26 ноябрь куни Андижон вилоятида автобус ҳамда юк машинаси тўқнашувига йўлда ўзбошимчалик билан қайта таъмирлаш ишлари борилгани сабаб бўлгани аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Андижон вилояти ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга молик А373 «М39 автойўли-Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали-Ўш» автомобиль йўлининг 388−389-километрлари оралиғида 18 ноябрдан буён Rezina Optima Standart компанияси томонидан йўлнинг бир томонида ДЙҲХХ органлари билан келишилмасдан таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу сабабли транспорт воситаларининг ҳаракати қарама-қарши томонидан ташкил этилган.

26 ноябрь куни соат 08:40 ларда мазкур ҳудудда Isuzu автобуси ҳайдовчиси (1993 йилда туғилган Ж. А.) бир томонлама ташкил этилган йўлда ҳаракатланаётиб, қуюқ туман тушгани ва кўриниш масофаси чеклангани учун ҳайдовчи А. А. (1985 й. т.) бошқарувидаги Howo русумли юк автомобили билан тўқнашган.

Ҳодиса натижасида 3 нафар автобус йўловчиси вафот этган, 38 киши жароҳат олиб, жами 31 нафар фуқаро, жумладан юк автомобили ҳайдовчиси ҳам турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан жиноят қодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.