Президент қарорига кўра, 1 декабрдан ҳайдовчилар қоидабузарлиги учун жарима балларни ҳисоблаш бошланиши хабар қилинганди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ушбу тизим кўзда тутилган санадан бошлаб тест режимида ишга тушурилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, жарима балларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган.

«Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатасининг масъул ходимлари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилган ҳолда қонун лойиҳасини қайта такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли 1 декабрдан бошлаб жарима балларини ҳисоблаш тизими тест режимида ишга туширилади», — дейилади хабарда.

Бунда қоидабузарликлар автоматик тарзда дастурий таъминотда қайд этиб борилади. Ушбу тизим янги бўлганлиги сабабли, тест режимида ишлаган вақтда тизимдаги ҳамда содир этилган қоидабузарликлардаги барча хато ва камчиликлар тизимни техник қўллаб-қуватлаш даврида босқичма-босқич аниқланиб, бартараф этилиб, такомиллаштирилиб борилади.

Аҳолидан келиб тушиши мумкин бўлган эътирозларни олдини олиш мақсадида тест режими вақтида аниқланган қоидабузарликлар бўйича баллар ҳисобга олинмайди.

«Дастурий таъминот синовдан ўтказилиб, аниқланган хато ва камчиликлар тўлиқ бартараф этилгандан кейин ишга туширилиб, ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади. Ижобий тест синов натижалари юзасидан, мазкур тизимни ишга тушириш вақти бўйича оммавий ахборот воситаларига қўшимча маълумот берилади», — дея якунланади ЙҲХХ хабари.

Маълумот учун, 2018 йилнинг май ойида қабул қилинган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича концепцияда ҳайдовчилар учун 12 баллик тизимни жорий этиш, бир йил давомида жарималари билан 12 балл йиғган шахсни ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши айтилган эди. Ҳужжат лойиҳасини эса 2019 йил бошида ишлаб чиқиш режалаштирилганди.

2022 йилнинг февралининг биринчи ҳафтасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Йўл ҳаракати қоидалари янгидан ишлаб чиқилиши ва ҳайдовчилар баҳоланиши ҳақида гапирганди. Февраль ўрталарида эса ИИВ раҳбари ўринбосари қоидабузар ҳайдовчиларга балл бериш тизими нега 3 йил илгари жорий қилинмаганига изоҳ берганди. «У пайтда биз ҳали бунга тайёр бўлмагандирмиз, вақти энди келгандир. Мана энди буни яқин кунларда жорий қиламиз, бу ўзини самарасини беради», — деганди Бекмурод Абдуллаев.