Бир неча ойлик қурилиш ишларидан сўнг Тошкентнинг Навоий кўчасида жамоат транспорти учун ваъда қилинган алоҳида йўлак пайдо бўлди. У ўнг томондаги охирги бўлакда ташкил этилган, бу эса эндиликда ушбу кўчада тўхташ мумкин эмаслигини англатади. «Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов Чорсу майдонидан Ўрдагача пиёда йўл олди — ушбу қисмда автобуслар учун йўлак ажратилган бўлиб, унинг ишлаётгани ёки йўқлигини текшириб кўрди, автобус ва шахсий автомобиль ҳайдовчиларининг фикрларини ўрганди.

Йўлак ҳозирча фойда бераётгани йўқ

Биринчи бўлакда автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этилган Фарғона йўли кўчасида бўлгани сингари, Навоий кўчасида ҳам йўлакдан белгиланган мақсадда фойдаланилаётгани йўқ. Сидирға чизиқ, кўча четида сариқ чизиқ, «А» ҳарфи ва «Тўхташ тақиқланган» белгиларининг мавжудлиги йиллар давомида шу ерда тўхтаб туришга ўрганиб қолган ҳайдовчиларнинг бундан буён ҳам тўхташига тўсқинлик қилаётгани йўқ.

Автобус ҳайдовчилари автомашиналарни айланиб ўтишга ёки ажратилган бўлакка умуман кирмасликка мажбур, чунки ушбу бўлак бўйлаб эркин ҳаракатланишнинг иложи йўқ.

Мухбир билан суҳбатлашган тўрт нафар автобус ҳайдовчисининг таъкидлашича, ажратилган йўлак аслида ҳаракатни тезлаштиришга хизмат қилиши керак, бироқ бунинг учун у очиқ бўлиши лозим. 46-йўналиш ҳайдовчиси эрталаб соат 7 дан 8 гача бўлак бўш бўлганини маълум қилди.

Нима учун дунёда жамоат транспорти учун махсус ажратилган бўлаклар мавжуд? Чунки жамоат транспорти кўпинча бир ёки икки кишини олиб юрадиган шахсий автомобилларга қараганда сезиларли даражада кўпроқ одамни ташийди. Шунинг учун унга устунлик бериш керак.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси маълумотларига кўра, Чорсу майдонидан ҳар соатда 3600 та автомобиль ўтади, шундан 192 таси автобуслардир. 3200 та автомобиль соатига ўртача 4000 кишини ташийдиган бўлса, 192 та автобус ўртача 9000 кишини ташийди.

Лойиҳа офиси директори Мурод Обидов «Газета.uz»га берган интервьюсида ажратилган йўлакда махсус чизиқлардан ташқари, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолатларини қайд этиш учун камералар ҳам ўрнатилганини таъкидлади. Бунгача ЙПХ инспекторлари шахсий транспорт воситалари ҳайдовчиларини тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқлангани ҳақида огоҳлантиришлари керак. Мухбир ажратилган бўлак бўйича вазиятни ўрганган вақтдаги иш соатларида кўчада ҳеч қандай инспектор йўқ эди.

91-автобус ҳайдовчиси кунларнинг бирида ЙПХ ходимлари Навоий кўчасида тушликкача қандай қилиб ҳаракатни тартибга солганини сўзлаб берди. «Ҳаммаси тартибга солинди, лекин йўл назоратчилари кетганидан кейин одамлар яна машиналарни қўйишни бошлади», — деди у.

Мурод Обидов инспекторлар тартибсиз машина қўйиш муаммосини ҳал қилмаслигини тан олди. Жараён автоматлаштирилган бўлиши керак. Унинг сўзларига кўра, «Абу Сахий» бозори яқинида қоидабузарликларни аниқловчи камералар пайдо бўлиб, ҳайдовчилар жаримага тортилгач, тақиқланган жойларда тўхтаб туришни бас қилишган.

Айрим ҳайдовчилар жаримага тортилмаслик учун давлат рақамининг бир қисмини қоғоз ва бошқа буюмлар (масалан ниқоб) билан ёпиб қўйишади (Тошкентнинг бошқа кўчаларида ҳам шундай усулдан фойдаланишади).

