Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев, ҳокимнинг собиқ биринчи ўринбосари Ғайрат Эламанов, ҳокимнинг қурилиш бўйича собиқ ўринбосари Шуҳрат Раҳмонқулов, шаҳар архитектори, «Яшил дунё» савдо мажмуаси лойиҳачиси, раҳбари ва қурувчиси ҳибсга олинди.

Бу хабарни ҳокимнинг адвокати, шаҳар ҳокимлиги расмийлари, қолаверса вилоят прокуратураси матбуот котиби Алишер Бобомурадов тасдиқлади, деб хабар бермоқда «Газета.uz»нинг махсус мухбири Аброр Қурбонмуратов. Бироқ улар тергов сири бўлганлиги сабабли ҳозирча гумондорлар қайси моддалар асосида ҳибсга олинганини очиқлашмади.

Мансабдорлар ҳибсга олинганига аниқлик киритиш мақсадида «Газета.uz» мухбири Термиз шаҳрида жойлашган 9-сонли тергов ҳибсхонасида бўлди. Юқоридаги хабарни колония ходимлари ҳам тасдиқлади. Ходимлар собиқ ҳоким ҳеч ким билан учрашишни истамаётгани, ёнига фақат адвокати кирганини маълум қилди.

Жиноят иши

Ҳокимликка яқин манбаларнинг «Газета.uz» мухбирига маълум қилишича, Исроил Худойбердиевга Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қолаверса, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Эламановга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддасининг «а» банди билан (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айблов эълон қилинган. Собиқ ҳоким қамоққа олинганидан бир неча кун ўтгач, у ҳам эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган.

Бундан ташқари, 2017−2018 йилларда ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари сифатида ишлаган Шуҳрат Раҳмонқулов ҳам қамоққа олинган ва жиноят ишига жалб қилинган.

«Газета.uz» мухбирининг аниқлашича, улар «Yashil dunyo» савдо мажмуаси қурилиши даврида 14,8 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Буни собиқ ҳоким Исроил Худойбердиевнинг адвокати ҳам тасдиқлади ва пуллар шаҳардаги кўплаб камчиликларни бартараф этишга сарфланганини таъкидлади.

Мазкур хабар «Газета.uz»да эълон қилингач, 21 октябрь куни давлатнинг ахборот агентлиги ЎзАда гумондорлар 5 та ҳолат бўйича давлатга 19,7 млрд сўм моддий зарар етказганликда айбланаётгани очиқланди.

Тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

«Yashil dunyo» савдо мажмуаси. Фото: Аброр Қурбонмуратов / «Газета.uz».

Ҳокимликка яқин манбаларнинг билдирилишича, «Yashil dunyo» савдо мажмуасида тадбиркорлар томонидан дўконлар қурилиши учун тўланган 14 млрд 800 млн сўм маблағ собиқ ҳоким ва ўринбосарлари томонидан ноқонуний сарфланган бўлиши мумкин. Термиз шаҳар ҳокимлигининг бошқа мансабдор шахслари ҳамда «Yashil dunyo» мажмуасида савдо дўконлари мавжуд тадбиркорлар ҳам жиноят иш бўйича олиб борилаётган тергов доирасида сўроққа чақирилмоқда ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Сурхондарёдаги текширувлар

«Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаларига кўра, Сурхондарёдаги кенг турдаги текширувлар вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг аудиолари тарқалиши ва уни президент танқид қилиши ортидан ўтказилаётган ўрганишлар натижасида содир бўлмоқда.

Аввалроқ, 27 сентябрь куни президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жаримага тортилганини маълум қилганди.

Умурзаков Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоевга гуруҳ тузиб, унга шахсан раҳбарлик қилишини айтганди.

«Умуман аҳвол яхши эмас. Тартибга солиш керак. Ҳамма нарсани кўтариб, оқни оқ, қорани қора қилиб, тартиб ўрнатиб, ким айбдор бўлса, ҳамма айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш керак. Буни бош прокуратура таъминлаб беради. Ўзингиз холис баҳо бериб, қайтиб келасиз. Бир ҳафтада менг ахборот берасиз, ҳурматли президентимизга ахборот киритамиз», — деди Умурзаков.

«Бирор бир катта раҳбарнинг ғазабига учраган бўлса, айбланувчи қамоққа олинади»

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда таъкидлашича, собиқ шаҳар ҳокимига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини ҳам қўллаш ҳам мумкин эди.

Терроризм, одам ўлдириш, инсоният ва давлатга қарши жиноятлар, ўта оғир туркумига кирувчи жиноятлар, шунингдек, ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки рострата йўли билан талон-торож қилиш) давлатга келтирилган зарар бўлганида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинишни қўллаш мумкин, деган фикрда ҳуқуқшунос.

«Мансабдорлик ваколати билан боғлиқ жиноятларда айбланувчи томонидан етказилган зарар кўлами катта бўлмаса, тилхат асосида эҳтиёт чораси сифатида очиқлик, гаров ёки уй қамоғи қўллаш мумкин. Жумладан, собиқ ҳокимга нисбатан ҳам. Ёзиб берган тилхатига кўра, айбланувчига барча чегарадан ўтишда тақиқ қўйилади, у мамлакатдан чиқиб кета олмайди. Бизда бу амалиёт озроқ сиёсийлаштирилади. Агар буйруқ юқоридан келган бўлса ёки айбланувчи бирор бир катта раҳбарнинг ғазабига учраган бўлса, қамоққа олинади», — деди Абдураҳмон Ташанов.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Худойбердиев 2017 йилдан 2022 йилгача Термиз шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган. 21 сентябрь куни эса Худойбердиев ўз аризасига кўра лавозимидан бўшатилди. Унинг ўрнини эса қурилиш вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Ўктам Тўраев эгаллади. Орадан 3 кун ўтиб эса собиқ ҳоким қамоққа олинган.