Украиналик журналист Дмитрий Гордон ва исроиллик миллиардер Леонид Невзлин суҳбатида Ўзбекистонда Эрон билан ҳамкорликда ҳарбий дронлар йиғилаётгани ва улар Украинага қарши урушда фойдаланилаётганини таъкидланди. Бунга Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси баёноти ортидан Ташқи ишлар вазирлиги ҳам расмий муносабат билдирди.

«Шуни алоҳида маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Эрон Ислом Республикаси билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмайди ва ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмайди», — дейилади баёнотда.

«Ҳозирги вақтгача Украина томонидан ҳам, бошқа хорижий ҳамкорлардан ҳам „Эрон дронларини йиғиш“ масаласи бўйича расмий мурожаатлар келиб тушмаган», — дея қайд этди ТИВ.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Украина расмий ҳукуматига Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган бундай асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат қилди».

Эслатиб ўтамиз, Дмитрий Гордон ва Леонид Невзлин Youtube`даги суҳбати чоғида Ўзбекистонда Эрон ҳарбий дронлари ишлаб чиқарилишини таъкидлашганди. Шунингдек, Дмитрий Гордон суҳбатдошидан Исроил — Ироқ, Эрон ва Ўзбекистондаги дрон ишлаб чиқарилувчи нуқталарга зарба бериши мумкин ёки йўқлиги ҳақида сўради. «Мен Ўзбекистон ҳақида бирор нарса дея олмайман, чунки мени назаримда, бу нейтрал-дўст давлатдир. Исроил билган ёки йўқлигини билмайман, — умид қиламанки, — у ерда дронлар ишлаб чиқарилаётганини билган. Лекин ўйлайманки, Исроил ва Америка керакли даражада „ультиматум“ қўя олади ва улар (Ўзбекистон — таҳр.) буни тўхтатишади», — дея жавоб берди Леонид Невзлин.