17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши прокурор таклифига биноан шаҳар ҳудудидан ноқонуний равишда ер участкаларини ажратиб беришга қарши чиқиб келган депутат Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилди. «Газета.uz» воқеа қандай ривожланганини ўрганди.

«Овозни ўчиришга уриниш» ёки жиноий иш

6 май куни Андижон прокурори 2019 йилда ЎзЛиДеП партиясидан кенгаш депутати этиб сайланган Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисида маҳаллий кенгашга тақдимнома киритди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, Андижон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимининг ҳужжатларида «A. R. C.» МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ҳамда 229-модда (ўзбошимчалик) билан қўзғатилган жиноий иш мавжуд.

«Газета.uz»нинг аниқлашига кўра, гап Alliance Road Construction қурилиш компанияси ҳақида кетмоқда. КТЯДР (Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри) маълумотларига кўра, компания 2008 йил сентябрь ойида рўйхатдан ўтган ва турар-жой биноларини қуриш билан шуғулланади. Ягона асосчиси Шуҳратбек Каримов, раҳбари Отабек Авлашев эканлиги кўрсатилган.

Депутатнинг ҳамкасби Жаҳонгир Жиянов Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга уриниш унинг фаолияти билан боғлиқ деган фикрни билдирди — у мунтазам равишда ноқонуний ер эгалигига, шаҳар ҳокими Бахромжон Ҳайдаровнинг қарорларига қарши чиққан ва Бош прокуратурадан Андижон прокурорини аттестациядан ўтказишни сўраган.

Унинг сўзларига кўра, Шуҳратбек Каримов 19-сонли мактабнинг спорт майдончаси ўрнида кўп қаватли турар-жой биноси қурилишининг бекор қилинишига эришган. Ўшанда у ҳоким Бахромжон Ҳайдаровга сўров юбориб, бу ерда президент қарори (ПҚ-3931) бузилганини кўрсатган. Мактаб маъмурияти ва ота-оналар мактаб учун қўшимча бино қуришни илтимос қилган, чунки 570 кишига мўлжалланган бинода 1300 бола ўқийди.

Бундан ташқари, Жаҳонгир Жияновнинг таъкидлашича, Шуҳратбек Каримов май ойи бошида кенгаш сессиясида сўзга чиққанида ҳокимнинг Elevada Ut Group томонидан беш қаватли бино қурилишини назарда тутган 2021 йил 10 апрелдаги қарорини ноқонуний деб айтган. У тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигидан ташқари бепул ер участкаларини ажратишни фақат E-IJRO AUKSION электрон онлайн-аукцион орқали белгилайдиган президент қарори талаблари бузилганлигини айтган.

Жаҳонгир Жиянов расмийларга депутатнинг ушбу чиқишлари унчалик ёқмаслигини таҳмин қилган. Унга кўра, бундан кейин депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисида таклиф киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Eybyu фикрича, шу йўл билан улар битта депутатнинг «овозини ўчиришмоқчи» ва ҳамкасбларига «сигнал беришга» ҳаракат қилишмоқда.

Бундан ташқари, Шуҳратбек Каримов журналист Хуршид Далиевнинг Андижондаги ноқонуний ер ажратилиши ва ноқонуний қурилиш ишлари тўғрисида кетма-кет хабарлари юзасидан Бош прокуратурага сўров юборган. Депутатнинг сўзларига кўра, қонун бузилганлиги шаҳар адлия бошқармаси томонидан ҳам тасдиқланган. У ушбу масалаларда сустлиги сабабли вилоят прокурорларининг малакасини шубҳа остига қўйган ва Андижон прокуратурасини оммавий аттестациядан ўтказишни сўради.

Шунингдек, депутат Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевдан ишчи гуруҳ тузишни ва ҳокимнинг 2019 йил 1 октябрдан 2021 йил 15 февралгача ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорларини ўрганишни илтимос қилган.

Прокурор тақдимномаси

17 май куни Андижон шаҳар кенгашининг сессиясида ягона масала — Шуҳратбек Каримовни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этиш масаласи кўриб чиқилди.

Жаҳонгир Жиянов кенгаш регламенти бузилганини таъкидлади. Сенат Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги (154-сонли) қарорининг 11-моддасига биноан сессия муҳокамасига киритилган масалалар тегишли доимий комиссиялар томонидан олдиндан кўриб чиқилади ва улар томонидан тайёрланган қарорлар лойиҳалари ва кун тартибидаги бошқа ҳужжатлар ҳокимга — халқ депутатлари кенгаши раҳбарига ўтказилади.

Депутатнинг таъкидлашига кўра, доимий комиссия ушбу масалани кўриб чиқиш учун йиғилмаган.

ЎзЛиДеП партиясининг вилоят кенгаши прокуратура томонидан депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисида таклиф киритганидан хавотирда эканлигини билдирди.

«Биз Кенгаш [Андижон] мазкур масалани синчиклаб, ҳар томонлама ўрганиб чиқиши ҳамда мутлақо холис ва адолатли йўсинда ҳал қилиши, ўз позициясида собит бўлишига ишонамиз. Зеро, халқ ишонч билдирган вакиллар бунинг учун етарли билим ва фазилатларга эга», — дейилади хабарда.

Депутатлар тинтуви


Фото: Soyadagi siyosatchilar / Telegram.

17 май куни бўлиб ўтган шаҳар кенгашининг сессияси, унда депутатлар Шуҳратбек Каримовдан дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишни маъқуллашди, Жаҳонгир Жияновнинг сўзлари билан айтганда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари иштирок этгани билан мамлакат тарихига кирдилар. Шунингдек, у Миллий гвардия ходимлари депутатларни тинтув қилгани ва уларнинг телефонларини олиб қўйганини айтди.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги тинтув ўтказилган вазиятга муносабат билдирди.

«Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакатимиз кун тартибидаги асосий масалаларидан бири бўлиб турган, бу „иллатга“ қарши курашишга барча давлат органлари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилаётган бир пайтда бевосита коррупцияга қарши курашиш фаолияти билан шуғулланувчи идора томонидан коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиш ўрнига, унга нисбатан турли таъсир чоралари қўлланилаётганини оқлаб бўлмайди», — деди агентлик.

Миллий гвардия ушбу вазиятга изоҳ бериб, сессия 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида бўлиб ўтганлигини маълум қилди. Мазкур бинога Андижон шаҳар ИИБ бошлиғининг сўровномасига асосан шаҳар Қўриқлаш бўлими ходимлари жамоат тартибини сақлаш учун ўрнатилган тартибда хизматга жалб қилинган.

Шу сабабли Андижон шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан сессия иши бошлангунга қадар Андижон шаҳар ИИБ, шаҳар прокуратураси ва ҳокимлигидан ажратилган масъул ходимлар кузатуви остида қўриқлаш ходими томонидан ташриф буюрган сессия қатнашувчилари металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилган ва уяли алоқа ҳамда овозли видеога олувчи воситаларини қолдириб киришлари талаб этилган.

Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси ҳам юқоридаги воқеаларни ўрганишни бошлаганини билдирди.

Шунингдек, Бош прокуратура депутатларни тинтув қилиш билан содир бўлган воқеани ўрганмоқда, дея хабар берди"Газета.uz»га мазкур идора матбуот хизмати.