Ўзбекистон президентининг фармони билан Худайбергенов Турсинхан Айдарович Президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари буйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов. Мазкур лавозим Президент администрациясида янги таъсис этилган.

Шу муносабат билан у президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.

Турсинхан Худайбергенов маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири вазифасини бажарувчиси лавозимидаги фаолиятини давом эттиради.

У 2010 йилнинг мартидан 2016 йил декабригача ФВВга раҳбарлик қилган. Ундан сўнг президентнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.

Турсинхон Худойберганов (1951 йилда туғилган) — Тошкент педагогика институти (1974 йил) ва СССР ИИВ Академияси (1982) битирувчиси. 1974−1999 йилларда ИИВда турли лавозимларда ишлаган. 1999−2001 йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, 2001−2006 йилларда — президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси, 2006−2010 йилларда эса Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.