Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Шахсий тажриба.
«Зангиота-2» коронавирус беморлари шифохонасида даволанганим ҳақида
Коронавирус пандемияси чекинишни бошлади, аммо «Зангиота-2» юқумли касалликлар шифохонасида беморлар ҳаёти учун кураш тўхтагани йўқ. Тиббиёт муассасаси ички тузилмаси қандай ташкил этилганлиги, бу ерда даволаниш қандай кечиши, клиника нима учун миллий тиббиётнинг қайта уйғониши деб аталиши ва шифокорлар бу ерда тўпланган тажрибалар билан нима қилишлари ҳақида «Газета.uz» фоторепортажида.
2-сонли Зангиота кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонаси «Доктор Хаус» телесериалидаги клиникага ўхшайди. Бу ерда йўлаклар кенг, бинолар ичи салқин. Беморлар ётган «қизил» зонада ламинар шамоллатиш тизими ўрнатилган. У ифлосланган ҳавони ютиб, шамоллатиш тизимига ўтказади ва дезинфекция қилиб, ташқарига чиқаради. Биринчи тоифали мутахассислар қимматбаҳо тиббий асбоб-ускуналарда ишламоқда ва уларнинг меҳнати муносиб қадрланмоқда – камситадиган маблағлар билан эмас.
Бош статист Яҳё Зияевнинг таъкидлашича, мазкур касалхона – давлат тиббиёт муассасалари шифокорларининг орзуси. Унинг мутахассислиги – онколог. Яҳё пандемияга қадар Республика онкология марказида фаолият кўрсатган. Унинг сўзларига кўра, Зангиота ва онкологиянинг фарқи шундаки, коронавирусга қарши курашга чекланмаган миқдордаги ресурслар сарфланмоқда.
«Ҳа, онкология ва ковид – таққослаб бўлмайдиган касалликлар, – дейди Яҳё Зияев. – Лекин тузилмаси, соғлиқни сақлаш тизими, бошқарув тизими - уларни солиштириш мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, шифокорга форма, компьютер, ишлаши учун лозим бўлган асосий нарсалар керак бўлади. Бу ерда, агар иккита компьютер бўлса ва учинчисига зарурат туғилиб қолса, эртаси куни эрталаб у аллақачон ҳозир бўлади».

«Ҳамма шифохона ҳам прокальцитонин, Д-димер, интерлейкинни текшира олмайди, – дея қўшимча қилади Яҳёнинг ҳамкасби ва мени даволаган 6Б бўлимидаги шифокор Рустам Норбоев. – "Зангиота"да мумкин, шунинг учун бу ерда ишлаш маза. Асбоб-ускуналар бор, дорилар бор, ҳамма нарса бор. Поликлиникаларда эса – йўқ. Молиявий масала ҳам жуда муҳим омиллардан. Поликлиникада сиз қандай қилиб кўпроқ пул ишласам, яна қаердан навбатчилик олсам экан, деб бош қотирасиз. Бу ерда эса иш ҳақи шунчаликки, сиз ҳеч нарсадан хавотир олмайсиз, фақат беморлар ҳақида ўйлайсиз».
Мен суҳбатлашишга муваффақ бўлган кўплаб тиббиёт ходимлари маошлар юқорилиги сабабли бу ерда ишлашни хоҳлаганларини яширишмади. Аммо бу ерга ишга кириш ҳам осон эмас. Иш ҳақининг юқорилиги ходимларни ўқиб-ўрганишга ундади.

«Ниманидир билмасангиз, ўтолмайсиз. Ва тасаввур қилинг, улар ривожланишни бошладилар!» – дея хурсанд бўлади Яҳё Зияев. У пулдан ташқари бурч туйғуси ҳам уларни руҳлантирганини қўшимча қилади: «Биз бўлмасак ким?»
реклама
реклама
Аввалига катта тиббиёт ходимларига ойига 25 млн, ўрталарига – 15 млн ва кичиклаирга – 8 млн сўмдан берилган. Лекин анчадан бери камроқ тўлаш бошланган: мос равишда 15, 10 ва 6 млн сўмдан. Яҳё Зияевнинг сўзларига кўра, Зангиотада иш ҳақи қисқартирилганидан кейин ҳам катта тиббий ходимлар онкология марказига қараганда 10 баравар кўпроқ маош олмоқда.

