Ўзбекистон президентининг фармони билан Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда Самарқандда бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити матбуот хизмати хабар қилди. Унга бу юксак мукофотни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев топширди.

«Ҳурматли Режеп Таййип Эрдоған жаноби олийлари! Сизларни Самарқандда кўриб турганимдан хурсандман. Бугун тарихий воқеа. Бугун қардошим Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистоннинг олий даражали „Имом Ал-Бухорий“ ордени билан тақдирланди», — деди Шавкат Мирзиёев икки давлат раҳбарлари учрашувидаги нутқида.

«Хабарингиз бор, 2017 йили БМТнинг 72-сессиясида улуғ бобомиз Имом Ал-Бухорийнинг меросини ўрганиш ҳақида гапиргандим ва ўша пайтда Туркия президенти, қардошим Ражаб Таййип Эрдоғон бу фикрларни қўллаб-қувватлаган эди. Ўзбекистонда Имом Ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом университети фаолият кўрсатмоқда», — деди Ўзбекистон президенти.


«Улуғ аждодимиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: „Амаллар ниятларга боғлиқдир“, деб таъкидланади. Шу боис ҳам биз Ўзбекистонда Имом Бухорий бобомизнинг меросини чуқур ўрганиш учун Самарқанд заминида ул зотнинг номида халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳадис илми мактабини ташкил этдик. Ўзбекистон халқи Сизнинг қардош элларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни самарали амалга ошириш борасидаги шахсий ҳиссангизни яхши билади ва юксак қадрлайди», — деди Шавкат Мирзиёев.


«Ишончим комилки, умумий тил ва маданиятга, аждодларимизнинг бой меросига, муштарак интилишга асосланган дўстлик ва қардошлик муносабатларимиз янада равнақ топади». — Шавкат Мирзиёев.


«Ҳурматли президент, азиз меҳмонлар, сизларни азиз туйғуларим ила саломлайман. Фиқҳ илмини эгаллаган киши номидаги орденни менга берилишини юксак қадрлайман. Ушбу орден мамлакатларимиз ўртасидаги азалий ва абадий ҳамкорликнинг натижаси деб биламан», — деди Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ўз нутқида.


«Буюк бир фахр ила, ғурур ила ушбу юқори даражали орденни олишдан яна бир бор бахтли эканлигимни таъкидлаган ҳолда, қардошим Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдираман. Авваламбор, шуни айтмоқчиманки, талабалик йилларимизда Имом Ал-Бухорийнинг ҳадислар тўплами билан яқиндан танишганмиз. Бу биз учун авваламбор энг муҳим манба сифатида қўлланилган. Бирор ҳадис ҳақида гап кетганда, биз ушбу ҳадислар китобига мурожаат қилганмиз», — деди Туркия президенти.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 август куни «Имом Бухорий» орденини таъсис этиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Мазкур орден билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган фуқаролар мукофотланади.

19 август куни Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд мазкур орден билан мукофотланди. У мазкур мукофотга сазовор бўлган биринчи инсон бўлди.