Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ҳайдовчининг қоида бузиши 12 баллга етса, у ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилишига оид тартиб нима сабаб бундан 3 йил олдин, 2018 йилдаёқ амалиётга жорий этилмаганига изоҳ берди.

У бунга жума куни журналистлар билан суҳбат чоғида тўхталди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«11 февраль куни президентимиз топшириқ бердилар, баллик тизим яратилади, ҳар бир ҳайдовчи баҳоланади. Уни ҳозир белгилаймиз, 12 балл бўладими, 20 балл бўладими, шу баллга етиб борганидан сўнг, у автоматик тарзда ҳайдовчилик гувоҳномасидан камида 1 йилга маҳрум бўлади. Қайтадан [имтиҳон] синов топшириб, кейин ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Менимча бу ҳайдовчиларимизни ўйлантириб қўйса керак», — деди у.

Қолаверса, у мазкур тизим билан жаримани тўлаб, яна қоидабузарликни давом эттираётганларга чора кўрилишини айтди.

«Бу билан қонунни бузаман, пулини тўлаб юравераман деган ҳайдовчиларимизга жуда қаттиқ зарба бўлади. Президентимиз селекторда айтганидек, 133 марта йўл ҳаракати қоидасини бузиб, ҳаракатланган ҳайдовчиларимиз ҳам минг афсуски бор».

Маълумот ўрнида 2018 йилнинг май ойида қабул қилинган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича концепцияда ҳайдовчилар учун 12 баллик тизимни жорий этиш режалаштирилганди. Тегишли ҳужжат лойиҳасини эса 2019 йилнинг февралигача ишлаб чиқиш кўзда тутилганди.

Ички ишлар вазири ўринбосари мазкур тизим нима сабабдан ўшандаёқ йўлга қўйилмаганини тушунтиришга ҳаракат қилди.

«Энди буни ўзини сабаблари бор. У пайтда биз ҳали бунга тайёр бўлмагандирмиз, вақти энди келгандир. Мана энди буни яқин кунларда жорий қиламиз, бу ўзини самарасини беради», — деди Бекмурод Абдуллаев.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида ҳайдовчиларни баҳолаш тизими бўйича йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритишини маълум қилди. «Қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчиларга эса бонус баллари ҳисоблаб борилади», — деди у.