Mimar Group қурилиш компанияси Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган мажмуасини қуриш лойиҳасининг бош пудратчиси ҳисобланади. Буни 25 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов тасдиқлади, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Аввал хабар берганимиздек, онкология маркази ҳамда унинг пойтахт ва Тошкент вилоятидаги филиалларини (у ҳам Тошкент шаҳрида жойлашган) ягона комплексга бирлаштириш режалаштирилмоқда. Бино 8 қаватдан иборат бўлиб, унда стационар даволаниш учун 650, кундузги стационар 100 ўрин мавжуд. Поликлиникаси эса 500 қатновга мўлжалланган.

Дастлаб президентнинг 2021 йил 21 майдаги қарорида кўзда тутилган янги жойга фақат Республика онкология ва радиология марказини кўчириш режалаштирилган эди. Унда марказ Тошкент тиббиёт академияси поликлиникасининг бўш бўлган ҳудудида (Олмазор туманидаги тиббиёт шаҳарчасида жойлашган «Янги ТошМИ») жойлашиши айтилган. Ҳужжатда бошқа онкологик клиникаларни бир комплексга бирлаштириш назарда тутилмаган.

Яқинда маълум бўлдики, ҳозирги шифохона бинолари «янги мажмуа қуриш харажатларини қоплаш учун» Е-auksion орқали онлайн ауционга қўйилади. Савдо бўйича аукционда ғолиб чиққан тадбиркор янги мажмуага кўчиб ўтиш тугагунига қадар икки ой давомида собиқ поликлиникалар ҳудудида ҳеч қандай қурилиш ишларини олиб бормаслик талаб этилади.

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бино ва иншоотларининг умумий майдони 39457,6 кв. м, у жойлашган 9,47 гектарлик ер участкаси бошланғич нархи 281,78 млрд сўм; шаҳар филиали (4,6 гектар ва 15891 кв.м) — 160,5 млрд сўм, Тошкент вилояти филиали (2,68 гектар ва 12298 кв. м) — 92,09 млрд сўм эвазига аукционга қўйилган.

Журналистларнинг такрорий саволларидан сўнг Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев қурилишни молиялаштириш учун объектларни сотиш тўғрисидаги қарор Вазирлар Маҳкамасининг 11-октябрдаги ёпиқ қарори (хизмат фойдаланиш учун ҳужжат) билан қабул қилинганини тан олди.

Koç Construction адвокати Наврўзбек Ғафаровнинг айтишича, ягона онкологик мажмуа қурилиши 1 апрелдан бошланган.

«Ҳукуматнинг тегишли қарори асосида Mimar Group компанияси билан энг яхши таклифларни танлаш асосида шартнома тузишга қарор қилинди. Буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги „Ягона буюртмачи хизмати“ белгилаган. Халқаро стандартларга жавоб берадиган объектни қуриш учун Koç Construction ҳамкорлик доирасида Mimar Group билан субпудрат шартномасини имзолади. Апрель ойидан бери қуряпмиз», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, таклифларни саралаш билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги комиссия шуғулланган, бироқ унинг таркибини ошкор эта олмади.

Соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш ва эксплуатация қилиш бошқармаси бошлиғи Шодиёр Маматқулов ҳам бу ҳақдаги қарор Вазирлар Маҳкамасининг 11 октябрдаги қарори билан тасдиқланганини таъкидлади. Қарор нима учун қурилиш ишлари бошланганидан олти ой ўтиб қабул қилинди, деган саволга у шундай жавоб берди: «Мен охирги чиққан қарорни эслатиб ўтдим, унгача ҳам бошқа қарор бор эди. Ҳар бир қарор бир-бирини тўлдиради».

Ҳукумат қарорининг тартиб рақамини айта олмаслигини, чунки «ёпиқ» эканини айтди. Журналистлар қарорда давлат ёки ҳарбий сирлар мавжуд эмаслиги сабабли уни ёпиб қўймаслик керак, деб эътироз билдиришди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов ойдинлик киритишга уриниб кўрди. Унинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг май ойида қабул қилинган (эслатиб ўтамиз, қурилиш апрель ойида бошланган) биринчи қарори Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ягона мажмуасини қуриш ҳамда ҳозирги марказни янги жойга кўчиришга тегишли эди.

«Ишчи гуруҳ учта шифохонани бир жойга жамлаш концепциясининг аҳамиятини инобатга олган ҳолда халқаро тажрибани ўрганди ва орадан икки ой ўтиб, июль ойида марказнинг яна иккита шифохонасини (пойтахт ва Тошкент вилояти филиалларини — таҳр.) қўшиш тўғрисида иккинчи қарор чиқди», — деб тушунтирди у.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари «Марказий Осиёда муқобили йўқ» бундай замонавий мажмуани қуриш учун ҳамма маҳаллий компаниялар ҳам етарли малакага эга эмаслигини таъкидлади.

«Ҳурматли президентимиз истисно тариқасида ҳукуматга энг яхши таклифни танлашга рухсат бериш ҳуқуқига эга. Сиз биздан яхши биласиз», — деди у.

Амрилло Иноятов Вазирлар Маҳкамасининг қарори ёпиқ эканлигини такрорлади. «Дастлабки маълумотлар»га таяниб, у мажмуа қурилишига 600 млрд сўм (тахминан 53,3 млн доллар) ажратилганини айтди. Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мажмуани технологик жиҳозлаш учун 80 млн доллар ажратилгани ҳақида хабар берган эди.

Mimar Group ҳақида

Компания сайтида келтирилган маълумотларга кўра, MIMAR Group — хусусий қурилиш компаниясига 2020 йили асос солинган бўлиб, йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга оширишга — турар жойлар қурилишидан тортиб, саноат ва ижтимоий объектларни қуришга ихтисослашган.

КТЯДРга мувофиқ, компания ўтган йилнинг июлида рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — тураржой биноларини қуришдан иборат. Таъсисчилар этиб, Алишер Абдубаситович Ғаниев (56,75%) ва Козимбек Ўткирович Яминов (43,25%) кўрсатилган, раҳбари — Ферузбек Давронов.

Компания шунингдек, 71 гектар майдонда Tashkent INDEX савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси комплексини қуриш лойиҳасини ҳам амалга оширган. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» боғи қурилиши, «Шаҳидлар хотираси» мажмуаси реконструкцияси, Чирчиқ дарёси ёқасида олимпия шаҳарчаси қурилиши ва бошқа лойиҳаларда иштирок этган. Қатор лойиҳаларни компания тендерсиз, ҳукуматнинг ёпиқ қарорлари асосида олган.

ОАВ маълумотларига Mimar Group Akfa гуруҳи компаниялари тузилмасига мансуб. Компания ўз табрикларида Тошкент ҳокими, Akfa асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаевни «ҳурматли устоз» деб атаган.