Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдоған ва Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга «Туркий дунёнинг олий ордени»ни топширди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Шавкат Мирзиёев орденни Эрдоғанга топшираркан, «тақдим этилаётган юксак орден туркий оиламиз жипслиги ва аҳиллигини, унинг янада ҳамжиҳатлигини кучайтириш борасидаги хизматларингизнинг амалий эътирофи, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан», деди. Ўзбекистон етакчисининг таъкидлашича, Эрдоғаннинг «туркий давлатлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, уларнинг манфаат ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суриш борасидаги жонбозлиги таҳсинга сазовор»дир.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти «Туркий дунёнинг олий ордени»ни Гурбангули Бердимуҳамедовга шахсан ўзи топшираётганидан фахрланишини билдирди. «Муҳтарам Гурбангули Бердимуҳамедов ўзининг кўп қиррали фаолияти, қимматли илмий-маърифий асарлари билан кенг жамоатчилик эътиборига сазовор бўлиб, айниқса ёш авлод тарбиясига катта ижобий таъсир кўрсаётганини алоҳида таъкидлаш менга мамнуният бағишлайди», — деди Мирзиёев. Бердимуҳамедов орденни «туркман халқига берилган мукофот», деб атади.

Тадбир давомида марҳум атоқли адиб Чингиз Айтматов Турк дунёси бирлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукоофт билан тақдирлангани маълум қилинди. Мукофотни Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров қабул қилиб олди. «Буюк адиб ва жамоат арбоби, улуғ гуманист Чингиз Айтматов барча халқларимизнинг чин дўсти, туркий тарих ва маданиятни бутун дунёга тараннум этган бетакрор ижодкор, ўлмас асарлари орқали азалий урф-одат ва олижаноб қадриятларимизни жаҳондаги миллионлаб инсонлар қалбига муҳрлай олган мутафаккир шахс эди», — деди Мирзиёев.

Маълумот учун, «Туркий дунёнинг олий ордени» Туркий давлатлар ташкилоти саммити иштирокчиларига 2019 йилдан бери топшириб келинади. Хусусан, Боку саммитида Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевнинг қўлидан ушбу мукофотни қабул қилиб олган эди.

2021 йилги саммитда эса Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ушбу орденни Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевга топширган эди.

Куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдоғанга олий даражали «Имом Бухорий» ордени билан мукофотлаган эди.