Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида дзюдо бўйича «Катта дубулға» туркумига кирувчи навбатдаги турнир якунланиб, унда Ўзбекистон спортчилари тўртта медални қўлга киритди, деб хабар бермроқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

100 килограммдан ортиқ вазн тоифасида Алишер Юсупов жаҳон рейтингининг амалдаги етакчиси тожикистонлик Темур Раҳимовга имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритди.

Худди шу вазн тоифасида иштирок этаётган Ўзбекистоннинг яна бир вакили Шоҳруҳ Бахтиёров бронза медали учун кечган жангда финляндиялик Мартти Пумалайненни мағлуб этди.

Вазни 52 килограммгача бўлган полвонлар ўртасидаги баҳсларда иштирок этаётган Диёра Келдиёрова ҳал қилувчи жангда мўғулистонлик Сосорбарам Лкҳагвасуренни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. Бу муваффақият самарқандлик дзюдочига 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада йўлида 500 рейтинг очкосини олиб келади.

Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир вакили Сита Қадамбаева (-52 кг) бронза медали учун кечган жангда полшалик Александра Калетани мағлуб этди. Бу унинг «Катта дубулға» турниридаги илк медали ҳисобланади.