ЖЧ-2022`нинг гуруҳ босқичи доирасидаги 2-тур учрашувлари якунига етди ва 29 ноябрь куни 3-тур ўйинларига старт берилади. Қатардаги мундиал сенсацияларга бой бўлмоқда. Айнан шу сабабга кўра, сўнгги тур ўйинлари олдидан плей-офф босқичига кимлар чиқиши мумкинлиги борасида бир нарса дейиш қийин. Айрим гуруҳларда рақобат жуда кучли, айримларида «фаворит» ва «аутсайдер» тушунчалари ўртасидаги фарқ деярли йўққа чиққан. «Газета.uz» сўнгги тур олдидан қайси терма жамоаларда плей-офф босқичига чиқиш учун имкониятлар юқорироқ, ва аксинча, қайси жамоалар (кутилмаганда) мураккаб аҳволда эканлиги тўғрисида сўз юритади.

А гуруҳи


Ушбу гуруҳда фақат битта жамоа кейинги босқичга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлган, у ҳам бўлса мезбонлар — Қатар терма жамоаси. Қатар 1-турда Эквадорга, 2-турда Сенегалга мағлуб бўлди ва сўнгги турда Нидерландия терма жамоаси билан учрашади.

Бироқ гуруҳдаги «интрига» Эквадор ва Сенегал жамоалари ўртасидаги баҳсда бўлади — кейинги босқичга чиқиш учун ҳақиқий жанг бўлиши кутилмоқда. Учрашувда дуранг қайд этиладиган бўлса (ва Нидерландия ҳеч бўлмаганда дуранг қайд этса), Эквадор плей-оффга йўл олади. Демак, Сенегалга фақат ғалаба зарур. Эквадорни эса дуранг ҳам қониқтиради. Бироқ, улар ҳам 2-ўринни эгаллаш ниятида эмас. Чунки A гуруҳида 2-ўринни олган жамоа плей-оффда B гуруҳида 1-ўринни эгаллаган жамоа билан тўқнаш келади.

Ҳозирда Эквадор ва Нидерландия терма жамоаларида очколар сони ҳам, тўплар нисбати ҳам тенг. Иккаласи ҳам ғалаба қозонадиган бўлса, албатта, ҳаммасини тўплар нисбати ҳал қилади. Нидерландиянинг Қатарга кўпроқ гол уриши, Эквадорнинг Сенегалга кўпроқ гол киритишидан осонроқдек кўринади. Бундан ташқари, Қатарда мотивация қолмаган бўлса, Сенегал терма жамоаси охирги турда Эквадордан устун келиш ниятида ўйинга тушади.

Нидерландияга келадиган бўлсак, назарий жиҳатдан, Қатарга енгилса, гуруҳдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Бунинг учун Нидерландия камида иккита тўп ўтказиб юбориши ҳамда Эквадор — Сенегал учрашувида дуранг қайд этилиши (айтайлик, Нидерландия иккита тўп ўтказиб юборса) ёки сенегалликлар минимал ҳисобда ғалаба қозониши керак. Бироқ бу эҳтимолликдан анча йироқ ҳодиса. Нидерландиянинг гуруҳда нечинчи ўринни олиши — бу бошқа масала. Аммо юқорида айтиб ўтганимиздек, нидерландларнинг Қатар дарвозасига голлар уриши, Эквадорнинг Сенегал дарвозасига бир неча бор йўл топишига қараганда яқинроқ ҳодисадек кўринади. Катта эҳтимол билан, Нидерландия гуруҳда биринчи ўринни эгаллайди. Хўш, иккинчи ўрин-чи? Сенегалми ёки Эквадор? Барчасини ўзаро «жанг» ҳал қилади.

B гуруҳи


B гуруҳида ҳаммаси ўзгача. Гуруҳда ҳар бир жамоада очколар сони ҳар хил бўлса-да, ҳаттоки 1 очкоси бор Уэлс терма жамоасида ҳам имконият мавжуд. Бироқ, эҳтимол, унинг имкониятлари фақат назарий жиҳатдан мавжуддир. Чунки сўнгги турда Уэлс терма жамоаси Англия билан учрашади. Воқелар ривожи Уэлс учун омадли келиб, улар Англияни енгган тақдирда, плей-оффга чиқиш учун Эрон — АҚШ баҳсида дуранг қайд этилиши керак. Шунда Уэлс тўплар нисбати бўйича Эрондан озгина устун бўлган ҳолда кейинги босқичга чиқиши мумкин. Уэлснинг имкониятлари шу сценарий билан чегараланади.

