Ангрен шаҳри ҳокими Алишер Раимов фуқаролар билан мулоқот чоғида муттасил сўкинган, қўпол, ҳақоратли сўзлар ишлатган ва бир кишини «қаматтириб қўйгани»ни айтган. Унинг овози ёзилган аудиодан парчалар 18 ноябрь куни «Effect.uz» нашри томонидан эълон қилинди.

Нашрнинг қайд этишича, мулоқот Ангренда қурилаётган Президент мактабига қурилиш материаллари етказиб берилиши масаласи устида кечган. Унда Ангрен ҳокиминики дейилаётган овоз эгаси Латиф исмли шахсни «қаматтириб қўйгани»ни, таъминотчи корхона қурилиш материалларини етказиб бермаса, 1 млрд сўмга «ухлаши»ни айтган, шунингдек, суҳбатдошларидан бирини қўпол равишда сўкиб, ҳақорат қилган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги овоз Ангрен шаҳри ҳокими Алишер Раимовники эканини тасдиқлади. Ҳолат юзасидан 19 ноябрь куни вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссиясининг йиғилиши чақирилди. Йиғилишда «давлат хизматчиси учун номақбул сўзлар, ҳақоратлар ишлатилган аудиоёзув кескин танқидий муҳокама қилинган».

«Ҳар хил соҳада, куз-қишга тайёргарлик, қурилиш ва ҳоказо, ва ҳоказо йўналишларда ишлар, топшириқлар кўп бўлиши мумкин. Албатта, ҳоким ишларнинг ўз вақтида бажарилишига масъул, лекин бу ҳеч кимга бошқа бирор бир инсонни сўкиш ёки ҳақорат қилишга ҳуқуқ бермайди», — деган йиғилишни олиб борган вилоят Одоб-ахлоқ комиссияси раиси — вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев.

Ангрен шаҳри ҳокими Алишер Раимов ҳолат бўйича комиссияга тушунтириб бериб, хатти-ҳаракатлари учун қаттиқ пушаймон эканлигини билдирган.

«Муҳтарам президентимиз юритаётган сиёсатларига путур етказганимни жуда аниқ биламан, бундан минг пушаймонман. Қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар, ўзимни ушлашим керак, бу нарсага яна бир бор амин бўлдим. Кечаги аудиоёзув […] давлатимиз юритаётган сиёсатга, қўпол қилиб айтганда, доғ тушишига сабаб бўлади, деб ўйлайман. Бундан кейин қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар ўзимни ушлашга ва иш фаолиятимни қонунларда белгиланган доирада юритишга ҳаракат қиламан. Бизга ишонаётган халқимиздан узр сўрайман», — деб айтган Раимов.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг қўшимча қилишича, комиссия давлат хизматчисига доир одоб-ахлоқ қоидалари бузилганини қайд этган ва йиғилиш баённомаси асосида вилоят ҳокими Зоир Мирзаевга ходимнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тегишли чора кўриш учун тақдимнома киритган. «Вилоят ҳокимининг бу масала юзасидан қарори расмий веб-сайтимиз ва матбуотда эълон қилинади», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Аввалроқ, 27 сентябрь куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида бир қатор ҳокимларга чора кўрилган эди. Хусусан, Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокими Шерали Йўлдашев туман ҳокимлиги девонхона бўлими мутахассисини ҳақоратлаб, калтаклагани учун ишдан ҳайдалган эди. «Нечанчи асрда яшаяпмиз? Янги Ўзбекистонга муносиб ҳоким шундай бўладими?», — деб савол қўйганди ўшанда администрация раиси.

Шунингдек, худди шу йиғилишда Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима жазоси қўлланилган. Бундан аввалроқ тармоқда Боболов Ангор тумани прокурорини ҳақорат қилгани, шунингдек, Қизириқ тумани ҳокими ва тумандаги кластер раҳбарини қўпол равишда қоралаётгани ёзилган аудиолар тарқалиб кетган эди. Прокурор билан бўлган ҳолат юзасидан президент Шавкат Мирзиёев ҳам Боболовга дакки берганди.