Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида хорижлик фуқаролар учун Uzbek school тайёрлов курслари мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Мактаб курсларида ўзбек тили ўрганувчилар хоҳишига кўра кичик, ўрта гуруҳларда ёки индивидуал ўргатилади. Очилиш маросими давомида университет ўқитувчилари томонидан яратилган «Хорижликлар учун ўзбек тили» дарслигининг тақдимоти ҳам бўлди.

А1 даража учун мўлжалланган ушбу дарслик оддийдан мураккабга томон мантиқан узвийликда тузилган 12 мавзудан иборат бўлиб, тингловчи ҳарфлардан жумла тузишгача бўлган ёзиш, гапириш, ўқиш, тинглаш кўникмаларни эгаллашга имкон беради.

«Китобга илова этилган аудио-визуал материаллар ўзбек тили фонетикасининг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, матнларда акс этган диалоглар орқали турли ситуатив ҳолатларда ишлатиладиган лексик қатлам билан танишади. У нафақат ўзбек тилини, балки ўзбек маданиятини ҳам ўрганишга ёрдам беради», — дейилади хабарда.


Таъкидланишича, мактаб очилгунга қадар, яъни беш йилдан буён синов тариқасида университет қошида фаолият юритаётган хорижликларга ўзбек тилини ўргатиш курсларида 300 дан ортиқ чет эл фуқаролари, жумладан, Корея, Хитой, АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон, Япония, Германия, Франция каби давлатлар фуқаролари ўзбек тилини муваффақиятли ўрганишган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 21 октябрь — ўзбек тили байрами муносабати халққа йўллаган табригида «ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш»га чақирганди. Шкнингдек, давлат раҳбари, мамлакатда яшаётган турли миллат вакиллари ва чет элликлар учун махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар ҳажмини ошириш бўйича ишларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаганди.