Президентнинг ҳудудлардаги халқ қабулхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилмоқда, деб хабар беради ЎзА давлат раҳбари қарорига таяниб (ушбу хабар кейинроқ биринчи манбадан ўчириб ташланган).

Мазкур янгилик ҳужжатда «ҳудудлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва жойлардаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда тезкор чоралар кўриш зарурлиги» билан изоҳланади.

Президент Администрацияси раҳбарининг ёрдамчилари бевосита ҳудудларда ишлайди. Ушбу лавозимлар Халқ қабулхоналари мавжуд ходимларини қисқартириш ҳисобига жорий этилмоқда.

Сўнгги пайтларда «уларнинг фаолияти етарлича самара бермаяпти, жойларда муаммоларни ҳал этишда сусткашликка йўл қўймоқда ва асосан қоғозбозлик билан шуғулланмоқда, бу эса аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда», — деб ёзади ЎзА.

Қарорда ушбу муаммони ҳал этиш учун халқ қабулхоналари институтини мустаҳкамлаш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган.

ПА раҳбари ёрдамчилари штати ташкил этилишидан ташқари, Халқ қабулхоналари ходимларига жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларига мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий баённомалар тузиш ва уларни судга юбориш ҳуқуқи берилди.

Қарор билан, шунингдек, президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари (бунга қадар Турсинхан Худайбергенов маслаҳатчи бўлган) ҳамда давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича (вакант эди) маслаҳатчилари лавозимлари ҳам бекор қилинди. Улар негизида президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ташкил этилди. Унга яқинда Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими Ғофуржон Мирзаев тайинланди.

Қайд этилишича, ўзгартиришлардан кўзланган мақсад «давлат ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги тизимини йўлга қўйиш, давлат органларида мурожаатларни кўриб чиқишга замонавий ёндашувларни жорий этиш, жойлардаги муаммоларнинг ҳал этилиши устидан самарали назорат ўрнатишдан иборат».

Февраль ойида собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов (ҳозирда президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси) Ўзбекистонда беш йил ичида давлат бошқаруви органлари сони қарийб икки баравар кўпайгани ҳақида хабар берган эди. Шундан сўнг у давлат аппаратини оптималлаштириш, вазирлик ва ҳокимликлар масъулиятини чегаралаш зарурлиги ҳақида гапирди, шунингдек, органларнинг вазифа ва функцияларининг бир-бирини такрорлаши, текширишлар мустақил эмаслиги, манфаатлар тўқнашуви ҳақида гапирганди.

Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон учун йирик давлат аппарати мос келмаслиги, чунки бу катта харажатларни талаб қилишини ҳам таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, асосий эътиборни иқтисодни ривожлантиришга қаратиш керак, бироқ кўп сонли давлат идоралари билан буни қилиш қийин бўлади. Вазир кўп соҳаларда давлатдан самаралироқ бўлган хусусий сектор билан дадил ишлаш зарурлигини таъкидлади.