28 ноябрь куни Бухоро вилояти судида 1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган тартибсизликларда қатнашганликда гумонланган 22 кишига нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди. «Газета.uz» мухбири суд мажлисининг ОАВ вакиллари учун ажратилган қисмида иштирок этди. Суд олдидан Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов судланувчилар қайси моддалар бўйича айбланаётганини сўзлаб берди.

Даставвал қорақалпоғистонлик судья Елубай Абибуллаев иш қатнашчиларига қонунчилик бўйича тартибни тушунтириб ўтди. Шундан сўнг, судланувчиларнинг шахсига ойдинлик киритишга ўтилди. Аввалига мазкур ишдаги асосий гумонланувчилар Даулетмурат Тажимуратов, Азамат Турданов ва Лолагул Қаллиханованинг шахси аниқланиб олди. Муҳокамалар жараёни қорақалпоқ тилида олиб борилди.

Айбланаётганлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси бўлими бошлиғи Полат Шамшетов, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат университети ўқитувчиси Разбек Бекмуратов, Мўйноқ туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси, блогер Азамат Нуратдинов, Нукус олимпия захиралари коллежи директори Азамат Турдановлар ҳам бор.


Фото: Олий суд.

Айблов хулосасига кўра, Нукус шаҳридаги тартибсизликлар натижасида 6 млрд 681 млн 247 минг 508 сўм моддий зарар етказилгани айтилди.

Туш вақтига яқин томонларнинг эътироз ҳамда илтимослари сабабли судьялар маслаҳатлашувга кириб чиқишди. Хусусан, Даулетмурат Тажимуратов ўзининг ҳибсга олинишини ноқонуний деб билишини айтди. Шунингдек, у суддан қўшимча гувоҳларни олиб келишни сўради. Суд бу талабни қондирди. Асосий гувоҳлар гапиргандан кейин улар сўроқ қилинади.

Суд унинг Қуръони Каримни келтириш бўйича сўровига «бу каби юридик механизм қонунчиликда мавжуд эмас»лиги боис рад жавобини берди.

Маслаҳатлашувлар вақтида эса гумондорлар ўз яқинлари, оила аъзолари билан навбатма-навбат қисқа суҳбатлар ўтказди. Бироқ, судда барча судланувчиларнинг яқинлари ҳам иштирок этмади.

Ундан сўнг судья Ебулай Абибуллаев илтимос ва эътирозларни кўриб чиққач, суд жараёнининг асосий қисмига ўтилишини маълум қилди. Шунга кўра, суд ишида соат 14:00 гача танаффус эълон қилинди. Суд иши тушликдан сўнг, ўз ишини давом эттирди.

Прокуратура ўз айбловини ўқиб эшиттирди. Унга мувофиқ, Даулетмурат Тажимуратов, унинг шериклари Азамат Турданов, Лолагул Қаллиханова ва бошқалар Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилган. Шу жумладан, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгартирилишига қаршиликларини билдириб, интернет тармоқларида кенг тарқатгани ва аҳолини шунга тарғиб қилгани, унинг ортидан намойишлар бошланиб кетгани айтилди.