«Газета.uz» аввалроқ Республика нейрохирургия илмий маркази ходимлари 2-сонли Зангиота кўп тармоқли ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонасига кўчирилишидан хавотирда эканлиги ҳақида ёзган эди. Марказлаштирилган стерилизация бўлими (МСБ) бош ҳамшираси Белла Пелихнинг таъкидлашича, бу ҳолатда жамоанинг катта қисми янги иш жойигача бўлган масофа туфайли ишдан бўшашлари мумкин, кўчиб ўтиш беморлар логистикасини ҳам издан чиқаради, МСБ эса санитария-эпидемиология қоидалари ва меъёрларига тўғри келмайди.

«Зангиота-2» директори Дониёр Миразимов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Республика нейрохирургия илмий маркази жамоасининг баҳосини адолатсиз деб атади.

«Мен ўзим ҳам узоқ йиллар нейрохирургия марказида ишлаганман, шифохона директори Ғайрат Маратович раҳбарлиги остида нейрохирург сифатида шаклланганман. «Зангиота-2»да учинчи йилдан бери ишлаяпман, солиштирадиган нарсаларим бор», — дейди у.

Зангиота-1 ва Зангиота-2 касалхона мажмуаси қандай қурилган

«Зангиота-1» ва «Зангиота-2» шифохоналари мажмуаси мамлакат раҳбарияти ташаббуси билан пандемияни ҳисобга олган ҳолда барпо этилган.

«Лойиҳалашда энг илғор жаҳон тажрибаси жалб қилинган. Кейин республика қурилиш, логистика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида мамлакатдаги энг яхши мутахассисларга мурожаат қилди. Шифохоналарнинг жиҳозлари энг замонавий стандартларга жавоб беради», — дейди Дониёр Миразимов.

Унинг қўшимча қилишича, мажмуа Берлиндаги «Шарите» ва Германиянинг Роберт Кох номидаги юқумли ва ўта оғир касалликларни ўрганиш федерал институти каби илғор клиникалар билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради.

«Бу илтифотлар эмас, балки тавсиялар ва муҳокамалар даражасидаги иш эди. Уларнинг мутахассислари бизга гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишди. Уларнинг нимадир нотўғри қилингани бўйича шикоятлари бўлмади», — дейди Дониёр Миразимов.

Шикоятлар, жумладан, шифохонанинг жойлашган жойи бўйича ҳам бўлмаган, дея қўшимча қилди шифохона директори. «Зангиота-1» ва «Зангиота-2» шифохоналари мажмуасини режалаштиришда жой «тезкор тиббий ёрдам кўрсатишни аниқ ҳисобга олган ҳолда» танланган.

«Пандемия даврида ковид билан касалланган одамлардан кўра шошилинчроқ беморлар йўқ эди. Шифохоналар ёндош касалликларга чалинганлар, туғруқ босқичидаги аёллар, онкологик беморлар ва бошқа шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож хасталар қабул қилинди», — деди Дониёр Миразимов.

Унинг сўзларига кўра, мажмуа атайин пойтахтнинг барча ҳудудларига чиқиш имконига эга бўлган ҳалқа йўл ёқасида барпо этилган.

«Бу ерда чорраҳалар йўқ, светофорлар минимал миқдорда, — дейди Дониёр Миразимов. — Логистика жуда пухта ўйланган, чунки оммавий равишда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган. Барчаси энг майда деталларгача ва шифохоналар ҳудудларигача ўйлаб чиқилган. Бу ерда иккита катта машина бемалол ўта олади».

«Зангиота-2» раҳбарининг таъкидлашича, кўпчилик Зангиота шифохоналари биноларининг ишончлилигига шубҳа билан қарамоқда. Бироқ одамлар қурилиш масалаларини тушунмасликлари сабабли адашишлари мумкин.

«Бу вақтинчалик бино, икки-уч йил ичида қулаб тушади, дейишга асос йўқ. Бу бутун дунё томонидан синовдан ўтган замонавий кўп қатламли композит материалдир. АҚШ аҳолисининг 60−70 фоизи 50 йиллаб шундай уйларда яшайди».

