Украиналик журналист Дмитрий Гордон ва исроиллик миллиардер Леонид Невзлин суҳбатида Ўзбекистонда Эрон билан ҳамкорликда ҳарбий дронлар йиғилаётгани ҳақида фикрлар айтилди.

Бу ҳолатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров муносабат билдириб, тегишли вазирликлар буни расман рад этишини сўради.

«Бу асоссиз ва масъулиятсиз эълонни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Ўзбекистон рус агрессиясини ҳеч қандай шаклда қўллаб-қувватламаслигини, музокаралар ва ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлайдиган бетараф позициясини фуқароларимиз ҳам бутун дунё ҳам жуда яхши тушуниб бўлди. Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бу туҳматни расман рад этиши ва Гордонни узр сўрашга мажбур қилиши керак», — деб ёзди Алишер Қодиров.

Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси мамлакатда Эрон билан ҳамкорликда ҳарбий дронлар ишлаб чиқарилишини қатъиян рад этди.

«Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий харакатларда қўлланилаётган Эрон жанговар учувчисиз учиш аппаратларининг (жанговар дронлар) ишлаб чиқариш (йиғиш) майдони эканлиги тўғрисидаги хабарларни қатъий инкор этади», — дейилади расмий муносабатда.

Ўзбекистон ҳозирги кунга қадар ҳеч қачон Эрон томони билан ҳамкорликда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқармаганини ва ҳозирги кунда ҳам ишлаб чиқармаётганини маълум қилинган.

«Шу муносабат билан, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ОАВ орқали текширилмасдан туриб тарқатилаётган бу каби хабарлар жамоатчилик эътиборини ёлғон маълумотлар билан чалғитиши ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан дўстона муносабатларига салбий таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайди», — дейилади қўмита муносабатида.