10 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Украинанинг фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенко билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Элчига Украина Мудофаа вазирлиги вакилининг амалдаги санкция чекловларини четлаб ўтиб, икки мақсадли маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида ОАВда тарқалган асоссиз баёноти муносабати билан жиддий хавотир билдирилди.

Украина томонидан ОАВда Ўзбекистонга оид нотўғри маълумотлар тарқатилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланди.

«Шу билан бирга, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина томонининг расмий сўровлари келиб тушган тақдирда, уларни қизиқтирган масалаларни ўрганиш ва холис маълумот беришга тайёр», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўз навбатида, элчи Николай Дорошенко Ўзбекистон томонининг хавотирлари ва учрашув натижаларини Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига зудлик билан етказишини ишонч билан билдирди.

Гап Украина разведкаси Россияга ёрдам бераётган давлатлар қаторида Ўзбекистонни ҳам келтиргани ҳақида кетмоқда. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси вакили Вадим Скибицкий La Repubblica нашрига берган интерьвюсида айтиб ўтган.

«Улар (Россия томони — таҳр.) шунингдек, Хитой ва Шимолий Кореяга, эҳтимол, Қирғизистонга ҳам қурол-яроғ, шу жумладан „Смерч“ ва „Ураган“ ракета тизимларига [қисмларни] етказиб бериш бўйича мурожаат қилган. Россияга ракеталарни ишлаб чиқиш учун зарур бўлган Америка ва Япония ракетага зарур компонентларини етказиб беришда кўмаклашаётган Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар ҳам мавжуд», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, россияликларда ҳарбий парадларда намойиш қилганчалик ўта замонавий қуроллар мавжуд эмас. «Москванинг юқори технологик қуролларни ишлаб чиқаришга қурби етмайди, шунинг учун бошқа давлатларга мурожаат қилмоқда», — дея тушунтирди Украина разведкаси.

Аввалроқ, октябрь ойида украиналик журналист Дмитрий Гордон исроиллик тадбиркор, «ЮКОС» нефть компанияси собиқ раҳбари Леонид Невзлин билан интервьюсида Ўзбекистонда Украинага қарши қўлланилаётган Эрон дронларини ишлаб чиқарилаётганини айтган эди. Унинг бу баёнотини Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги рад этиб чиққанди.

ТИВнинг баёнотида, жумладан, Украина расмийларидан Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақида асоссиз айбловларни тарқатишга йўл қўймаслик сўралганди. Шундан кейинги чиқишида Дмитрий Гордон аслида Ўзбекистонни эмас, Тожикистонни назарда тутганини таъкидлаган ва «фашистик Россия ҳужуми туфайли ҳозир рўй бераётган Украина фожиасига бефарқ бўлмагани учун» Ўзбекистон халқига миннатдорчилик билдирган эди.