«Зангиота-2» инфратузилмаси

«Бизга вабо кулбаси каби муомала қилиш керак эмас. Бу ерга кўчиб келган ҳар қандай шифохона буни мажбурлик эмас, балки шундай шароитда, шундай моддий-техника базаси билан ишлаш имконияти деб билиши керак. Гап оддий кўчиш эмас, балки бутун бир соҳа ривожи ҳақида кетяпти, чунки бизда тиббиётни ривожлантириш салоҳияти бор», — деди Дониёр Миразимов.

Шифохонанинг профилини ўзгартириш учун минимал сармоя талаб этилади, деб ҳисоблайди «Зангиота-2» раҳбари.

Директор ўтган йили «Газета.uz»да «Зангиота-2» да коронавирус билан касалланган беморларнинг даволаниши ҳақида тайёрлаган репортажида муассасанинг ўша пайтдаги бош статистик ходими Яҳё Зиёев клиникани «давлат тиббиёт муассасалари шифокорларининг орзуси» деб атаганини эслатиб ўтди. Бундай шифохонанинг ташкил этилиши Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига наф келтирганини таъкидлади.

Дониёр Миразимовнинг қўшимча қилишича, Зангиота шифохоналари мажмуаси бутун мамлакатда тенги йўқ ноёб тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

«„Зангиота-2“ ва бошқа ҳар қандай шифохонанинг имкониятларини солиштиришим мумкин. Мен нейрохирургия маркази билан солиштираман, чунки ўзим ўша ерда кўп йиллар давомида ишлаганман ва мақолада ҳам ушбу шифохона билан аналогия келтирилган», — деди тиббиёт муассасаси раҳбари.

Бино. Дониёр Миразимовнинг айтишича, Республика нейрохирургия илмий маркази биноси тиббиёт муассасаси сифатида лойиҳалаштирилган бўлиши мумкин, аммо бу лойиҳаларнинг эскирганига 40−50 йил бўлган.

«Бу вақт давомида тиббиёт шунчалик ўзгардики, ўша йиллардаги ҳеч бир лойиҳа тиббиётнинг йиллар давомида эришган ютуқларига, тиббий технологияларнинг ривожланишига мос келмайди. Марказ айнан нейрохирургия учун махсус шифохона сифатида барпо этилган, деб бўлмайди», — дейди Дониёр Миразимов.

Майдони ва беморларни жойлаштириш. Директорнинг қўшимча қилишича, бугунги кунда нейрохирургия маркази биноларининг умумий майдони 35 минг квадрат метрни, ўринлар фонди эса 158 тани ташкил этади. Айни пайтда Зангиота-2 биноларининг майдони 41 минг квадрат метрдан иборат. Пандемия авжига чиққанида муассаса 2000 дан ортиқ беморни қабул қилар экан, улар сиқишиб қолишмаган.

Дониёр Миразимовнинг сўзларига кўра, нейрохирургия марказининг палаталарига ўртача тўрт киши жойлашади, бу «замонавий меъёрларга кўра мутлақо инсоний эмас».

«Палаталар икки беморга мўлжалланган. Агар бола онаси билан ётса, у ҳолда биттага. Бизда ундай эмас. Ҳатто яқинда очилган болалар ҳосписида ҳам болалар ва уларнинг оналари турли каравотларда ётишади», — дейди «Зангиота-2» директори.

Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида «Зангиота-2»да юклама кўп бўлгани сабабли уч кишилашиб жойлаштирилган. Умуман олганда, палаталар майдони замонавий тиббиётнинг илғор стандартларига жавоб берадиган шаклда икки нафар бемор учун мўлжалланган. Бундан ташқари, ҳар бир палатада душ, ҳожатхона ва юз-қўл ювиш чаноғи мавжуд бўлиб, бундай шароит ҳеч бир давлат поликлиникасида учрамайди.

Иситиш тизими. Муассаса директори фахрланиб айтадиган шифохонанинг энг муҳим қадриятларидан бири, бу — ламинар шамоллатиш тизимидир. У клиниканинг барча хоналари бўйлаб ўтказилган. Ушбу тизим биноларга тоза ҳаво юбориб, ташқарига деярли стериланган ҳавони чиқаради. Бошқа муассасаларда эса бундай тизимни фақат реанимация ва операция хоналарида учратиш мумкин, дея маълум қилди Дониёр Миразимов. Худди шу тизим барча хоналарни совутиш ва иситиш ҳамда улардаги доимий ҳароратни сақлаш имконини ҳам беради.

