Қашқадарёдаги 48 та мактабда Финляндия таълим тизими жорий этилади. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 25 октябрь куни вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказган йиғилишида маълум қилди.

Давлат раҳбари мутасаддиларга Қашқадарёда ижтимоий соҳани яхшилаш мақсадида бир қатор топширқилар берди. Хусусан, бир ой муддатда 48 та мактабни танлаб олиб, келгуси ўқув йилидан Финляндия таълим тизимини жорий этиш вазифасини топширди.

Шунингдек, 13 та боғчани қайта қуриш ҳамда 14 та маҳаллада янги боғча қуриш лойиҳасини 2023 йил инвестиция дастурига киритиш ҳамда йил якунига қадар 189 та оилавий боғча ташкил этишга 4,5 миллиард сўм, 2023 йилда 380 та боғча ташкил этишга 52 миллиард сўм субсидия ажратиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Финляндия таълим стандарти бўйича бошланғич синфлар учун дарслик тайёрлангани ҳақида гапирганди.

«Дарсликлар масаласида ҳам анча муаммо бор экан, унинг ичига кириш керак. Дарсликлар савияси ҳақида катта муҳокамалар бўлди. Финляндиянинг стандарти билан бир хилда 1−4 синфлар учун дарсликлар қиладиган бўлдик. Нимага десангиз, Финляндия халқ таълими Европа миқёсида, умуман дунёда рақобатга чидамли, кўп тажрибани ўзидан ўтказган», — деганди президент.