Англия терма жамоаси ўтган турнинг ўзидаёқ плей-офф масаласини ҳал қилиши мумкин эди, аммо АҚШ билан бўлган учрашувдаги нурсиз дуранг, эҳтимол, буни фақат ортга сургандир. Чунки Англиянинг кейинги босқичга чиқиши учун дуранг ҳам етади. Аммо Англия гуруҳда 2-ўринни эгаллашни хоҳламаса керак. B гуруҳда 2-ўринни эгаллаган жамоа A гуруҳининг пешқадами билан тўқнаш келади. Бу терма жамоа, катта эҳтимол билан, Нидерландия бўлади. Демак, Англия ҳам 3-турда ғалаба учун ўйнайди.

Аммо ушбу гуруҳдаги энг қизиқарли баҳс Эрон — АҚШ учрашуви бўлиши кутилмоқда. Аслида бу учрашувнинг қизғин бўлиши, чемпионат бошланмасиданоқ маълум эди (сиёсий сабабларга кўра), гуруҳдаги ҳозирги вазият эса ушуб ўйиннинг кутилганидан ҳам шиддатли бўлишини таъминлайди. АҚШ терма жамоаси бироз эҳтиёткор ўйин таклиф қилиши мумкин, лекин эронликлар бунга рози бўлмаслиги аниқ. Эрон терма жамоаси дуранг билан ҳам кейинги босқичга чиқиши мумкин, аммо АҚШга бунинг учун фақат ғалаб керак. A гуруҳидв «интрига»га бой учрашув деб Эквадор — Сенегал баҳсини айтган бўлсак, ушбу гуруҳда айнан Эрон — АҚШ қарама-қаршилиги таассуротларга бой бўлиши кутилмоқда.

Гуруҳда фақат Англияни ва Эронни дуранг қаноатлантириши мумкин, лекин АҚШ ва Уэлсга фақат ғалаба керак. Гуруҳда катта эҳтимол билан Англия 1-ўринни олади. Агар бу турда ҳам сенсация кўрсак (айтайлик, Англия дуранг ўйнаса ва Эрон ғалаба қозонса), Эрон ҳам 1-ўринда бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, Англия — 1, АҚШ — 2-ўрин кўринишидаги сценарий ҳам яшашга ҳақли.

C гуруҳи


Ушбу гуруҳдаги вазият ҳам B гуруҳдагисига ўхшаш — ҳаммада имконият бор. Фақат бундай имконият Мексикада анча камроқ. Охирги турда Полша Аргентина билан, Саудия Арабистони эса Мексика билан учрашади.

Хўш, бу ерда эҳтимолий сценарийлар жуда кўп. Энг биринчи хаёлга келадигани: иккала ўйинда ҳам дуранг — Полша ва Аргентина плей-оффда.

Кейингиси: Аргентинанинг Полша устидан ғалабаси, Саудия Арабистони ва Мексика ўртасидаги баҳсда мексикаликларнинг минимал ҳисобдаги ғалабаси — Аргентина, Полша кейинги босқичда. Ёки Саудия Арабистонининг ғалабаси ва саудияликлар плей-оффда.

Бошқа вариантларни санаб ўтирмаймиз, гуруҳда ҳаммага ғалаба керак. Ҳозир 1-ўринда турган Полша гуруҳда қолиб кетиши ҳам мумкин. Мексикачи? Унинг имкониятлари қандай? Агар Мексика Саудия Арабистонини мағлуб эта олса ва Полша Аргентинани ютса — ана шунда улар плей-оффга чиқиши мумкин. Полша — Аргентина учрашувида дуранг қайд этилса-чи? Унда Мексика Саудия Арабистонини камида 3:0 ҳисобида мағлуб этиши керак. Агар аргентиналиклар ғалаба қозонса, мексикаликлар ундан ҳам каттароқ ҳисобда ютишлари керак бўлади. Аммо унгача бошқа савол турибди: Мексика Саудия Арабистонини енга оладими? Бу галги Мексика эҳтимол енга олмас, чунки ҳозирги таркибда ёрқин ҳужумчилар етишмайди. Бундан ташқари саудияликлар ҳам майдонга ғалаба учун тушишлари аниқ.

