БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) 14 октябрь куни ўсмирларнинг психологик саломатлигига оид Ўзбекистон тарихидаги илк тадқиқот натижаларини тақдим этди. Тадқиқот ўспиринларнинг эҳтиёжларини, уларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигига таъсир қилувчи мактаб билан боғлиқ омилларни яхшироқ тушуниш мақсадида март-май ойларида ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг барча вилоятларидаги 299 та мактабнинг 6-, 9- ва 11-синфларида таълим олувчи 22 854 нафар ўқувчилар иштирок этди.

«Ўсмирлик даври катта имкониятларни очиб беради ва шу билан бирга руҳий саломатлик ва фаровонлик билан боғлиқ хавфларнинг ортиши туфайли алоҳида эътиборни ҳам талаб қилади. Бу ўсмир ёшдаги болаларнинг ўрганиш, қарорлар қабул қилиш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишларига таъсир қилади», — деди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Ўсмирларнинг руҳий саломатлигига нималар таъсир қилади?

Тадқиқот ўсмирларнинг руҳий саломатлигига таъсир қилувчи асосий ҳимоя ва хавф омилларини аниқлади. Шунингдек, ўқувчилар ва ота-оналардан ёрдам сўрашда энг кўп тарқалган тўсиқлар — тортинчоғлик, қолаверса, руҳий саломатлик масалалари бўйича жамоатчилик ресурсларининг етишмовчилиги мавжудлиги маълум бўлди.

«Мактаблар академик таълим тузилмалари бўлибгина қолмай, кўплаб ўспиринлар энг кўп вақтини ўтказадиган жойдир. Бинобарин, мактаблар ҳимоя қилувчи, қолаверса, ўсмирларнинг руҳий саломатлигига таъсир қилиши мумкин бўлган хавф омиллари ҳам бўлиши мумкин», — деди Халқ таълими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг директори Лилия Гайнутдинова.

Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйича 10 ёшдан 19 ёшгача бўлган ҳар 7 нафар ўсмирдан бири руҳият бузилишларидан азият чекади, уларнинг орасида безовталик ва руҳий тушкунлик (депрессия) етакчилик қилади. Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ўқувчиларнинг 15,4 фоизи — ўртача ва ўта оғир безовталик ҳамда 9,8 фоизи — депрессиядан қийналмоқда. Уларнинг орасида ота-онаси уйдан камида бир ой узоқда яшаган ўқувчилар, қолаверса, ишлаётган мактаб ўқувчилари ва қизлар улуши кўп. Ишлайдиганлар ўсмирларнинг 5 фоизини ташкил этди. Бу тенденция 11-синфлар орасида кўпроқ намоён бўлди.

Ўсмир ёшдаги ўғил-қизларнинг кўпчилигининг айтишича, уларнинг оиласидаги муносабатлари қониқарли, бироқ уларнинг деярли 9 фоизи мактаб ёки дўстлик билан боғлиқ масалаларда оиласи томонидан ёрдамни ҳис қилмаган. Мос равишда гарчи ўсмирларнинг кўпчилиги ҳаётнинг турли жабҳалари (яшаш жойи, оиласи, ўзлари)да қониқиш ҳис қилсада, 10% ўсмир ёшидагилар мактаб ва дўстлик тажрибасидан қониқмайди.

Ўқувчиларнинг 10 фоиздан ортиғи ижтимоий алоқанинг етишмовчилиги ва изоляцияни бошдан кечирмоқда: Ҳар 10 дан бири (8,7%) ўзининг мактаби билан алоқани ҳис қилмайди, ундан ҳам кўпроғи (13,1%) мактабнинг бир қисми ҳам бўлмаган ёки синфда (16,7%) ўзини ёлғиз ҳис қилган. Бу уларнинг тенгдошлари ҳақидаги умумий тасаввурлари ва бир-бири билан қандай муносабатда бўлиши эканлигига мос келмоқда.

Ўқувчиларнинг 85 фоиздан 89 фоизга бўлган қисми ўқитувчилари ва улар билан мулоқот ҳақида ижобий фикр билдирди. Қолганлари ўқитувчилар ва уларнинг ўқувчиларга бўлган муносабатини салбий баҳолади.

Мактаб ўқувчилари қийин вазиятларда ишончли вакил сифатида ёрдам сўраш учун дастлаб ота-онасини (77%), кейин дўстларини (55%) ва бошқа қариндошларини (21%) кўрсатди. Ушбу рўйхатда мактаб психологлари охирги ўринни эгаллади: ўғил ва қиз болаларнинг атиги 17 фоизи уларга ёрдам сўраб мурожаат қилишини айтди.

Ўсмир ўғил ва қизларнинг 18 фоизи ўз мактабларида ўқувчилар тез-тез жанжаллашади деб билади, 13 фоизи эса миллати, оилавий иқтисодий аҳволи ёки бошқа сабабларга кўра масхара қилинади деб ҳисоблайди. Умуман олганда, ўқувчиларнинг хавфли, шафқатсиз ва камситувчи хатти-ҳаракатлари туфайли мактаб хавфсиз эмас деб ҳисоблайдиган 10 дан 1 дан 2 нафаргача бўлган ўқувчиларнинг доимий фоизи мавжудлиги ҳақиқатга яқин, дейилади ҳисоботда.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, COVID-19 пандемияси ва ўзини изоляция қилиш ўспиринларни янада ёлғизлантирди ҳамда улар ўзининг ва оила аъзоларининг соғлиги ҳақида кўпроқ қайғура бошлади. Шунга қарамасдан, COVID-19 пандемиясининг умумий тажрибаси ҳам ижобий, ҳам салбий бўлди.