«Зангиота-2» – мамлакатдаги энг йирик тиббиёт муассасаларидан бири. У 2019 та койкага мўлжалланган. Коронавируснинг иккинчи тўлқини авж олганда, шифохона зўриқиб ишлади. Касалхона директори Дониёр Миразимовнинг айтишича, Ўзбекистонда «дельта» варианти аниқлангандан сўнг, муассаса кунига 600 бемор қабул қилиб, бир неча кун ичида тўлиб қолди.
«Куз ва қиш сокин ўтди. 8 мартдан кейин касаллар яна кўпаяётганиниозроқ ҳис қилдик. Бизда ўсиш кузатилди, лекин унчалик танг ҳолда эмас эди. Мартдан июнгача бизда "британча" штамм бор эди. 12 июнь куни мамлакатда "дельта" қайд этилди, 16 июнданоқ бизга мисли йўқ оқим кириб келишни бошлади», - дейди тиббиёт муассасаси раҳбари.

11 сентябрь куни эрталаб шифохонада 1530 нафар бемор даволанаётган эди. Тиббиёт ходимларининг айтишича, турғунлик келгуси баҳоргача давом этади ва олдимиздаги қиш мавсумида бизда анъанавий, аммо аллақачон «модадан қолган» грипп кузатилади.

Мен бу ерга ковид мавсуми охирроғида, бўш койкалар кўпроқ бўлган пайтда паст фоиздагиўпка шикастланиши билан келдим. Касалхона ҳудудига фақат беморлар ва муассаса ходимлари кириши мумкин. Даставвал беморлар қабул бўлимига борадилар.
Қабул бўлимида «шок» палатаси мавжуд. Бу ерга кўчирилмайдиган беморлар жойлаштирилади. Палатада беморлар сатурацияси кўтарилади, сўнгра жонлантириш бўлимига ётқизилади. Жойлар бўлмаган вақтларда, беморлар реанимация бўлимига яқин бўлимларга ўтказилган.
Ўртача оғирликдаги беморлар стационарга ётқизилади. Ҳар бир палата уч нафар беморга мўлжалланган бўлиб, ҳар бир ётоққа кислород ўтказилган. Касалхона директори Дониёр Миразимов буни Зангиота касалхонасининг бошқа тиббиёт муассасаларидан ажралиб турадиган асосий хусусияти деб атайди. Унинг сўзларига кўра, соғлиқни сақлаш тизимига қаттиқ босим бўлган вақтларда бу ерга фақат кислород ёрдамига муҳтож беморларни қўйиш керак.

Ҳар бир палатада душ ва ҳожатхона бор. Доктор Рустам Норбоевнинг бемори Вера Журавскаянинг айтишича, уларнинг мавжудлиги қариялар ва касаллар учун энг муҳим шартлардан биридир. Бундан ташқари, бу одамларга бўлган ҳурматнинг белгиси ҳам.

«Бизнинг докторимиз – энг яхшиси», – дейди Вера Журавская. У тиббиёт ходимларига ғамхўрлик, парвариш ва тозалик учун миннатдорчилик билдирди.
Унинг ёши 77 да. У билаклари игналар натижасида кўкариб кетганини кўрсатади – вена томирлари ёш ўтгани сари ингичкалашиб кетган, лекин у чаққалар тез орада тузалиб кетишига ишонади. Касалхонага ташриф буюрган кунимизда Вера Журавская хонадоши Декабрина Ким билан бирга жавоб берилишини кутиб турарди.

Аёлларнинг айтишича, улар «Спутник V» билан эмланишган, шунинг учун улар эмланмаган палатадошига қараганда касалликни осонроқ ўтказишди. Айтишларича, касалхонадаги барча вақтлари бўш бўлган: соатлаб китоб ўқиш, яқинларига қўнғироқ қилиш, НТВ томоша қилишган, кимдир ибодат қилган.

