Россия Ўзбекистон билан атом саноати соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳим деб билади. Бу ҳақда РФ бош вазири Михаил Мишустин 2 декабрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири, бу — энергетикадир. Мазкур соҳасига киритилган Россия сармояларининг умумий ҳажми 12 млрд долларни ташкил этади.

«Кеча Абдулла Ниғматович (Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов — таҳр.), биз ҳамкасбларимиз билан бир қатор лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилдик. Биз атом энергетикаси соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳим деб биламиз. Йирик лойиҳа Россия томонидан лойиҳалаштирилган атом электр станциясини биргаликда қуриш бўлади. Барча эришилган келишувларни амалга оширишни тезлаштириш зарур», — деди Россия бош вазири Самарқандга амалий ташрифи чоғида.

Шунингдек, у «ўзбекистонлик шерикларнинг саноат кооперациясини чуқурлаштиришдан манфаатдорлигини» таъкидлади. Томонлар автомобиль ва авиасозлик, фармацевтика соҳаларидаги ташаббусларни муҳокама қилмоқда.

Ёзда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев Ўзбекистон «Росатом» билан атом электр станциясини қуриш нархини оптималлаштириш масаласини муҳокама қилаётганини айтган эди. Агар станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг нархи бошқа манбалар билан рақобатбардош бўлмаса, лойиҳани амалга ошириладими ёки йўқ, деган хулоса ўз-ўзидан аниқ бўлади, деган эди у.