Лилия Гайнутдинова «Газета.uz»га берган интервьюсида мамлакат аҳолисининг юқори миграцияси омили болаларнинг психологик саломатлиги ва фаровонлигига таъсир этишини қайд этди. «Кўпчилик катта ёшдагилар ишлашга кетишади ва фарзандларини қариндошлари билан қолдиришади. Ота-она қўлида тарбияланган бошқа, амаки ёки холаники эса умуман бошқа. Бу болаларга қаттиқ таъсир қилади», — деди у.

У муҳимлиги жиҳатидан кам бўлмаган яна бир омил сифатида ижтимоий тармоқларни тилга олди. Ота-оналар кўпинча фарзандининг телефонда нима қилаётганига қарашмайди ва болалар унга қанчалик қарам бўлиб қолганини ҳам сезишмайди.

Хулоса ва тавсиялар

Сўров иштирокчилари уларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигини яхшилаши мумкин бўлган ҳимоя омилларини санаб ўтди. Улардан асосийлари — ижобий оилавий муносабатлар, сифатли дўстлик ва ижтимоий алоқалар, инклюзив ҳамда қўллаб-қувватловчи ўқитувчилар, ўқитувчилар ва ўқувчилар нисбати ва замонавий ўқитиш усуллари нуқтаи назаридан яхши мактаб шароитлари, шунингдек, дарсдан ташқари машғулотларда қатнашишдан иборат.

Энг кенг тарқалган хавф омиллари — оиладаги можаро ёки зўравонлик, оилавий муҳитда умумий мулоқот ва ўзаро тушунишнинг етишмаслиги, дўстлар етишмовчилиги ёки юзаги дўстлик алоқалари, қўллаб-қувватламайдиган ўқитувчилар, академик босим, қўрқитиш, мактабнинг ёмон шароитлари, экран олдида ортиқча ўтказилган вақт, камбағаллик ва ота-оналар миграцияси.

Ҳисоботда мактаблардаги руҳий саломатлик тадбирлари, шунингдек, бошқа тармоқлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича тавсиялар берилган келтирилган. Уларнинг орасида қуйидагилар мавжуд:

  • ўсмирлар ва ота-оналар учун огоҳ бўлишга ундайдиган ҳолатлар, хавф ва ҳимоя омиллари тўғрисида билимларни ошириш учун мактабларда руҳий саломатлик тўғрисида хабардорликни ошириш;
  • руҳий саломатлик саводхонлиги бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқиш;
  • мактаб психологларининг салоҳиятни ошириш ва маслаҳат бериш усулларини янгилаш бўйича уларнинг малакасини ошириш;
  • руҳий саломатлик хизматларини кўрсатиш учун илмий асосланган мақсадли дастурларга сармоя ажратиш;
  • қулай оилавий муҳитни яратишга кўмаклашиш;
  • мактаблар билан маҳаллаларнинг ҳамкорлигини кенгайтириш.

Тиббиёт ходимлари ҳам муаммоларга дуч келишмоқда

Бирламчи бўғин тиббиёт ходимларининг руҳий саломатлиги ҳам анча вақтдан бери давом этиб келаётган ва етарлича эътибор қаратилмаётган масаладир, дейилади тадқиқот натижалари тақдимотида. Маълумотларга шуни кўрсатмоқдаки, бирламчи бўғин соғлиқни сақлаш ходимларининг учдан икки қисмидан кўпи стресс, ўткир безовталик, умидсизлик, чарчоқ, ҳиссий зўриқиш, руҳий тушкунлик ва депрессияни бошдан кечиради.

ЮНИСЕФ тиббиёт ходимлари учун рақамли платформани ҳам тақдим этди. У иш ҳажми ва стресснинг кўпайиши натижасидаги ҳиссий зўриқишнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш учун муҳим бўлган психологик ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Платформа Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

«Тиббиёт ходимларига инқироз вақтида ғамхўрлик қилиш мақсадида ишга туширилган ушбу платформа тиббиёт ходимларига руҳий саломатлик ва соғломлаштириш бўйича индивидуал виртуал ёрдам имконини беради ҳамда соғлиқни сақлаш ходимларининг руҳий саломатлигини қўллаб-қувватлаш воситаларини таклиф қилади», — деди ССВнинг Фан ва таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари, узлуксиз, олий ва ўрта таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи Гулнора Юсупалиева.

ЮНИСЕФ шунингдек, ўсмирлар, ота-оналар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларига саломатлик, гигиена, руҳий саломатлик, йўлда ва интернетдаги хавфсизлик, ота-она тарбиясининг ижобий усуллари ҳамда бошқалар бўйича маслаҳатлар берувчи «Яхши нарсалар интернети» платформасини тақдим этди.