АҚШ Федерал захира тизими ноябрь ойида ўтказган йиғилишида асосий ставкани 75 базавий пунктга — йиллик 3−3,25% дан 3,75−4% гача оширди. Бу ҳақда Федерал очиқ бозорлар қўмитаси тақдим этган пресс-релизда маълумот берилди.

Бу йил бошидан буён олтинчи ошиш бўлиб, мамлакат тарихида кузатилаётган рекорд даражадаги инфляцияга жавобан қабул қилинди.

ФЗТ март ойида 4 йилдан сўнг биринчи март ойида 25 б.п.га, майда эса — 50 б.п.га, июнь, июль, сентябрь ойларида эса — 75 б.п.гача оширилди. Шунингдек, Федерал захира $95 млрд ҳажмида қарз қимматли қоғозларини, жумладан $60 млрд ғазначилик ва $35 млрд ипотека облигацияларини сотди.

Пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш орқали АҚШ Федерал резерв тизими ўсиб бораётган инфляцияни ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Сентябрь ойида мамлакатда истеъмол нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,2%га ошди.

Бу гарчи август ойидаги кўрсаткичдан паст (8,3%) бўлсада, таҳлилчилар прогноз қилган (8,1%) даражадан юқори бўлиб қолмоқда. Асосий инфляция (озиқ-овқат ва энергиядан ташқари товарлар ва хизматлар нархларининг ўсиши 6,6% (кутилма 6,5%)ни ташкил этди.

«Россиянинг Украинага қарши уруши улкан инсоний ва иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Уруш ва у билан боғлиқ воқеалар инфляцияга қўшимча юқори босим кўрсатиб, глобал иқтисодий фаолиятни қийинлаштирмоқда. Қўмита узоқ муддатда максимал бандлик ва инфляцияни 2% даражага тушишига ҳаракат қилади», дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, ставканинг 0,75 б.п.га ошиши бозор иштирокчилари томонидан кутилган эди. FedWatch воситаси орқали ушбу ҳодисанинг эҳтимоллик даражаси 90% ни ташкил қилган.

Ўзбекистонга таъсири

EastAsiaForum нашрининг маълумотларига кўра, ФЗТ фоиз ставкалари ошгани сайин, юқори даромад олиш учун ривожланаётган бозорларга сармоя киритганлар сони камаяди. Бу Қўшма Штатларга катта миқдордаги капитал оқими кириб бориши ва ривожланаётган мамлакатлардан капиталнинг чиқиб кетиши билан изоҳланади. Тенг тақсимотли қаттиқроқ ички пул-кредит сиёсатисиз, қарз олиш харажатларининг ошиши ташқи заҳираларни тугатади, доллар курсини оширади ва АҚШ долларида бириктирилган соф мажбуриятларга эга бўлган давлатлар учун баланс йўқотишларига олиб келади.

Манба: Марказий банк

2021 йилда Марказий банк келгуси уч йилда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий ва муқобал сценарийларини тақдим этганди.

Унга кўра, келгусида АҚШ Федерал захира тизими томонидан пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши долларни тўғридан-тўғри мустаҳкамлайди. Асосий ставкасининг янада тезроқ ошиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлари фонида доллар индексининг тезроқ ўсиши кутилмоқда.

Йирик иқтисодиётларнинг марказий банклари томонидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган рағбатлантирувчи чораларнинг қисқа муддатда тугатилиши глобал фоиз ставкаларининг ўсишига олиб келади. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиёти учун ташқи бозорда қарз олиш нархининг ошишига, олтин нархининг пасайиши ҳисобига экспорт ҳажми ва бюджет тушумларининг маълум даражада камайишига олиб келиши мумкин.

Маълумот учун, октябрь ойида бўлиб ўтган йиғилишда МБ асосий ставкаси 15% даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. 2022 йил якунига кўра инфляция даражаси 12−12,5% атрофида бўлиши, 2023 йилда эса 8,5−9,5% гача пасайиши прогноз қилинди. Мос равишда ЯИМ 5,2−5,8%, 2023 йилда 4,5−5% бўлиши кутилмоқда.

Регулятор раҳбари амалдаги пул-кредит сиёсати воситалари, жумладан, Марказий банк асосий ставкасини (15%) инфляция даражасидан (сентябрда 12,2%) юқори даражада ушлаб туриш орқали 2022 йил охирига келиб истеъмол нархлари ўсиш суръатларини 12% гача пасайтира олишига ишонч билдирди.