Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Uzbekistan Airports АЖ, Бухоро халқаро аэропорти, Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси раҳбарияти ва сайёҳлик компаниялари вакиллари Индонезиянинг Garuda Group авиакомпанияси президенти ва бош директори Ирфан Сетиапутра билан учрашди.

«Учрашувда фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари ва истиқболлари муҳокама этилди. Хорижий авиакомпания вакилларига сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди», — дейилади хабарда.

Учрашув давомида Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари томонидан Жакарта — Бухоро — Жакарта йўналишида мунтазам авиақатновни ташкил этиш таклиф этилди.

Garuda Group компанияси раҳбарияти мазкур таклифнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш мақсадида биринчи навбатда бозор ва мавжуд талабни ўрганиш учун чартер қатновларини ташкил этишни кўриб чиқишни маълум қилди.