Операция хонаси. «Зангиота-2» директорининг айтишича, бутун пандемия даврида шифохонада 1000 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

«Бу нейрохирургия марказидаги операциялар сони билан таққосланадиган кўрсаткич эмаслигини биламан. Аммо бизнинг қувватларимиз бундан кам бўлмаган операцияларни амалга оширишимизга имкон беради. Бугунги кунда 8 та операция хонамиз бор, аммо 20 тасини жойлаштириш имконияти мавжуд. Мақолангиздаги фотосуратда бизнинг операция хонамиз акс этган. Афсуски, нейрохирургия марказида бундай нарса йўқ. Бу ерда операция хонаси жаҳон андозалари асосида тайёрланганини кўриш мумкин: замонавий стол, консоль, ламинар вентиляция тизими мавжуд».

Дониёр Миразимовнинг таъкидлашича, марказлаштирилган стерилизация бўлими (МСБ) фақатгина жарроҳликда қўлланилмайди.

«Тасаввур қилинг-а, биз «2000 бемор учун асбобларни стерилизация қилдик ва бунинг учун тонгги соат 3гача ишлаганимиз йўқ. Агар 158 та ўрин учун асбобларни соат 3 га қадар стерилизация қилишса, бу уларнинг сиғими етарли эмаслигини билдиради», — деди у.

Муассаса раҳбарининг қўшимча қилишича, «Зангиота-2»да плазмали стерилизаторлар қўлланилмоқда. Техника асбобларни вакуумли қадоқларга қадоқлайди, унда улар уч йилгача стерил ҳолда бўлиб қолади. Нейрохирургия марказидан фарқли ўлароқ, «Зангиота-2»да асбобларни стерилизация қилиш учун бикслардан фойдаланилмайди.

«Ўта хавфли юқумли касалликлар билан ишлаганимизга қарамасдан, биздаги МСБни қандайдир фарқ қилади, деб айтиш адолатсизликдир», — деб ҳисоблайди директор.

Шифохонада илғор диагностика ускуналари ва лаборатория ҳам мавжуд, — дейди Дониёр Миразимов.

Нима учун «Зангиота-1» ва «Зангиота-2» негизида янги тиббиёт муассасаларини ташкил этиш зарур?

Дониёр Миразимов мажмуа коронавирус пандемиясини ҳисобга олган ҳолда қурилганини эсга олиб ўтди. «Барча пандемия ва эпидемиялар қачондир тугашини биларди» ва эртами-кечми ушбу тиббий муассасалардан кейинги фойдаланиш масаласи ўртага чиқади.

«„Зангиота-1“ ва „Зангиота-2“ мажмуалари Ўзбекистондаги энг йирик тиббиёт масканлари ҳисобланади. Умумий ётоқ фонди 4000 ўринни ташкил этади. Эпидемиологик вазият аллақачон барқарорлашган. Ҳозирда беморларни умуман қабул қилмаяпмиз. Бу хўжалик пандемияни кутиб шунчаки турмаслиги керак. Тарихга назар ташласак, бундай пандемиялар кам учрайди. Ковиддан олдин, таърифларга кўра, ковидга жуда ўхшаш испанка бўлган. Бу 100 йил олдин эди. Пандемияни 100 йил кутишимиз керакми?» — деб сўради шифохона директори.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур мажмуа мамлакатдаги ягона юқумли касалликлар шифохонаси эмас. Бу хизмат ҳар доим бўлган ва келажакда ҳам ишлайди, лекин «бу ерга шунчалик кўп маблағ сарфланганки, шифохоналар одамларга ёрдам беришда давом этиши керак».

«Зангиота-2»нинг кейинги тақдири қандай бўлиши мумкин?

Зангиота мажмуаси негизида қайси тиббиёт муассасалари ташкил этилиши мамлакат раҳбарияти даражасида ҳал қилинади, деди Дониёр Миразимов. Унинг айтишича, бир қанча вариантлар кўриб чиқилмоқда. Гап айнан турли сценарийларни кўриб чиқиш ҳақида кетмоқда, деди у.

