Президент 2022 йил 4 апрель куни «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекканди.

Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 1 декабрдан бошлаб ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади.

У қуйидаги тартибни назарда тутиши белгилаб берилмоқда:

  • ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;
  • ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;
  • муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати таыдим этган постерда келтирилишича, ҳайдовчи тезликни оширса 1 балл, қизил чироқда ўтса 3 балл жарима ёзилади.

Маълумот учун, 2018 йилнинг май ойида қабул қилинган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича концепцияда ҳайдовчилар учун 12 баллик тизимни жорий этиш, бир йил давомида жарималари билан 12 балл йиғган шахсни ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши айтилган эди. Ҳужжат лойиҳасини эса 2019 йил бошида ишлаб чиқиш режалаштирилганди.

2022 йилнинг февралининг биринчи ҳафтасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Йўл ҳаракати қоидалари янгидан ишлаб чиқилиши ва ҳайдовчилар баҳоланиши ҳақида гапирганди. Февраль ўрталарида эса ИИВ раҳбари ўринбосари қоидабузар ҳайдовчиларга балл бериш тизими нега 3 йил илгари жорий қилинмаганига изоҳ берганди. «У пайтда биз ҳали бунга тайёр бўлмагандирмиз, вақти энди келгандир. Мана энди буни яқин кунларда жорий қиламиз, бу ўзини самарасини беради», — деганди Бекмурод Абдуллаев.


Автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш, бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида бош вазир раислигида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси ва унинг ҳудудий махсус комиссиялари тузилиши айтилганди. Республика комиссиясига бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади, унинг таркибига шунингдек, ички ишлар, транспорт, адлия, фавқулодда вазиятлар ва бошқа вазирлар ҳам киради. Ҳудудий махсус комиссияларга эса вилоятлар ҳокимлари раҳбар бўлиши кўзда тутилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари махсус комиссияларнинг ишчи органи ҳисобланади.

Махсус комиссиялар зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юкланган:

  • йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, йўл инфратузилмасининг хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш;
  • ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини мунтазам равишда баҳолаб бориш, ушбу соҳада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг самарали фаолият кўрсатишини назорат қилиш;
  • йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини чуқур ўрганиш, йўлларнинг хавфли авария участкалари рўйхатини тасдиқлаш орқали келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан илмий асослантирилган таклифлар тайёрлаш тизимини яратиш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, инсон омили ва коррупция ҳолатларини истисно этувчи автоматлаштирилган назорат тизимларини оммалаштиришга доир тадбирларни белгилаш;
  • ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини қисқартириш бўйича дастурлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш ва келишиш.

Республика махсус комиссияси ҳар чоракда давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларни, мавжуд камчиликларни танқидий муҳокама қилиб боради ва тегишли чоралар кўради.

Ҳар йили маҳаллий ҳокимликларнинг ўз ҳудудларида автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи манзилли чора-тадбирларини ўз ичига олган «йўл харита»ларини тасдиқлаб, уларнинг ижроси устидан қатъий назорат олиб бориш топширилмоқда.

Ҳудудий махсус комиссиялар ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганади, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига муҳокама қилиш учун киритади ва натижалари бўйича республика махсус комиссиясига ҳисобот тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтлик депутатлар Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини 60 км/соатгача, яна 10 яқин марказий кўчада эса 50 км/соатгача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилганди. Ушбу чора самара берса, шаҳардаги барча кўчаларда тезлик пасайтирилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши вилоятдаги транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини 70 км/соатдан 60 км/соатгача камайтиришни маъқуллаганди. Бу тезликни меъёридан ошириш оқибатида авариялар кўп содир этилаётган 52 та кўчада амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бироқ, ушбу қарорлар қачондан бошлаб кучга кириши ҳақида маълумот берилмаган.