Мен 6Б бўлимида ётганимда, ўз палатамиздан ташқарига чиқмадик. Кекса палатадош қўшним ўз каравотидан тушмасданкунига беш маҳал олдидаги адёл устига гиламча тўшаб, катта дафтардаги намоз матнларини чизғич қўйиб ўқирди. Унинг саҳифалари қора ва қизил сиёҳда чиройли қўл ёзувлари билан тўлган эди.

Ҳар куни бир неча марта сатурация, ҳарорат ва қон босимимизни ўлчашарди. Даволовчи шифокор кунига бир марта палатамизга ташриф буюрарди. Ҳамширалар бизга таблеткалар олиб келишади, осма укол (капельница) қўйишади.

Кечқурун ишлайдиган ҳамшира Мария бизлар билан баланд овозда «гўзал қизлар» деб саломлашиб палатамизга кирарди. Пандемиядан олдин Мария тез ёрдамда 15 йил ишлаган ва чарчагани учун тиббиёт билан хайрлашмоқчи.
«Салом, менинг исмим Мария, 35 ёшдаман ва нима билан шуғулланишни хоҳлашимни билмайман, – дейди ҳамшира. – “Тез ёрдам” амалиёт учун энг яхши жой. Ҳарорат ўлчашга борасан, инсультга келасан ва аксинча. Ҳар хил сертификатлар олдим, малака оширдик, лекин менга маркетинг кўпроқ ёқади».

«“Тез ёрдам”да ҳам шунча тўлашсачи?» – деб сўрайман.

«Йўқ. Мана, масалан, смена суткалаб давом этмаганида, қолган бўлардим», – дея жавоб беради Мария. Мен шифохонадан чиқишдан аввал у билан хайрлаша олмадим.
реклама
реклама
«Зангиота»га тушган кўплаб танишларим ичимлик суви йўқлигидан шикоят қилишганди. Яҳё Зияев айрим тиббиёт ходимларининг водопровод сувини қайнатиб ичаётганларини айтди. Бироқ палатадошларинг қадоқланган идишдаги сувдан қайнатиб ичар экан, хоҳласанг-хоҳламасанг «передачка»дан сув олаётганлар қаторида туришга мажбур бўларкансан.

Мени душанба куни касалхонага ётқизишди. Бир неча ҳафталар муқаддам Яҳё Зияевнинг шифохона таоми солинган идишга қараб, ҳафтанинг қайси куни эканини аниқлаганини эслар эканман, чоршанба куни тушликда бизни товуқли котлетлар ва нўхатли пюре кутишини билардим. Йил давомида дам олишларсиз ишлар экан, Яҳё учун шифохона менюси «суғур куни» доимо такрорланиб турмаётганини эслатувчи ягона эрмакка айланди.
Дам олиш кунларисиз йил давомида ишлаш мумкинлигига ишонишим қийин. Аммо Рустам Норбоев, ҳамшира Мария ва бошқа кўплаб тиббиёт ходимларининг айтишича, улар бирор кун ҳам дам олишмаган.

«Янги йилчи, туғилган кунларчи?» – дея сўрайман ҳаммадан.

Ҳамма, истисносиз, сменадан кейин байрам қилишганини, иш ва унинг шароитлариоғирлигидан смена охирида резина этикдан тер тўкилганини, ҳимоя костюмидаги одамларни кўриш шунчалик одатий ҳолга айланганидан ниқобсиз одамлар аллақачон бошқа ирқ вакилидек кўрина бошлаганини айтишди.

«Аввалига ҳамма бир хил кўринарди. Вақт ўтиши билан сиз уларни таний бошлайсиз. Энди мен баъзи ходимларни ниқобсиз танимайман», – дейди Яҳё Зияев.
У бизга шифохона бўлимларини таништирар экан, биз қизил зонага ўтаётганда нафас ўтказмайдиган комбинезон, бош кийим, қўлқоп, бахилла, кўзойнак ва иккита ниқоб кийдик. Нафас олиш қийин эди, кўзойнаклар конденсат йиғарди, шифокорлар эса жилмайиб, улар иссиққа аллақачон ўрганиб қолишганини, иккита ниқобга кўникишганини айтишарди.

