Олмазор туманидаги Шифокорлар кўчасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган комплекси барпо этилмоқда, дея хабар берди ССВ матбуот хизмати.

Янги комплекс таркибига:

  • Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази (Тошкент шаҳар Фаробий кўчаси 383-уй);
  • марказнинг пойтахт филиали (Тошкент шаҳар Боғистон кўчаси 1/71-уй);
  • марказнинг Тошкент вилояти филиали (Тошкент шаҳар Тахтапул дарвоза кўчаси, 341-уй) киради.

Бу ерда Тошкент шаҳри ва вилояти фуқаролари учун тиббий йўлланмасиз, бошқа ҳудудлардан келган беморлар учун йўлланма асосида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Бино 8 қаватдан иборат. Унда стационар даволаниш учун 650 ўрин бор. Кундузги стационар 100 ўринли. Поликлиникаси эса 500 қатновга мўлжалланган. Ягона комплексда 17 та янги клиник бўлим фаолияти йўлга қўйилади. Жумладан, мамлакатимизда илк бор суяк кўмиги трансплантацияси бўлими очилади.

«Онкология тизимини, жумладан, ушбу комплексни замонавий технологиялар билан жиҳозлашга 80 миллион доллар маблағ ажратилмоқда. Марказда 16 та реанимацион ва операцион хоналар энг сўнгги технологиялар билан таъминланади. Интенсив терапия бўлими юрак мониторлари, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари ва бошқалар билан жиҳозланган консолли функционал ётоқларга эга бўлади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, турли тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган 5 та онкология кафедраси бирлашиб, ягона методик марказга айланади. Илк бор ядро тиббиёти кафедраси ташкил этилади.

Комплексда 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали ишга туширилади. Бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқалари унинг ўрнини тўлдириши натижасида даво муолажаси узлуксизлиги таъминланади. Беморлар учун дори-дармон тайёрлаш ва етказишнинг янгича тизими амалиётга татбиқ этилади.

Муассаса ишга тушгунга қадар 100 нафардан мутахассис Корея Республикаси ва Туркияда малака оширади.

Бошқарув жараёнига турк ва корейс мутахассислари тавсиялари ва тажрибаси асосида замонавий менежмент тизими жорий этилади.

Янги комплекс 2023 йилнинг май ойида ишга туширилиши кутилмоқда. Шифохоналарнинг эски ҳудудлари янги комплексни қуриш харажатларини қоплаш учун «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали электрон-онлайн аукционга қўйилди (1, 2, 3).

Янги комплекс ишга тушганидан сўнг икки ой давомида муассасалардаги беморлар ва зарур ускуналарни кўчириш ишлари олиб борилади. Сотув аукционида ғолиб бўлган тадбиркорга янги комплексга кўчиш ишлари тўлиқ амалга ошмагунча икки ойгача бу ерда ҳеч қандай қурилиш ишларини амалга оширмаслик мажбурияти юкланади.