Андижон шаҳридаги 50-мактаб стадиони ўрнида кўп қаватли турар жой биноси қурилиши ноқонуний олиб борилмоқда, дея хабар берди Андижон вилояти прокуратураси.

22 сентябрь куни Kompromatuzb аноним Telegram-канали стадион ўрнидаги майдон кўп қаватли уй қуриш учун тадбиркорга берилгани ҳақида хабар берди.

6 октабр куни вилоят прокуратураси Халқ таълими вазирлиги 7200 квадрат метр мактаб ҳудудини шаҳар ҳокимлиги захирасига ўтказишга қарши бўлмаганини маълум қилди.

Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Баҳромжон Хайдаровнинг 2020 йил 2 июндаги қарори билан (ҳоким шу йилнинг ёзида ҳибсга олинган, ҳозирда қамоқда) ер майдони «SXF Andijon City Stroy» МЧЖга бинолар қуриш ва 2022 йилнинг IV чорагига қадар 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан ажратилган. Шундан сўнг прокуратура ҳоким қарорининг қонунийлиги ўрганилаётганини маълум қилганди.

12 ноябрь куни «Соядаги сиёсатчилар» Telegram-каналида собиқ стадион ҳақида ёзилиб, қурилиш вилоят прокуратурасига жуда яқин жойда олиб борилаётгани, президент қарорлари эътиборсиз қолаётганига ишора қилган эди.

Вилоят прокуратурасининг 13 ноябрдаги баёнотида таъкидланишича, мактаб ҳудудининг бир қисми 2019 йил 14 августдаги қарор билан Андижон ҳокимлиги захирасига ўтказилган, шундан сўнг «SXF Andijon City Stroy» 2020 йилда қурилиш учун ажратилган.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, ҳокимнинг иккинчи қарори қалбаки бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан 5 октябрь куни Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки суриштирув ишлари Андижон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 2019 йилдаги қарор қонунга зид равишда қабул қилингани аниқланди. Ҳокимнинг мазкур қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан Андижон туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритилди.

Андижон собиқ ҳокими иши

Сентябрь ойи бошида Олий суд матбуот хизмати жиноят иши бўйича судланувчилар орасида Андижоннинг собиқ ҳокимидан ташқари, собиқ шаҳар прокурори Қурбонали Асқаров, вилоят бошқармаларининг собиқ раҳбарлари, вилоят молия ва халқ таълими, шаҳар молия ҳамда халқ таълими бошқармалари ва бошқа бир қатор масъул лавозимларда ишлаган шахслар ҳам борлиги ҳақида хабар берган эди.

Судда кўрилаётган иш бўйича жами 44 нафар шахс иштирок этмоқда, улардан 29 нафари эркак ва 15 нафари аёл. Ўшанда 34 киши ҳибсга олинган, 10 нафари гаров эвазига қўйиб юборилган ёки уй қамоғига ўтказилган.

Гумонланувчилар жами 63 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштиришда айбланиб, 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168 (фирибгарлик), 207 (мансабга совуққонлик билан қараш), 209 (расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш), 210 (пора олиш), 211 (пора бериш) ва 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари билан айбланган.

Аввалроқ 2018 йилдан буён мамлакатда 200 га яқин мактаб ўз ерларининг бир қисмидан ноқонуний равишда маҳрум бўлгани хабар қилинганди. Барча ҳолатларнинг қарийб учдан бир қисми Андижон вилоятида қайд этилган бўлиб, 61 та мактаб ўз ҳудудининг жами 24,8 гектар ерни йўқотган.

Депутат Расул Кушербаев синфлар етишмаётган бир пайтда буни «келажакка хиёнат» деб атади. Унинг фикрича, мактаб ерларини ҳокимлар талон-торож қилган, аммо «ноқонуний топшириқни бажарган қўрқоқ ходимлар» жазоланади.

2021 йилнинг май ойида Андижонда ерларнинг ноқонуний ўзлаштирилишига қарши чиққан маҳаллий депутат Шуҳратбек Каримов дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди.