Давлат активларини бошқариш агентлиги директори «Газета.uz»га берган интервьюсида Ягона республика процессинг марказининг (Uzcard бренди остида ишлайди) хусусийлаштирилиши ҳақида гапирди.

Uzcard`даги 75% давлат улуши 210,1 млрд сўмга (18,9 млн долларга яқин) сўмга сотилган эди. Битим сентябрь ойида тузилганига қарамасдан, Давактив бу ҳақда ОАВдаги янгиликлардан кейин хабар берди.

Давлат улуши компаниянинг қолган 25 фоизига эгалик қилган Мансур Пўлатович Усмонов, Камрон Анварович Акбаров, Тимур Махмуджанович Азадов ва Обид Алимджанович Агзамхўжаевга (ҳар бирида 18,75% улуш) ўтказилди.

«Олдин [Uzcard`даги] 75% давлат улуши ажратилган ҳолатда бир нечта банклар ўртасида тақсимланган эди. Хусусийлаштириш тўғрисидаги тегишли дастурга мувофиқ, барча улушларни агентликда йиғиш ва кейин хусусийлаштириш бўйича таклиф тақдим этиш топширилди. Бу улушлар давлат банкларида бўлганлиги боис давлат давлат мустақил равишда ўз активларидан фойдаланиши мумкин…Шундан сўнг, барча улушлар Давактивда йиғилди ва бешта банк орасида қайта тақсимланди», — деб Самарқандда бўлиб ўтаётган II Халқаро иқтисодий форуми чоғида маълум қилди у.

Унинг сўзларига кўра, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисидаги» қонунга мувофиқ, ўзига тегишли улушни учинчи шахсга сотмоқчи бўлган жамият иштирокчиси имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бошқа шерикларни бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантириши керак.

Давлат улуши Real Excellent Valuation мустақил баҳолаш ташкилоти томонидан баҳоланиб, 210,1 млрд сўм эвазига хусусийлаштирилди.

«Биздан ташқари, 25% улушга 4 нафар жисмоний шахс эгалик қилади. Биз бир вақтнинг ўзида уларга ушбу 75% ни сотмоқчи эканлигимиз ҳақида билдиришномалар юбордик ва улардан „Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисидаги“ қонуннинг 20-моддасида мос равишда ўзларининг [имтиёзли] ҳуқуқларидан фойдаланишларини сўрадик. Бу тўрт нафар шерик бизга расман мурожаат қилиб, ушбу улушни бозор қийматига мутаносиб равишда биргаликда сотиб олмоқчи эканлигини айтди. Биз эса қонун бўйича уларга [улушни] таклиф қилишга мажбур эдик ва шундай қилдик», — деди у.

Акмалхон Ортиқов таъкидлашича, давлат улушининг янги эгалари «ўз фуқаролик масъулиятини аъло даражада бажарди» ва Давактив хусусийлаштириш жамғармасига зудлик билан 210,1 миллиард сўм ўтказиб берди. Агентлик, ўз навбатида, давлат харажатларини молиялаштириш учун маблағнинг бир қисмини бюджетга ўтказди, дея қўшимча қилди у.

Uzcard`нинг хусусийлаштирилиши, жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Молиячи Отабек Бакиров очиқ аукцион танловларида улушни бир неча баробар қимматроққа сотиш имкони бўла туриб, нега давлатнинг 75% улушини назорат қилган МЧЖ акциядорлик жамиятига айлантирилмади каби саволларни берди.

«Бу улуш биринечта банклар ўртасида бўлиб ташланди… Нимага [компанияни] акциядорлик жамиятига айлантирмадик? АЖ жуда йирик давлат корхонаси ёки ишлаб чиқариш ҳақида гап кетганда тузилади. Агар акциядорлар сони 50 дан ортиқ бўлса, у ҳолда [компания] АЖга айланади. Давлат улуши бизга ўтказилгунга қадар компаниянинг 10 тагача шерик эгалари бўлган, ундан кейин эса уларнинг сони атиги 5 тани ташкил этди. Компанияни АЖга айлантиришнинг ҳожати йўқ эди», — деди Давактив раҳбари.

Акмалхон Ортиқов 1000 га яқин давлат активлари ва 35 000 га яқин ер участкаларининг очиқ кимошди савдосига қўйилиши «илгари бундай бўлмаган» хусусийлаштириш жараёнларининг очиқлигининг тасдиғидир, деб таъкидлайди.

«Кимдир қонунда белгиланган ҳуқуқидан фойдаланиши ёпиқ битим ҳисобланмайди. Биз қонун доирасидаги мажбуриятимизни бажардик. Биз Cоcа-Cоlа Uzbekistan`нинг 57% давлат улушини франчайзинг шартномаси бўйича сотаётганимизда, 43% га эгалик қилувчи Американинг Cоcа-Cоlа компаниясига мурожаат қилиб, улушни сотиш режасини эълон қилдик ва у ўз ҳуқуқидан фойдалана оладими, деб сўрадик. У сотишимиз мумкинлигини айтди», деди у.

Унинг сўзларига кўра, давлат бир нечта активларни сотишни эълон қила олмайди, чунки «олдидан ўтиш керак бўлган» шериклар бор.

«Уларнинг олдига боришга қадар талай тартиб-таомилларни амалга оширамиз: баҳолаш жараёни бор, инвентаризация жараёни бор. Уларни якунлагач, шерик эгаларга ўз [имтиёзли] ҳуқуқларидан фойдаланишини билиш учун юзланамиз. Агар ундай бўлмаса, кейин ким ошди савдосига, фонд биржасига қўйиш ёки маслаҳатчи орқали сотиш каби хусусийлаштириш воситаларига мурожаат қиламиз», — деб тушунтирди у.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил сўнггида Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров кимдир Coca-Cola Uzbekistan учун 70 миллион бермоқчи бўлса, шу билан ҳукумати музокарани бошлаши ҳақида айтганди.

2021 йил бошида эса тендерда қатнашиш учун Туркиянинг Coca Cola İçecek компанияси ариза бергани маълум бўлди. Унда турк томон барча талабларга жавоб бериши хабар берилди.

Ўша йилнинг январь ойида Ўзбекистоннинг Hydrolife Bottlers компанияси Монополияга қарши курашиш агентлигига мурожаат қилди. Ҳужжатда ишлаб чиқарувчи Coca-Cola Uzbekistan`нинг давлат улушини сотиб олиш учун 150 миллион доллар таклиф қилишга тайёрлиги, бироқ «тендер шартлари» туфайли кимошди савдосида қатнаша олмаслиги қайд этилган. Худди шу каби, Антикоррупция агентлигига — Perfect Shine Energetic компанияси ҳам мурожаат йўллаган.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиб, Coca-Cola Bottlers Uzbekistan`нинг давлат улушини сотиш бўйича тендерни тўхтатишни талаб қилди. Департаментнинг фикрича, «ҳаддан ташқари юқори мезонлар ва асоссиз талаблар» савдо иштирокчиларининг сунъий қисқаришига ва коррупцион омилларнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Охир оқибат, Coca-Cola Uzbekistan`нинг давлат улуши Туркиянинг Coca-Cola İçecek A. Ş. компаниясига ҳукумат бошида эълон қилганидан 3,6 баробар қимматга (252,28 миллион доллар) сотилди.