Тошкент халқаро аэропорти шаҳар ичида қолади. Бу ҳақда шанба куни пойтахтнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси тақдимотида ҳужжат муаллифларидан бири, «ТошкентбошпланЛИТИ» институти директорининг шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича ўринбосари Саидазим Шарипов маълум қилди. «Газета.uz» бош режа лойиҳасини батафсил баён қилганди.

«Бизнинг авлодда аллақачон аэропортни шаҳар ташқарисига кўчириш талаби мавжуд. Бу жаҳон тажрибаси. Аслида баъзи вариантлар ҳам бор, аммо буни 2045 йилгача амалга ошириш режалаштирилмаяпти. Стратегиямизда [25 йил ичида] ҳал қилиниши керак бўлган кўплаб масалалар мавжуд. Мутахассисларнинг бошқа бир авлоди бу масалани ҳал қила олади», — деди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, аэропортни шаҳар ташқарисига кўчиришда бир қанча қийинчиликлар бор. Биринчидан, Тошкент Қозоғистон билан чегарада жойлашгани учун объектни шимолга кўчириш иш бермайди. Иккинчи сабаб Тошкентни шарқда ўраб олган тоғлар. Учинчидан, пойтахтнинг ғарбий ва жанубидаги бўш ҳудудларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар эгаллаган.

«Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз учун энг муҳим омил ҳисобланади. Озиқ-овқат хавфсизлигини хавф остига қўя олмаймиз», — деди Саидазим Шарипов.

Бундан ташқари, аэропортнинг кўчирилиши қатор «бир йил ичида ҳал қилиб бўлмайдиган стратегик муҳим фундаментал масалалар»ни юзага чиқаради. Улар орасида транспорт, авиация ва ҳарбий хавфсизлик бор.

Мавзу хронологияси

2012 йилда «Газета.uz» Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича узоқ муддатли режа лойиҳасининг шарҳини эълон қилганди. Лойиҳада аэропортни пойтахтдан 45 км жанубда, Жиззахга яқин янги ҳудудга кўчириш таклиф қилинган. Ҳужжатда қайд этилишича, аэропортни шаҳарсозлик ва экологик талабларга мувофиқ шаҳар чегарасидан ташқарига чиқариш масаласи 1970 йилдан бошлаб лойиҳаларда кўтарилган.

«Шаҳар чегарасидаги бинолар мажмуаси [аэропорт] 520 гектар майдонни эгаллайди, бу эса шаҳарнинг жанубий йўналишда ривожланишига тўсқинлик қилади. Аэропортга туташ ҳудудларда микротўлқинли нурланишнинг юқори интенсивлиги мавжуд (200−1500 м радиусдаги ўлчовларга кўра, стандарт қийматлардан 25−229 марта ошиб кетган). Аэропортдан чиқадиган шовқин зонасида 2200 гектар турар-жой бинолари жойлашган бўлиб, уларда 360 минг киши истиқомат қилади», — дейилади 2012 йил лойиҳасида.

Аэропортни бошқа жойга кўчириш масаласи сўнгги йилларда кўп муҳокама қилиняпти. 2020 йил февраль ойида Uzbekistan Airports компаниясининг ўша пайтдаги раҳбари Ровшан Исмоилов «Тошкент аэропорти деярли шаҳар марказида жойлашган. Келажакда Ангрен ёки Чиноз томон 30−35 км масофага кўчиши эҳтимоли бор. Аммо бу келажакда», — дея таъкидлаганди.

Жорий йилнинг ёзида Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраева компаниянинг 2035 йилгача мамлакат аэропортларини ривожлантириш стратегиясида шаҳардан 30 км узоқликда янги Тошкент аэропортини қуриш ва уни халқаро хаб сифатида ривожлантириш таклиф этилгани ҳақида хабар берган эди.

«Биз шундай вариантни таклиф қилдик. Ҳозирда бу давлат раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан янги аэропортни қуриш қанчалик мақсадга мувофиқ эканлиги муҳокама қилинмоқда», — деди у.

Компания раҳбари янги учиш-қўниш йўлакларини қуриш имконияти йўқлиги сабабли ҳаво авиалайнернинг жорий сиғими (ўтказиш қобилиятини ошириш мақсадида жорий реконструкцияни ҳисобга олган ҳолда) кўпи билан 2027 йилгача қабулни давом эттиришини таъкидлади.