Полша ва Аргентина терма жамоалари плей-оффни кафолатлаш учун ҳам бир-бири билан жиддий жанг олиб боради. Демак, ҳаттоки ушбу жуфтликдаги битта жамоа гуруҳдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Саудия Арабистони учун Полшанинг ғалабаси анча қулайроқ, чунки бундай вазиятда саудияликларни Мексика билан дуранг ҳам қондиради.

Демак, C гуруҳидаги вазият қуйилагича: Аргентина ва Полша дуранг учун эмас, ғалаба учун ўйнашади, чунки параллел тарзда кечаётган учрашувда Саудия Арабистони ғалаба қозониб, ўринлардан бирини илиб кетиши мумкин. Аргентинанинг мотивацияси осон изоҳланади — улар муваффақиятсиз кечган 1-турни ювиш учун ҳам, гуруҳда биринчи ўринни олиш учун ҳам интилишади. Полшага дуранг нега қулай эмас? Чунки ўйин давомида дуранг жуда ноқулай, рақиб кутилмаганда битта гол уриб ғалабани илиб кетиши мумкин. Полша ҳеч бўлмаганда битта гол уришга ҳаракат қилади.

Мексиканинг иккита ўриндан биттасини эгаллашини «фантастика» деб баҳоласак, қолган учта жамоада имкониятлар деярли бир хил.

D гуруҳи


Франция терма жамоаси ўзи учун плей-офф масаласини олдиндан ҳал қилиб қўйди. Мураббий энди энг керакли футболчиларни кейинги учрашувга асраб, ўзи билан олиб келган бошқа ўйинчиларга ҳам имкони бериши мумкин. Очколар сони, тўплар нисбати шундай қилишга бемалол имкон беради.

Навбатдаги турда французлар Тунис терма жамоаси билан тўқнаш келади. Австралия терма жамоаси эса Дания билан ўйнайди. Францияга қарши ўйинга Тунис қандай кайфият билан тушар экан? Тунисда имконият бор, лекин кам. Чунки агар Австралия ғалаба қозонса, Туниснинг ғалабаси аҳамиятсиз бўлиб қолади. Бордию, Австралия — Дания учрашувида дуранг бўлса, Тунис мўжиза ярата олса, жамоа плей-оффга йўл олиши мумкин. Очиғини тан олайлик, бу ерда «агар»лар ҳаддан ортиқ кўп.

Дания терма жамоасида имкониятлар Тунисдагидан яхшироқ. Дания терма жамоасининг плей-оффга чиқиши чиқмаслиги ўзининг қўлида. Фақат бунинг учун ғалаба қозониш керак. Дуранг фақат Австралияни қаноатлантириши мумкин. Демак гуруҳда асосий жанг Австралия ва Дания терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.

Франция терма жамоаси гуруҳда 1-ўринни деярли кафолатлаган — тўплар нисбати жуда яхши. D гуруҳида 1-ўринни олган жамоа плей-оффда C гуруҳида 2-ўринни олган жамоа билан тўқнаш келади. Бу Саудия Арабистони, Полша ёки Аргентина бўлиши ҳам мумкин. D гуруҳида 2-ўринни олган терма жамоа эса C гуруҳининг пешқадами билан куч синашади.

E гуруҳи


E гуруҳида ҳам жуда қизиқарли ўйинлар бўлди ва кутилмаган натижалар қайд этилди. Япония Германияни, Коста-Рика эса Японияни мағлуб этди. Коста-Риканинг 1-турда рекорд ҳисобдаги мағлубиятидан сўнг, бундай натижани кўпчилик кутмаган эди. Агар Испания — Германия учрашувида немислар ғалаб қозонишганида гуруҳда ноодатий мувозанат юзага келган бўларди. Аммо гуруҳдаги энг кам очкони Германия терма жамоаси жамлаган. 3-турда улар Коста-Рика билан баҳслашади. Коста-Рика терма жамоаси Германияга жанг таклиф қила оладими? Агар ушбу баҳсда Германия камида 2:0 ҳисобида юта олса, Япония учун Испания дуранг ҳам ёрдам бера олмаслиги мумкин.