Биз узун нимқоронғу йўлаклар орасидан гоҳ жарроҳлик хонаси, гоҳ жонлантириш бўлими томон юрардик вагўёки биз айланиб юргандек туюларди.

«Вақт ўтиши билан сиз бу ерда мўлжал олишни ўргана бошлайсиз, – дейди Яҳё Зияев. – Касалхона қурилаётганда бу ерда ҳаммаси очиқ эди. Бир сменада 2000 қурувчи ишларди. Биз ҳар бир палатага кириб, нима борлигини кўрардик ва нима қилиш кераклигини ёзардик: унитаз, смеситель ўрнатиш. Деворга қоғозча ёпиштириб кетардик, эрталаб эса ҳаммасини қабул қилиб олардик. Шунинг учун бу ерларни яхши биламиз».
Жонлантириш бўлимидаги ҳар бир бокс олтита койкага мўлжалланган. Бу бўлим бошқаларга қараганда кўпроқ даҳо шифокор ҳақидаги машҳур телесериал саҳналарини эслатади. Пандемия чўққига чиққанида биз шу ерда эдик, ўшанда бўш койкалар умуман йўқ эди – уларга фақатгина шошилинч ёрдамга муҳтожлар ётқизиларди. Тиббий техникалар товушлари кишини аллалагандек бўлади.

Реаниматолог-шифокор Жаҳонгир Ўлмасовнинг айтишича, жорий йилдаги касалликларнинг кечиши ўтган йилгидан кескин фарқ қилади – бу «дельта» вариантининг иши.

«Касалликнинг кечиши бошқача, тезроқ. Ўтган йили ҳолат бунақа эмас эди. Ўшанда кўпчилик мурожаат қилмасди, ҳозир эса бирор киши касал бўлса, дарҳол аҳволи оғирлашиб кетмоқда. Ўрнидан тура олмаяпти, тўрт кундан кейин МСКТ қилдирса, аллақачон 60 фоиз чиқяпти. Айниқса жуда кўп ёш беморлар жонлантириш бўлимига тушиб қолмоқда. Ўпкаси 90 фоизга зарарланган 25 дан 40 ёшгача бўлганлар – ҳамроҳ касалликларсиз, эмланмаганлар», – дейди реаниматолог.
Жаҳонгир Ўлмасов бундай зўриқишлар ва ўлимларга кўникиб қолганини айтади. Олдин у Шошилинч тиббий ёрдам марказида (16-касалхона) ишлаган.

«Кўнгли бўшлик ишлашга халақит беради, – дейди у. – Ҳамма ҳиссиётларни четга суриб, машина, робот сингари ишлаш керак. Лекин мен бу ишни – одамларга ёрдам беришни яхши кўраман».

Шифокорлар кўпинча ўзларига зарар етказиб бўлса ҳам одамларга ёрдам беришади.«Зангиота-2» эски таркибининг барчасипандемиянинг дастлабки бир неча ойи давомида касалхона ҳудудидаги контейнер шаҳарчасида яшаган. Кейин кўплар ижарага квартира олди. Кўпчилик вакцина олгандан кейингина ўз оилаларига қайтди. Аммо Жаҳонгир Ўлмасов қайтмади. Унинг гўдак фарзанди бор, шифокор унга вирусдан юқтириб олишдан қўрқади.

«Одамлар фақат чиройли томонларини кўришади ва шифокорларни қаҳрамонлар деб ўйлашади», – дейди Яҳё Зияев.

«Шифокорлар чиндан ҳам қаҳрамонлар эмасми?» – деб сўрайман мен.

