Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда жисмоний фаоллик сусайишининг жиддий оқибатлари ҳақида огоҳлантириш билан чиқди.

Унда қайд этилишича, камҳаракатлик туфайли 2030 йилгача Ер юзида 500 миллиондан ортиқ киши юқумли бўлмаган касалликларга чалиниши мумкин. Уларни даволашга йўналтириладиган сарф-харажатлар дунё иқтисодиётига 300 миллиард доллар зиён етказади.

ЖССТ экспертларининг маълумотларига кўра, бугунги кунда ўсмирларнинг 81 фоизи ва катталарнинг 27,5 фоизи камҳаракат турмуш тарзини олиб боради. Ҳисоботда, шунингдек, жисмоний фаолликнинг муҳимлигини COVID-19 пандемияси ҳам тасдиқлангани қайд этилган.

«Ушбу янги юқумли бўлмаган касаллик ҳолатларининг деярли ярми (47%) гипертензия ва 43% депрессия билан боғлиқ», — дейилади ҳисоботда.

Барча ҳолатларнинг тўртдан уч қисми кам даромадли ва ривожланаётган давлатларда кузатилиши эҳтимоли катта.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фуқароларнинг жисмоний фаоллиги пастлигининг сабабларидан бири сифатида мамлакатлар расмийлари томонидан спорт ва соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб этмаслигини қайд этган.