Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқотда Қосим-Жомарт Тоқаевни Қозоғистон президентлиги учун ўтказилган навбатдан ташқари сайловдаги ишончли ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда Оқ Ўрда матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Президентлар мулоқот чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклиги ва иттифоқчилигининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, бўлажак учрашувлар жадвали кўриб чиқилди», — дейилади расмий ахборотда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг қўшимча қилишича, «савдо, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги каби устувор йўналишларда ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган. Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган».

Оқ Ўрданинг қўшимча қилишича, Тоқаевни президент сайловидаги ғалаба билан биринчи бўлиб Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон табриклаган, шунингдек, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам Тоқаевни сайловдаги ғалаба билан қутлаган.

Экзит-полл натижаларига кўра, Қозоғистон президентлиги учун 20 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президент сайловида амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев сайловчиларнинг 80 фоиздан кўпроқ овозини олган. Тоқаевнинг сайловдаги асосий рақиблари уни ғалаба билан табриклади. Марказий сайлов комиссияси томонидан дастлабки расмий натижалар Тошкент вақти билан 10:00 да эълон қилинади.

Қайд этиш жоиз, мамлакат конституциясига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Тоқаев бир марталик етти йиллик муддатга сайланди.