«Қаҳрамонлар, лекин биз Худо эмасмиз. Агар сизга бир бўлак торт берилса, сиз ейсиз. Беш бўлагини есангиз, ўзингизни ёмон ҳис қиласиз. 20 тасида эса бўкиб қоласиз», –дейди у.Унинг қўшимча қилишича, пандемия чўққига чиққан вақтларда Тошкентдаги кўплаб шифохоналар ковид учун қайта ихтисослаштирилди, ваҳоланки бошқа касалликлар ҳеч қаерга йўқолмаган. Бошқа беморлар тиббий ёрдам ололмадилар, чунки кимдир эмланмаганди. Яҳё Зияевнинг фикрича, эмлашдан бош тортиш ғайриинсонийликдир.
«Бизда ҳатто лўлилар ҳам эмланмоқда, – дейди шифохона директори Дониёр Миразимов. – Мамлакат бош врачи уларнинг барони ҳузурига боради ва вакцинация ҳақида келишади, масалан, полиомиелитга қарши. Ва буни барчаси индамай қилади, чунки ҳеч ким боласининг полиомиелит билан касалланишини хоҳламайди».

У одамларни эмланишга чақирди. Тиббиёт муассасаси раҳбари эмлашга қарши бўлганларнинг ҳеч қандай далиллари йўқлигига амин.

«Одамлар вакцина кам синовдан ўтказилган, дейишади: "Бир-икки йилдан кейин бизга нима бўлади?" Улар: "Икки ҳафтадан кейин мен билан нима содир бўлиши мумкин", деган саволни ўзларига беришмайди, улар бутун соғлиқни сақлаш тизими ковидга қарши бор кучини сарфлар экан, бу ҳолатнинг билвосита қурбонлари бўлиши ҳақида ўйлаб кўрмайдилар».

Пандемия чўққиси, бу – даҳшатли зўриқиш, стационар ва жонлантириш бўлимларида койкалар етишмаслиги, беморларнинг яқинлари билан кунда-кунора жанжаллар, дея давом эттиради Дониёр Миразимов.
реклама
реклама
«Ўпкасининг 60 фоизи зарарланган бувиси билан келган кишига жой йўқлигини тушунтириб кўрингчи. Италияда энг катта тўлқин вақтида саралаш бўлган – бу ҳарбий-тиббий атама. Унга фақат уруш вақтларида мурожаат қилинади. Тиббиёт ходимларининг кучи фақат соғайиш эҳтимоли юқори бўлган касалларга йўналтирилади. Худо асрасин, бизда бундайи бўлмади».

Яҳё Зияевнинг фикрича, илм-фан урушдан ўргангани сингари, миллий тиббиёт ҳам ковиддан фойда кўради. У пандемия тугашини ва бу бинолар шифокорларга топширилишини кутмоқда.

«Шифокорларга бўлмаса, кимга? Бу ерда яна нима қила оласиз?» – деб сўрайди у.
Яҳё Зияев энг кўп онкологиядаги беморлари, «Зангиота-2»даги маъмурий ишлар ва статистика сифатига қўйиладиган талаблар унга бу ерда даволашга имкон бермаётганидан афсусда.

«Жон деб онкологияга қайтган бўлардим», – дейди у.

«Нимага, у ерда на бунақа маъмурий ресурслар, на операция хонаси ва лаборатория, на бундай пул бўлмаса?»

«Буларнинг барчасига эришиш учун. Шулар у ерда ҳам бўлиши учун. Менинг асосий мақсадим – хоспис яратиш. Шунинг учун мен ортга қайтмоқчиман. Ўлаётган одамлар азоб чекишади. Уларда осонроқ ўлим топишлари учун ҳеч қандай шароит йўқ. Мен бу ерда ташкилотчи сифатида яхши тажрибага эга бўлдим, энди уни хоспис яратиш учун ишлатиш мумкин».

Бу материал эълон қилинаётганда, Яҳё Зияев аллақачон Республика онкология марказига қайтган эди. Касалхона бош статисти лавозимини эса унинг ҳамкасби Рустам Норбоев эгаллади.
Матнни Сабина Бакаева тайёрлади
Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. www.gazeta.uz сайтига жойлаштирилган ва «Газета.uz»га тегишли фото-, график ва бошқа материаллардан учинчи шахслар томонидан ҳар қандай кўринишда фойдаланиш тақиқланади.

Қизиқарли нарсаларни биласизми, у ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни info@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг