Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати Самарқандда ички ишлар ходимлари махбусга қийноқлар қўллагани оқибатида гумонланувчининг учта қовурғаси сингани ва тана қисмида жароҳат излари мавжудлиги айтилган хабар юзасидан муносабат билдирди.

23 октябрь куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси вакили ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида «Ички ишлар ходимлари калтаклаганми ёки «мотоциклдан йиқилган»ми» сарлавҳаси остида хабар қолдирди.

Хусусан, у Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи А.Э. шу йилнинг 1 октябрь куни Ички ишлар ходимлари томонидан ҳибслангани, қарийб 20 кун давомида на яқинлари, на адвокат билан учраштирилгани, ВУТИ (ИВС)да сақланганини қайд этди. Ҳозирда Каттақўрғон шаҳридаги қамоқ(тергов ҳибс)хонасида сақланиб, А.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 25−273-моддаси 5-қисми орқали жиноий иш қўзғатилгани маълум қилди.

«Айни пайтда келиб тушган мурожаат мазмуни ҳам А.Э.га нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан қийноқлар қўлланилганига қаратилган бўлиб, гумонланувчининг учта қовурғаси сингани, тана қисмида жароҳат излари мавжудлиги кўрсатилган. Шунингдек, А.Э. яшаган ҳудуд ички ишлар бўлими нозири раҳбарлар топшириғига кўра, унинг бир неча ой аввал „мотоциклдан йиқилгани“ юзасидан яқинларини сўроққа тутган», — деб ёзилади постда.

Ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида, омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов 23 отябрь кунининг ўзида Самарқанд вилоятидаги 7-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, маҳбус А.Э. билан ҳоли тарзда учрашди.

Суҳбат давомида маҳбус хабарда кўрсатилган ҳолатларни тасдиқлаб, унга нисбатан тан жароҳати етказилганини маълум қилди ва ҳолат ўрганилиб, тегишли ходимларга нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам сўраб омбудсман номига мурожаат қилди.

«Ўрганиш давомида маҳбуснинг тиббий ҳолатига оид маълумотлар ҳам олинди. Маҳбус А.Э.нинг мурожаати ва юқорида қайд этилган хабарлар юзасидан текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини бўйича Омбудсман номидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилинди», — дейилади муносабатда.