Агар Япония ютиб қўйса-чи? Унда японияликлар гуруҳда 1-ўринга кўтарилиб олишади ва Германия гуруҳда қолиб кетади. Испанияда тўплар нисбати жуда яхши. Шунинг ҳисобига улар мағлубиятга учраб ҳам кейинги босқичга чиқишлари мумкин. Аммо испанияликлар фақат битта сценарийга кўра гуруҳда қолиб кетишлари мумкин: Коста-Риканинг Германия устидан ғалабаси ва Испаниянинг Японияга мағлубияти. Бундай эҳтимолий сценарийни фантастик фильмларга қиёслаш мумкин. Иккала «фаворитнинг» бир вақтда мағлубиятга учраши, нейтрал футбол мухлислари учун ҳақиқий байрамга айланиши мумкин.

Эҳтимоли катта бўлган сценарийга қайтамиз: Испания ғалаба қозониб, гуруҳда 1-ўринни нақд қилиши ва Коста-Рика Германия билан дуранг қайд этиб (сенсацияларга ҳам ўрин қолдирайлик), гуруҳдан чиқиши мумкин. Ёки Германия ғалабага эришиб, Испания билан бирга гуруҳдан чиқиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, ушбу гуруҳда кескинлик кучли ва барча жамоа учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур.

F гуруҳи


F гуруҳида навбатдаги босқичга чиқа олмаслиги 2-турдаёқ маълум бўлган Қатардан кейин иккинчи жамоа мавжуд — Канада терма жамоаси икккала турда битта ҳам очко тўплай олмади. Белгия эса 2-турда Марокашга енгилди. Охирги турда Канада — Марокаш, Белгия — Хорватия қарама-қаршиликларининг гувоҳи бўламиз.

Хўш, 2-турда Канада дарвозасига 4 та гол киритган Хорватия терма жамоасидан бошлаймиз. Хорватлар белгияликлардан кучлироқ кўринмоқда. Ҳар ҳолда Хорватия терма жамоаси ҳужумларда кескинроқ ўйнамоқда. Аммо Белгия терма жамоасига кейинги босқичга чиқиши учун фақат ғалаба керак. Бироқ, Белгия мураббийси бу сафарги ўйинда нимадир ўйлаб топмаса, хорватияликлар жамоани аяб ўтиришмаса керак. Ўз-ўзидан, Хорватия гуруҳда пешқадам бўлиш учун асосий даъвогар.

Канада — Марокаш баҳсида канадаликлар қандай ўйин кўрсатишади, бир нарса дейиш қийин, аммо Марокаш терма жамоаси, иложи бўлса, гуруҳда 1-ўринни ҳам қўлга киритишга ҳаракат қилади. Чунки F гуруҳида 2-ўринни олган жамоа E гуруҳида 1-ўринни қўлга киритган жамоа билан тўқнаш келади. Бу эса катта эҳтимол билан Испания бўлади. Марокаш кейинги босқичга чиқиши учун аслида дуранг ҳам етади. Чунки нариги ўйинда Хорватия ютса ҳам, Белгия ютса ҳам, ҳатто дуранг бўлса ҳам жамоа 2-ўринни сақлаб қолади. Марокаш фақат Канадага мағлуб бўлсагина гуруҳда қолиб кетиши мумкин. Аммо гуруҳда ким биринчи ўринни эгаллайди, шуниси қоронғу.

Гуруҳда 1-ўринни эгаллаган жамоа Е гуруҳида 2-ўринни олган жамоа билан тўқнаш келади. Бу жамоа эса Германия бўлиши ҳам, Япония бўлиши ҳам, Испания ёки Коста-Рика бўлиши ҳам мумкин.

Гуруҳда, катта эҳтимол билан, Хорватия 1-ўринни, Марокаш эса 2-ўринни эгаллаши мумкин.

