G гуруҳидан жой олган Бразилия — Швейцария баҳсида «пентакампеонлар» минимал ҳисобда ғалабага эришишди. H гуруҳидаги Португалия — Уругвай қарама-қаршилигида эса португаллар 2:0 ҳисобида «селеста»ни мағлуб этди. Ғолиб бўлган иккала терма жамоа ҳам 2 тур ичида 6 очко жамғариб, гуруҳдан чиқиш масаласини олдиндан ҳал қилиб қўйишди.

Бразилия — Швейцария 1:0

Бразилия — Швейцария учрашуви Доҳадаги «974» стадионида бўлиб ўтди. Ўйинни томоша қилиш учун стадионга 43 649 нафар мухлис ташриф буюрди. 1-турда бразилияликлар Сербия терма жамоасини, Швейцария эса Камерун терма жамоасини мағлуб этган эди.

Ушбу икки терма жамоа ўртасидаги баҳсда йўлланган зарбалар бўйича Бразилия пешқадам бўлди — 8:2. Швейцария терма жамоаси Бразилия дарвозасига бирорта ҳам аниқ зарба йўллай олмади. Бразилияда эса аниқ зарбалар сони 5 та бўлди. Швейцария дарвозабони ўйин давомида 4 та сейв амалга оширди.


1-таймда дарвозабон Янн Зоммер ўз жамоасини бир неча бор қутқарди. Айниқса, 27-дақиқада Винисиусда гол киритиш учун жуда яхши имконият бор эди, бироқ Зоммер ўзининг сейвини амалга оширди. 1-таймнинг охирида, 44-дақиқада стадионда чироқ ўчди, кўп эмас, атиги 8 сонияга. Жуда қизиқ ҳолат. Бу ўйинга таъсир қилмади, узилишлар бўлмади. Аммо 1-тайм 0:0 ҳисоби билан якунланди.

Ўйиннинг 64-дақиқасида Винисиус ўйинда ҳисобни очган эди. Аммо орадан бироз вақт ўтгач, ҳакам голни бекор қилди — яна VAR, яна ўйиндан ташқари ҳолат. Замонавий футболда ўйинчилар голдан кейин уни нишонлашга ҳам қўрқадиган бўлишган. Жуда кўп ҳолатларда VAR тизими голни бекор қилаётганлигини кўрмоқдамиз.

Аммо Бразилия терма жамоаси охир-оқибат ўз мақсадига эришди. 83-дақиқада Каземиро Швейцария дарвозасини ишғол қилиб, учрашувдаги ягона гол муаллифига айланди. Ҳисоб — 1:0.


Ҳакам ўйинга 6 дақиқа вақт қўшиб берди, аммо ушбу дақиқаларда ҳеч нарса ўзгармади. Бразилия ўз очколари сони 6 тага етказиб олди ва плей-офф масаласини ҳал қилди. G гуруҳида айни дамда Бразилиядан кейинги ўринларни Швейцария (3 очко), Камерун (1 очко), Сербия (1 очко) эгаллаб турибди.

3-турда Швейцария терма жамоаси Сербия билан тўқнаш келади. Бразилия эса Камерун билан куч синашади.

Португалия — Уругвай 2:0

Португалия — Уругвай учрашуви Лусаил шаҳрида ушбу ном остидаги стадионда, 88 668 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. 1-турда Гана терма жамоасини енгган Португалия бу гал Уругвай терма жамоаси синовидан ўтди. Уругвайликлар ўтган турда Корея терма жамоаси билан нурсиз дуранг қайд этган эди. Ушбу баҳсда қайсидир жамоани яққол пешқадам бўлди дейиш қийин. Бироқ, айнан португалияликлар вазиятлардан унумди фойдалана олишди.

Уйин давомида жамоалар 18 марта зарба беришди, бу борада ҳисоб — 9:9. Аниқ зарбалар бўйича ҳам кучлар тенг — 3:3.

1-таймда гол собир бўлмади, жамоалар тенг кучдаги ўйинни намойиш этишди. 55-дақиқада Португалия терма жамоаси ҳисобда олдинга чиқиб олди — 1:0. Гол урилган вазиятда жуда қизиқ ҳолат юз берди. Бруну Фернандеш тўпни ҳаволатиб дарвозага йўллади (бошида жарима майдончаси ичига юборилган узатмадек кўринди), жарима майдончаси ичига югуриб кирган Криштиану Роналду тўпни боши билан дарвозага йўналтирмоқчи бўлди, шундай қилдим деб ўйлади ҳам — гол! Криштиану Роналду голни нишонламоқда. Аслида голни Фернандеш киритдими, Роналду киритдими, бироз тушунарсиз. Такрор кўрсатилган кадрларда эса тўп Роналдунинг бошига тегмаганини кўриш мумкин. Аммо бу ерда Роналдунинг ҳам ҳиссаси катта — у Уругвай дарвозабонини чалғитди. Португалияликлар 1:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди.


Бироздан сўнг ушбу тўп Бруну Фернандешнинг ҳисобига ёзиб қўйилди.

Ўйиннинг 90-дақиқасида уругвайлик футболчи жарима майдончаси ичида қўли билан ўйнади. Аниқроғи Бруну Фернандеш жарима майдончаси ичига кираётиб, тўпни ҳимоячининг оёқлари орасидан ўтказиб юбормоқчи бўлди, ҳимоячи эса мувозанатни йўқотиб, қўли билан майдонга қулаётганида тўпни қўлиб билан тўхтатиб қўяди. Ҳакам ушбу вазият кадрларини шахсан ўзи кўриб чиқди ва Уругвай дарвозаси томон пеналти белгилади. Зарбани Бруну Фернандешнинг ўзи амалга оширади. Роналду бироз олдин заҳирага олинган эди. Ва Фернандеш ушбу баҳсдаги иккинчи голини киритмоқда — дубль! Ҳисоб — 2:0.


Пеналтир амалга оширилгунига қадар 93-дақиқа бошланиб бўлган эди, ҳакам айни дамда ўйинга 9 дақиқа вақт қўшганини эълон қилди. Ўйинда 2:0 ҳисоби сақланиб қолинди. Португалия 6 очко жамғариб, гуруҳ босқичидан чиқди. H гуруҳидан жой олган Гана терма жамоасида айни дамда 3 очко мавжуд, Корея Республикаси ҳамда Уругвайда эса 1 очкодан бор.

3-турда Португалия терма жамоаси Корея Республикаси билан баҳс олиб боради, Уругвай эса Гана билан курашади.