29 ноябрда A гуруҳидан ўрин олган 3-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу тур доирасида гуруҳдаги энг қизиқарли баҳс Эквадор — Сенегал бўлиши кутилаётган эди. Кутилганидек, учрашув қизғин суратларда ўтди ва унда Сенегал терма жамоасининг қўли баланд келди. Гуруҳдаги иккинчи баҳсда эса Нидерландия терма жамоаси Қатарни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Иккала баҳс ҳам бир хил вақтда, Тошкент вақти билан 20:00 да бошланди.
Эквадор — Сенегал 1:2
Ушбу баҳсда бизни қандай «интрига» кутаётгани тўғрисида плей офф босқичига чиқиш имкониятлари ҳақидаги мақолада ёзган эдик. Чунки Эквадор — Сенегал учрашуви плей-оффга чиқиш учун тўғридан-тўғри жанг эди. 4 очкога эга Эквадорни дуранг ҳам қаноатлантирарди. Аммо Сенегал учун бу камлик қиларди. Демак сенегалликлар ғалаба учун майдонга тушишган.
Эквадор — Сенегал баҳси «Халифа» стадионида 44 569 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўйинда жамоалар жами 17 та зарба йўллашди — ҳисоб 7:10, Сенегал бу борада ҳам олдинда. Бироқ аниқ зарбалар борасида Эквадор пешқадам — 4:3. Сенегал дарвозабони 3 та сейв амалга оширган. Тўпга эгалик қилиш бўйича статистика ўйинда Эквадорнинг устун бўлганини кўрсатади — 61% га 39%.
Ўйиннинг 43-дақиқасида Эквадорнинг дарвозаси томон пеналти белгиланди. Сарр пеналтини муваффақиятли тарзда амалга оширди ва Сенегални ҳисобда олдинга олиб чиқди. 1-тайм 0:1 ҳисоби билан якунланди.
68-дақиқада Мойсес Кайседо ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Аммо яна 2 дақиқа ўтгач, эквадорликлар яна гол ўтказиб юборишди. 70-дақиқада эквадорликларнинг жарима майдончаси ичидаги хатосидан Калиду Кулибали унумли тарзда фойдаланди ва тўпни дарвозага михлаб қўйди. Ҳисоб — 1:2!
Қолган дақиқаларда ўйин сурати янада ошди. Гоҳ Эквадор ҳисобни тенглаштириш учун Сенегал дарвозаси томон шошади, гоҳ сенегалликлар Эквадор терма жамоасидан тўпни олиб қўйиб буни голга айлантиришга ҳаракат қилади. Ҳакам 2-таймга 6 дақиқа вақт қўшиб берди, аммо ўйин 98-дақиқагача давом этди. Эквадор терма жамоаси гол кирита олмади, ҳисоб 1:2 лигича қолди, Сенегал терма жамоаси плей-оффда! Сенегалликлар ўйинда иккинчи жамоа сифатида ўйнаб, ғалабани илиб кетишди. Улар гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқишмоқда.
Плей-офф босқичида Сенегал терма жамоаси B гуруҳида 1-ўринни олган жамоа билан тўқнаш келади. Бу эса катта эҳтимол билан Англия, агар кутилмаган ҳодисалар юз берса, Эрон ёки АҚШ терма жамоаси бўлиши ҳам мумкин.
Нидерландия — Қатар 2:0
Нидерландия терма жамоаси плей-офф босқичига чиқиш масаласини деярли ҳал қилиб бўлган эди. Бироқ, улар фақат ҳали 1-ўринни нақд қилишмаган эди. Қатар терма жамоаси эса олдинги иккита турда мағлубиятга учраб, бирорта ҳам очко ололмаганди ва плей-оффга чиқиш учун курашни муддатидан аввал тарк этган эди.
Нидерландия — Қатар баҳси «Ал-Байт» стадионида бўлиб ўтди ва учрашувни томоша қилиш учну 66 784 нафар мухлси ташриф буюрди. Ўйинда жами 15 та зарба йўлланди: Нидерландия 10 та, Қатар 5 та.
Ўйиннинг 26-дақиқасида нидерландиялик Коди Гакпо ўйиндаги ҳисобни очди. Бу унинг ЖЧ-2022`даги учинчи голи. У ҳар бир турда биттадан гол уриб келмоқда. Учрашувнинг иккинчи гол 2-таймда киритилди: 49-дақиқада де Йонг дарвозабондан қайтиб келган (Депайнинг зарбасидан сўнг) тўпни осонлик билан киритиб қўйди. Ҳисоб — 2:0.
68-дақиқада Гакпо яна битта гол киритган эди, аммо у ҳужум давомида тўпга қўли билан ўйнагани маълум бўлди ва гол бекор қилинди. Ҳакам ўйинга 6 дақиқа қўшиб берди. Аммо қўшимча дақиқаларда ҳисоб ўзгармади. Ўйин Нидерландия терма жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ана энди нидерландлар гуруҳда 1-ўринни нақд этишди.
Нидерландия плей-оффда B гуруҳида 2-ўринни эгаллаган терма жамоа билан тўқнаш келади. Бу ушбу гуруҳдаги исталган жамоа бўлиб қолиши мумкин. Аммо бу Эрон ёки АҚШ терма жамоаси бўлиши эҳтимоли катта.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2022`нинг плей-офф босқичига 3 декабр куни старт берилади.