27 сентябрь куни президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков бошчилигида видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида ёзгандик. Унда 5 нафар ҳоким — Андижон, Асака, Пахтобод, Фарғона ва Нуробод туманлари раҳбарлари ишдан олинди. Тармоқларда селектор давомидаги ушбу жараён акс этган аудиоёзув тарқалди.

Эслатиб ўтамиз, Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев 6 август куни ўзи айвонда, одамлар эса пойгакда ўтирган ҳолда фуқаролар қабулини ўтказганди.

Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабатида «фуқаролар мурожаатлари бўйича сайёр қабуллар ҳафтанинг ҳар шанба куни туман ҳокимлигининг очиқ ҳудудида, фуқаролар билан ижтимоий масофа сақланган ҳолатда бўлиб ўтиши»ни таъкидлаганди.

Сардор Умурзаков видеоселекторда мазкур ҳолат сабаб Абдужаббор Эгамбердиевнинг лавозимдан озод этилгани ва ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини таъкидлади.

«Андижон тумани ҳокими Эгамбердиев жаноби олийлари, селекторда айвонда ўтирмаяптиларми? Ҳамма кўрди мана, сизни деб бутун дунёга шарманда бўлдик. Айвонда ўтирволиб, масофа сақламоқчи бўлсангиз, сектор раҳбарларини нимага олдингизга ўтирғизиб олдингиз? Фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик, димоғдорлик, кибр-ҳаво, бу нима деган гап?», — деди у.

Туман ҳокимининг бу ҳаракати ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлиб, одамларнинг эътирозларини юзага келтирганди.

«Жамоатчилик олдида сиз ўзингизни эмас, туман ҳокимлигини эмас, бутун давлат тизимини, бутун президент командасини обрўсизлантиришга олиб келдингиз. Шунинг учун бугун ҳурматли президентимиз қарор қабул қилдилар, биринчидан сиз эгаллаб турган лавозимингиздан озод қилинасиз. Иккинчидан, сизнинг бу ҳатти-ҳаракатингизга ҳуқуқий баҳо берилади. Чиқиб кетинг залдан» — деди президент Администрацияси раҳбари.

Абдужаббор Эгамбердиев. Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

У 2021 йил февралида Андижон тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

Шунингдек, 56 та қарор билан 2390 гектар ерни ноқонуний ажратиб берган Асака тумани ҳокими Мансурбек Алиханов ҳам ишдан олинди.

Мансурбек Алиханов. Фото: Асака тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Асака туман ҳокими жаноб Алиханов. Бир ярим йилнинг ичида ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича 15 та жиноий иш қўзғатилган. Шунинг учун бугун ҳурматли президентимиз қарорлари билан сиз ҳам лавозимингиздан озод этиласиз, чиқиб кетинг залдан. Бу залда туришга сизнинг ҳаққингиз йўқ», — деди Сардор Умурзавов.

Алиханов 2020 йил сентябридан буён Асака туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.

Бундан ташқари, Пахтобод тумани ҳокими Элёрбек Усмонов ҳам лавозимидан озод этилганини айтиб, залдан чиқиб кетишини сўради. «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида «Барлос асали» фермер хўжалигига чорва ҳайвонлари учун 4 млрд 800 млн сўмлик 291 та имтиёзли кредит ажратиб берганди.

Элёрбек Усмонов. Фото: Пахтобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Пахтобод тумани ҳокими Усмонов жаноблари. Ҳозир фуқароларга қўйлар ҳақиқатдан ҳам етказиб берилганлиги ва бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда, алоҳида текшириш бўляпти. Бу ўз йўлига, ҳозир иккита бошқа ҳолатлар исботи, далили, расми ва аудиоси билан менинг столимда турибди. Бугун ҳурматли президентимизнинг топшириқлари билан сиз лавозимингиздан озод этиласиз, залдан чиқиб кетинг. Шуҳратбек Қўшоқбоевич (Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов), ҳозир мана шу 3 нафар ҳокимнинг масаласини тезкор ҳал қиласиз, буларнинг бинодан чиқиб кетишида гувоҳномасини олиб қўйсин. Шарманда қилиб, бинодан чиқариб юборсин, иккинчи яқинлаштирмасин», — дея таъкидлади Умурзаков.

У 2022 йил февралидан буён Пахтаобод тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётганди.

Шу билан бирга, ҳудудида тендерсиз ер майдонларини ажратиш бўйича қарорлар чиқарган Фарғона туман ҳокими Шуҳратжон Мўминов ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шуҳратжон Мўминов. Фото: Фарғона тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Фарғона тумани ҳокими Мўминов жаноблари, микрофонга келинг. Сиз ҳам жуда яхши биласиз, алоҳида жиноят иши қўзғатилган. Унумдор бўлган 25 гектардан кўп ер майдонини бириктириш эвазига нималар бўлганини ҳам жуда яхши биласиз. Жаноб Мўминов, ёзмасангиз ҳам бўлади, китобчангизни ёпинг, ручкангизни кистангизга солинг. Ҳурматли президентимизнинг қарорлари билан Фарғона тумани ҳокими Мўминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Залдан чиқиб кетинг. Ҳайрулла Ҳайитбоевич, гувоҳномасини топширсин. Ҳали унинг жиноий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслик масаласини икки ҳафтада гаплашамиз», — деди президент Администрацияси раҳбари.

У бу лавозимда 2020 йил ёзидан буён ишлаётганди.

Шунингдек, 23 август куни берилган вазифаларни ўз вақтида бажармаганини рўкач қилиб, туман ҳокимлиги девонхона бўлими мутахассисини калтаклаган Нуробод туман ҳокими Шерали Йўлдашев ҳам ишдан бўшатилди.

Шерали Йўлдашев. Фото: Нуробод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Йўлдашев жаноблари янги ҳоким, ярим йил ҳам бўлмади ҳали. Менимча, „ҳоким дегани зўравонлик қилиши, ман деб туриб олиши, бу бир тўраларча ёндашув билан ишлаш керак дегани“, деб тушунса керак. Ярим йиллик ҳокимимиз, мана. У бечора девонхона ходими хоҳласа ҳам андиша қилганидан, тарбияли бўлганидан жавоб қайтаролмайди. Нечанчи асрда яшаяпмиз? Янги Ўзбекистонга муносиб ҳоким шундай бўладими? Идора ва ташкилотлар раҳбарларини қўл остидаги ходимларини фуқаролар олдида турли ҳақоратли сўзлар билан камситишни ўзингизга одат қилиб олгансиз, жаноб Йўлдашев. Ким сизга рухсат берди? Ўзингизга, оилангизга, бутун вилоятга, давлат тизимига иснод келтирдингиз. Ҳамма ҳар битта айтган ҳақоратомуз сўзларингизни аудиоси ҳам бор, расришовкаси ҳам бор — ҳаммаси турибди. Энг аянчлиси, ачинарлиси, ҳурматли президентимиз ҳам шуни ҳаммасини кўриб, эшитиб жуда ҳам каттиқ ранжидилар», — деди Умурзаков.

У 2022 йил мартида лавозимга тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов президент қарори билан ўзгаларни ҳақорат қилгани, ҳокимларга қўйилган талабларни бажармагани ва ўз фаолиятини давлат сиёсатига мос равшда ташкил этмагани учун жаримага тортилганди.

Аудио