Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги боғ ерини 550 000 АҚШ долларига сотишга уринишди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ИИВ ходимлари ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ўтказган тезкор тадбирда аниқланди.

Икки шахс улардан бирига берилган Бўстонлиқ тумани «Ғазалкент» ҚФЙ ҳудудидаги узоқ муддатга вақтинча фойдаланиш учун ажратилган 11,4 гектар боғдорчилик ерини бошқа бир фуқарога сотишга келишиб олган.

Ҳужжатларни расмийлаштириб бериш масалаларини эса гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳал қилиб беришларини айтиб, эвазига келишилган 550 000 АҚШ долларидан 50 мингини олган вақтларида ушланди, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.