20 ноябрь куни Қозоғистон Республикасида навбатдан ташқари президент сайловлари бўлиб ўтади. Сайлов жараёнларини ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ, ШҲТ, ТДТ, ИҲТ ва бошқа ташкилотлардан келган 641 нафар халқаро кузатувчилар, қарийб 50 давлатдан ташриф буюрган ОАВ вакиллари, шу жумладан «Газета.uz» мухбири Абдулло Ёдгоров ҳам бевосита кузатиб боради.

Якшанба куни 10 101 та сайлов участкаси фаолият кўрсатади. Шундан 86 таси маҳаллий вақт билан 6:00 да, қолганлари эса 7:00 дан очилади.

Номзодлар ҳақида

Қозоғистонликлар 6 нафар номзод орасидан ўзига келгуси 7 йилга мамлакат етакчисини танлаши лозим.


Фото: Tengrinews.kz.

Каракат Абден — «Профессионал ижтимоий ишчилар миллий альянси» республика жамоат бирлашмасидан номзод. Шиори: «Мен оила, жамият ва ватанга нима кераклигини биламан».

Қасим-Жомарт Тоқаев — оммавий-сиёсий кучларнинг Халқ коалициясидан. Шиори: «Адолатли давлат — адолатли иқтисодиёт — адолатли жамият».

Салтанат Турсинбекова — «Қозоқ оналари — анъаналарга йўл» республика жамоат бирлашмасидан. Шиори: «Мамлакатни сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги босқичига чиқиш».

Нурлан Ауесбаев — мухолифат Миллий социал-демократик партиясидан. Шиори: «Озодлик, Адолат, Бирдамлик!».

Жигули Дайрабаев — «Овул» Халқ демократик ватанпарварлик партиясидан. Шиори: «Бой қишлоқ — кучли давлат».

Мейрам Кажикен — «Омонат» республика касаба уюшмалари бирлашмасидан. Шиори: «Фаровонликнинг асоси бирликдир».

«Барчага қаршиман» графаси


18 ноябрь куни Kazmedia студиясида хорижлик журналистлар билан учрашувда Қозоғистон давлат маслаҳатчси Эрлан Карин навбатдан ташқари президент сайловларининг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтди.


Қозоғистон давлат маслаҳатчси Эрлан Карин. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Эртадан кейин бизда президент сайловлари бўлиб ўтади. Фуқароларда бошқа номзодлардан ташқари, ўз танловини барчага қарши овоз бериш йўли билан ифодалаш имконияти ҳам бўлади. Бизда илк маротаба президент сайловлари айнан шу тартибда ўтказилади», — деди у.

Давлат маслаҳатчиси шунингдек, мухолифатлар ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Кўплаб ташаббуслар амалга оширилдики, жамоатчилар ёки алоҳида мухолифат бўладими фарқи йўқ, хаттоки, фуқаролик фаоллари ҳам янада фаолроқ ушбу жараёнларда иштирок этмоқда. Айтиш мумкинки, мухолифат жамиятнинг ажралмас қисмларидан бири сифатида ҳам ушбу сиёсий ўзгаришларнинг ҳаммуаллифи ҳисобланади», — деди у.


«Яқинда бўлиб ўтган референдум ва ҳозирги сайлов — шунингдек, жамиятда ўзгаришларга талаб борлигини, қолаверса, ҳокимият илгари сурган ташаббуслар фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланганини кўрсатмоқда. Улар, шунингдек, ҳукумат ва жамият мамлакатни янада ривожлантириш учун бир хил қарашларга эга эканлигини кўрсатяпти», — дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, Қозоғистоннинг амалдаги ҳукумати вакили яқинда ўтказилган ижтимоий сўровноманинг натижаларини эълон қилингани ва халқ ҳозирги сиёсатни қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.


«70 фоиздан кўпроқ қозоғистонликлар мамлакат тўғри йўналишда ҳаракат қилмоқда, деб ҳисоблайди. Бу шуни кўрсатадики, жамият ҳам, ҳокимият ҳам келажак тасвири деб аталадиган мамлакатнинг ривожланиш истиқболлари ҳақида тахминан бир хил тушунчага эга. Мафкурага тўхталадиган бўлсак, бу ерда ҳамма нарса жуда оддий. Биз ҳар хилмиз, тенг ҳуқуқлимиз, турли фикрларга эга — ягона миллатмиз. Яъни, биз умумий қадриятлар мавжудлиги ва ҳар хил фарқларга, фарқларга қарамай, уларга интилишимиз керак деймиз», — дея қайд этди Эрлан Карин.