Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги 13-сонли умумтаълим мактаб стадиони бузилаётгани ва ўрнида бино қурилаётгани айтилган хабарлар тарқалди.

Маълум қилинишича, Андижон туманлараро маъмурий суди 13-мактабга тегишли ер бўйича шу йилнинг 31 октябрь куни ҳал қилувчи қарорини чиқарган. Суд ҳокимнинг қарорини ноқонуний деб топганига 1 ой вақт бўлганига қарамасдан прокуратура, ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар томонидан ижроси борасида амалий чора кўрилмасдан қолмоқда.

«Айтишларича, тадбиркор қурилишни давом эттиряпти, „агар тез битириб тиклаб олсам, ҳеч ким теголмайди“ деган фикрда бўлиши мумкин. Шунақа низоли олди-сотдиларни кўриб, жон-понинг чиқиб кетади. Келиб-келиб нега мактаб ерига ёпишишади?! Ўзи мактабда ўқувчилар сони юкламаси кўп, синфхонада бола кўп, 2−3 сменали ўқишлар туфайли таълим сифати паст, йилига салкам миллион бола туғилаётган Ўзбекистонда мактабнинг ерига кўз олайтириш-жиноятку!», — дейилади хабарда.

«Асосий факт қолиб кетибди: суд қарорида ёзилишича, тадбиркор 0,4 гектар ерни 2020 йил аукционда 11 млн 873 минг сўмга сотиб олган. Яна бир тадбиркор эса 0.055 гектар ерни 31 млн сўмга сотиб олган. Ажойибми?! Жудаям!», — дейилади постда.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдириб, ҳолат ҳоким томонидан назоратга олинганини маълум қилди.

«Ишчи гуруҳ тузилди ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш давомида қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйилиб суд қарорига асосан қурилиши тугалланмаган бинони бузиш чоралари кўрилмоқда», — дейилади муносабатда.