G гуруҳи


Бразилия ҳам иккита турда ғалаб қозониб, плей-офф босқичига чиқиш масаласини муддатидан олдин ҳал қилди. Бразилияликлар сўнгги турда Камерун терма жамоаси билан учрашади. Камерун ҳам жанг таклиф қила оладиган жамоа ва уларда озгина бўлса ҳам умид бор. Бу учрашувга параллель тарзда Сербия — Швейцария учрашуви бўлиб ўтади. Швейцария терма жамоаси учун дуранг ҳам кифоя, агар албатта ҳаммани ҳайратда қолдириб, Камерун терма жамоаси Бразилияни ютиб кетмаса. Бундай ҳолатда Камерун терма жамоаси 2-ўринга кўтарилиб олади. Бироқ Бразилияни ютиш анча мушкул бўлса керак. Бундан ташқари, сербияликларда ҳам имконият бор, ҳозир охирги ўринда турган бу жамоа Швейцарияни ютиб ҳам плей-оффга чиқиб кетиши мумкин. Демак, гуруҳда асосий эътибор Сербия — Швейцария ўйинига қаратилади. Албатта, Камеруннинг бразилияликлар билан баҳсини унутмаган ҳолда.

Агар гуруҳда 1-ўринни Бразилия деярли нақда қилганини ҳисобга олсак, қолган жамоалар сўнгги турда 2-ўрин учун кураш олиб боришади. Бразилия плей-оффда H гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоа билан тўқнаш келади. Бу Гана, Корея ёки Уругвай терма жамоаси бўлиши мумкин. G гуруҳида 2-ўринни олган жамоа, яъни, Швейцария, Сербия ёки Камерун H гуруҳида 1-ўринни эгаллаган жамоа — яъни, Португалия терма жамоаси билан баҳс олиб боради.

H гуруҳи


H гуруҳида Португалия терма жамоаси 1-ўринни деярли кафолатлаб қўйди. Демак, қолган битта ўрин учун учта жамоада ҳам имконият бор. Аммо имкониятлар даражаси ҳар хил. Гана 3-турда Уругвай билан баҳс олиб боради. Португалия эса Корея терма жамоасига қарши ўйинга тушади. Фараз қилайлик, кореяликлар Португалияни ютса ва Уругвай Ганани ютса — Уругвай ва Кореянинг тўплар нисбатига қаралади. Демак ким кўп гол уришига боғлиқ.

Келинг, эҳтимолликка яқинроқ сценарийни оламиз: Португалия — Корея баҳсида ҳам, Уругвай — Гана қарама-қаршилигда ҳам дуранг. Бундай ҳолатда гуруҳдаги ҳозирги ҳолат ўзгармайди. Гана ҳозир Уругвай билан нафақат дуранг ўйнай оладиган, балки уни мағлуб эта оладиган жамоа сифатида ҳам таассурот уйғотмоқда. Яъни Корея Португалияни ютган тақдирда ҳам, Гананинг Уругвайга осонгина таслим бўлиши қийин. Шу ўринда, Уругвай ҳам гуруҳда қолиб кетишни ўзлари учун «шармандалик» деб билишади. Одатда иккала томонда ҳам мотивация кучли бўлса, жанговар дуранг қайд этилади. Аммо, айтайлик, Уругвай терма жамоаси ғалаба қозонди, Португалия ва Корея дуранг ўйнади ёки Португалиянинг ғалаба қозонди — бундай ҳолатда, албатта, плей-оффга Уругвай терма жамоаси йўл олади. Демак, асосий кураш Гана ва Уругвай терма жамоалари ўртасида бўлади. Ушбу жамоалар ўртасида дуранг қайд этилса ёки Уругвай битта тўп фарқи билан ғалаба қозонсагина, Корея терма жамоасида имконият бўлиши мумкин. Унда ҳам, юқорида айтганимиздек, Корея Португалияни ютиши керак.

Демак 3 та жамоага ғалаба жуда зарур (Португалияга 1-ўринда қолиш учун дуранг ёки минимал ҳисобдаги мағлубият ҳам кифоя қилади). Ушбу гуруҳ пешқадами плей-оффда G гуруҳдаги 2-ўринни эгаллаган жамоа билан учрашади, плей-оффга йўлланмани қўлга киритган иккинчи жамоа эса (эҳтимол, Гана ёки Уругвай), катта эҳтимол билан, Бразилия терма жамоасига дуч келади.

Кўриб турганингиздек, бизни олдинда ажойиб учрашувлар кутмоқда. Айниқса, мана шу 3-тур баҳслари ЖЧ-2022`нинг энг қизғин палласи бўлиши мумкин.