўтирмасдан орқага ўтириб, ота-онаси хавфсизлик камарини тақмаса, тақинг деб, танбеҳ бериш тизими ҳам кўп экан», — ички ишлар вазири ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, ЮНИСЕФ хаттоки шундай лойиҳаларни молиялаштиришга тайёр эканлигини билдирган.

Vision Zero — бу йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш ва йўл-транспорт ҳодисаларида ўлимни камайтириш бўйича халқаро дастур ҳисобланади. Концепция автомобиль йўлларида ўлим учун «ноль бардошлик» принципига асосланади ва уларни йўл ҳаракати хавфсизлиги нуқтаи назаридан лойиҳалашни таъминлайди.