Ўзбекистонда ноябрь ойидан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар сони сезиларли даражада ортмоқда. Ўсиш динамикаси, аввало, кунлар совиб, одамлар асосий вақтини ёпиқ бино ва иншоотларда ўтказаётгани билан боғлиқ, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

«Қолаверса, COVID-19нинг юқумлилик даражаси юқори бўлган янги мутациялари беморлар сони кўпайишига сабаб бўляпти», — дейилади хабарда.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда «омикрон»нинг қайси субварианти доминант версияга айланганини аниқлаш мақсадида 10−12 ноябрь кунлари Республика махсус 1-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинган 27 нафар бемордан тиббий намуналар олинди.

Шундан сўнг ушбу таҳлиллар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида секвенлаш жараёнидан ўтказилди. Натижада 27 нафар бемор «омикрон» штаммининг BA.5 субварианти билан зарарлангани маълум бўлди.

BA.5 субвариантининг аввалги мутациялардан фарқи нимада?

Мазкур версиянинг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5−6 кун эмас, 2−3 кунни ташкил этяпти. Унинг асосий белгилари томоқ оғриғи, тана ҳароратининг гектик (41 даражагача) кўтарилиши, бош ва мушакларда кучли оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, конъюктивит (10 фоиз ҳолатда), ринит ва тонзилит (40 фоиз ҳолатда), отит (10 фоиз ҳолатда), диарея (10 фоиз ҳолатда) юзага келиши кузатилмоқда.

Шунингдек, кучли ва хуружли йўтал, баъзи ҳолларда кўкрак қафасида оғриқ, нафас қисиши ва ҳаво етишмаслик белгилари юзага келмоқда.

«Ўпка тўқимасининг зарарланиши 30−40 фоиз ҳолатларда кузатилмоқда, — дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов. — Бундай беморларнинг аксарияти уй шароитида ёки баъзи хусусий клиникаларда антибиотик, гормон препаратлари ҳамда томчи дориларни томир ичига мақсадсиз ва палапартиш қабул қилган юртдошларимиздир».

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков ҳозирда Ўзбекистонда энг кўп тарқалган «омикрон-стеллс» штамми эканлиги, сурункали касалликлар бўлмаган тақдирда унинг енгил кечиши ҳақида маълум қилган эди.