Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини 21 октябрь — ўзбек тили байрами муносабати билан табриклади.

«Кейинги йилларда мамлакатимизда янгича руҳда кенг нишонланаётган бу байрамнинг алоҳида файзи ва шукуҳи борлигини барчамиз яхши биламиз. Ушбу қутлуғ санада миллий қадриятларимиз гултожи бўлган она тилимизнинг тарихимиз ва тақдиримиз, бугунги ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини, уни ривожлантириш борасида олдимизда турган долзарб вазифаларни янада чуқур ҳис этамиз», — дейилади табрикда.

«Тил соҳасидаги амалий ишлар шарофати билан ўзбек тили нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда», — дея таъкидлади президент. «Ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида олдимизда катта ва масъулиятли вазифалар турганини барчамиз яхши англаймиз».

«Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакиллари ва чет эл фуқароларида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ва эътибор ортиб бораётганини ҳисобга олиб, улар учун махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар ҳажмини ошириш бўйича ишларни янада кучайтиришимиз зарур», — дея қайд этди у.

«Ўзбек тили жонажон Ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши, унинг жозибадорлигини ошириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз, бу мақсадда нафақат маънавий, шу билан бирга, моддий рағбатлантириш чораларини ҳам кенг қўллашимиз даркор. Хусусан, тилшунос ва луғатшунос олимларимизнинг, шоир-адибларимизнинг ушбу соҳадаги машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг илмий тадқиқотлари, дарслик ва қўлланмалари, китоб ва рисолаларини давлат буюртмаси шаклида нашр этиш ва кенг жамоатчиликка етказиб бериш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур», — деди у.

Шавкат Мирзиёев давлат тилига оид барча маълумотларни ўзида жамлаган Ўзбек тили миллий корпусини яратишни тезлаштириш, она тилимизни Интернет глобал тармоғида оммалаштириш ва ушбу маконда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлаш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш ишларини жадаллаштиришни ҳам долзарб вазифа сифатида санаб ўтди.

Давлат раҳбари яқин келгусида асосий вазифаси чет элларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институти фаолияти йўлга қўйилишини маълум қилди.

Президент, шунингдек, бугунги кунда мамлакатда 150 та миллий маданий марказ иш юритаётгани, ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, мактабларда таълим-тарбия жараёни 7 та тилда олиб борилаётгани дунё амалиётидаги ноёб тажриба эканини таъкидлаб ўтди.

«Юртимизда чет тилларга ихтисослашган ҳамда ўқув машғулотлари хорижий тилларда ўтиладиган таълим масканлари сони ортиб бораётгани ҳам шу соҳадаги муҳим ўзгаришлар натижасидир», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади», — дейилади табрикда.