«Касалхонанинг келажагини аниқлаш учун комплекс, стратегик ва давлат ёндашувидан фойдаланилмоқда. Инфратузилмани ўрганиш учун турли тиббиёт муассасаларидан ишчи гуруҳлар келди. Шунчаки, нейрохирургия менга яқин, шунинг учун уларнинг ишларидан хабардорман, — дейди «Зангиота-2» директори.

Дониёр Миразимовнинг айтишича, «Зангиота-2» негизида бир неча турдаги тиббиёт муассасаларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Уларнинг ҳар бири ўзининг ижобий ва салбий томонларига эга. Улардан бири юқумли касалликлар билан шуғулланадиган шаҳарнинг барча муассасаларини ўз ичига оладиган йирик юқумли касалликлар кластери бўлиши мумкин.

Бу ерда Тошкент вилоятидаги барча ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини жойлаштириш имконияти ҳам кўриб чиқилди. Бироқ ушбу вариантни ўрганиш жараёнида логистика албатта зарар кўриши аниқ бўлди.

«Чунки ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари асосан режалаштирилган беморлар билан шуғулланади. Тошкент вилояти жуда катта. Вилоятдаги барча кардиобеморларнинг Зангиотага келиши ноқулай бўлади».

Ва ниҳоят, учинчи сценарий — кўп тармоқли шифохона, шунингдек, асаб тизими касалликлари билан оғриган беморларга — диагностикадан паллиатив ёрдамга қадар кенг қамровли ёрдам кўрсатадиган клиника.

Асаб тизими касалликлари билан оғриган беморларга ёрдам кўрсатиш маркази ҳақида

«Бугунги нейрохирургия марказини бир ёки икки кишилик палатали бўлган тақдирда, икки ёки учта бўлимимизга жойлаштиришимиз мумкин, — дейди Дониёр Миразимов.

Шу билан бирга, «Зангиота-2» негизида нафақат асаб тизими касалликлари билан оғриган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш маркази, балки умумий сиғими 750 ўринга мўлжалланган 300 ўринли кўп тармоқли поликлиника ҳам ташкил этилиши мумкин. Палаталарга бир ёки икки киши жойлаштирилади.

«Бутун дунёда шифохоналар кўп тармоқли йўналишга эга. Бу тўғри, чунки бу мураккаб даволаш, — деди директор. — У ерда болалар бўлими, умумий жарроҳлик, гинекология, эндокринология ва туғруқ бўлими бўлиши мумкин, чунки туғруқдаги аёллар ҳам кардиологик ёки нейрохирургик ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин»

«Зангиота-2»да асаб тизими касалликлари билан оғриган беморларни даволаш маркази очишга қарор қилинса, қолган 400 ўрин ҳам шу беморлар билан банд бўлади.

«Асаб тизими касалликлари билан оғриган беморларга қандай ёрдам кўрсатилади? Булар нейрореабилитация, нейрохирургия, неврология, шунингдек, катталар учун паллиатив ёрдам дегани. 20 ўринли болалар ҳосписи бизнинг биринчи қадамларимиздан. Охирги кунларда сифатли ёрдамга муҳтож бўлган катталар яна кўпайган», — дейди Дониёр Миразимов.

Унинг сўзларига кўра, бундай марказда тез-тез гапириш ва юришни ўрганишга муҳтож бўлган инсультни бошдан кечирган беморларга ёрдам кўрсатиш мумкин бўлади. Ҳозирда бундай хизматларни кўрсатадиган муассасалар йўқ, деди директор.

«Неврологик ёрдам, масалан, Паркинсон касаллиги билан оғриган беморларга кўрсатилади. Бутун дунёда ушбу касалликка чалинган айрим одамлар нейрохирургиядан ўтади ва тўлақонли ҳаёт кечиришлари мумкин. Республикада эса бундай йўналиш йўқ».

«Гап нейрохирургия марказини бошқа жойга кўчиришда эмас, балки хизматни янада ривожлантириш, патологияларни янада кенгроқ қамраб олиш, ёрдам турларини кенгайтириш, замонавий жиҳозлардан фойдаланиш ҳақида бормоқда. Бу ерда аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган тиббиёт ривожи масаласи кўтарилмоқда», — дейди Дониёр Миразимов.