Тошкентнинг Учтепа туманида Lacetti ҳайдовчиси олти нафар пиёдани уриб юборди, улардан икки нафари эса вафот этди, дея хабар бермоқда пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 4 декабрь куни тахминан соат 06:15 ларда туманнинг Фарҳод кўчаси 2-уй рўпарасида 1996 йилда туғилган Р. И. Lacetti автомашинасини бошқариб кетаётиб йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.

Яъни, 1982 йилда туғилган А. А. бошқарувидаги Nexia-3 автомашинаси билан тўқнашиб, сўнгра олти нафар пиёдани ҳам уриб юборган. Шунингдек, йўл четида ҳаракатсиз турган 1995 йилда туғилган М. В. бошқарувидаги Matiz русумли автомашина билан тўқнашган.


ЙТҲ оқибатида Lacetti ҳайдовчиси ҳамда тўрт нафар пиёда (Н. С., М. У., Ю. Ш., Э. М.) турли даражадаги тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилган. Икки нафар пиёда (Қ. Х. ва Г. Ф.) олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Lacetti ҳайдовчиси тезликни меъёридан ошириб, руль бошқарувини йўқотгани ЙТҲга сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.