Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабар беришича, Нуробод туман бўлими томонидан ўтказилган тергов қадар текширувда «M.Q.» хусусий корхонаси раҳбари К.С. корхонага ажратилган 152 500 АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига хориждан олиб келинган йирик шохли қора молларни сотиб юборганлиги аниқланди.

Шунингдек, банк муассасаси масъул шахслари келишилган ҳолда кредит гаров таъминоти учун қўйилган 2 та автотранспорт воситасини банк хатига асосан нотариал тақиқдан чиқариб сотиб юборгани ҳақида маълумот берилди.

Шундай тадбир Учқўрғон туман (Наманган) бўлими томонидан ўтказилганда, «S.O.» фермер хўжалиги раҳбари Ф.Ш. ҳудудий тижорат банки филиалидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб, экспортга йўналтириш учун ажратилган 3 млрд сўм кредитни бошқа мақсадларда сарфлаб юборгани маълум бўлди.

Шу каби ҳолат Избоскан туманида (Aндижон) ҳам аниқланди. Текширувда, «S.F.» МЧЖ раҳбари Ш. И. ва бошқалар интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкиллаштириш учун ажратилган 2,8 млрд сўм имтиёзли кредит маблағи учун ҳужжатларни қалбакилаштиргани аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.