Шунингдек, ажратилган чизиқда турган машиналар ичида узоқ вақт ўтирадиган одамлар ҳам бўлади. Улар ўриндиқни ётқизиб қўйиб, телефондан фойдаланиб ўтиришади. Бу ҳолатни ҳам назорат қиладиган одам йўқ.

Журналист айрим ҳайдовчилардан бу ерда ажратилган йўлак борлиги ҳақида билиш-бўлмаслигини сўради. Уларнинг кўпчилиги бевосита «А» ҳарфи олдида ёки тўхташ тақиқланади белгиси остида турган бўлишларига қарамасдан, ўзларини билмаганга олишди. Аммо саволдан кейин кўпчилиги машинани ҳайдаб, кетиб қолишди.

«Ҳамма машинасини қўйган-ку, мен ҳам қўяман-да», — дейди ҳайдовчилардан бири.

«Ҳа, қоида бузаман, бошқа нима қилишим керак?» — дейди мижози тўхташини сўраган такси ҳайдовчиси.

Бошқа муаммолар

Ажратилган бўлакнинг айрим қисмларида «А» ҳарфини аллақачон кўриш қийин — асфальт сифатсизлиги туфайли ранги қорайиб кетган. Бу муаммо деярли бутун шаҳарда мавжуд.

Чорсу томонга ўтсангиз, Циркдан кейин ажратилган бўлак бутунлай кўзга кўринмай қолади, ҳайдовчилар бу ерда истаганча машина қўйишади, ҳатто баъзи жойларида икки қаторлаб машина турган бўлади. Қолаверса, бу ерда автотураргоҳ белгиси ўрнатилган, яшил нимча кийган хизматчи эса кўча бўйлаб ҳайдовчиларга машинани қўйишга ёрдам бериб туради.

Ажратилган йўлакдан фойдаланиш ҳовлилар ва тўхташ жойларига кириш жойларидаги кесишмаларда мураккаблашади. Масалан, Ўзбек Миллий драма театрида қуйидаги суратда бўлгани каби сидирға чизиқ машиналар кириб-чиқиши учун узилган.

Ажратилган йўлак бўйлаб автобуслар ҳаракатига одамларнинг такси тўхтатиши ҳам тўсқинлик қилмоқда. Кўпинча бир вақтнинг ўзида бир нечта машиналар қаторлашиб тўхтайди. Оқибатда автобус ҳайдовчилари таксичиларга узун-узун сигнал берганча бекатдан бир неча метр олдинда йўловчиларни туширишга ва чиқаришга мажбур бўлади. Бундай таксичиларга қарши курашишда бир неча йиллардан бери ваъда қилиб келинаётган видеорегистраторлар самарали ёрдам берган бўларди.

«Ажратилган йўлак шунчаки йўлак деб аталмайди. Унга кириш мумкин эмас, деб ҳисобланади, — деган эди Навоий кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича маслаҳатчи Аркадий Гершман аввалроқ «Газета.uz»га берган интервьюсида. — Муаммо шундаки, унда ҳовлиларга ва автотураргоҳлар учун кириш жойларига қанча кўп жой ажратсак, шунчалик камроқ алоҳида йўлак сифатида қолади. Ва қачондир у оддий йўлакка айланиб қолади… Ажратилган йўлак самарали бўлиши учун минимал кесишмалар бўлиши керак, шунинг учун ҳовлиларга киришлар сонини камайтириш, тўхташ жойларини олиб ташлаш лозим».

Бўшлиқларни камайтириш учун кўплаб мамлакатларда қатновнинг марказий йўлакларида алоҳида йўлаклар ташкил этилган. Бундай йўлакларга мисолларни, айтайлик, Олмаотада кўриш мумкин.

Олмаота шаҳридаги Тимирязев кўчасида автобус ва троллейбуслар учун ажратилган йўлак.

Кўча марказида тўхташ майдончалари ҳам ташкил этилган, уларга биттадан кўп бўлмаган автомобиль йўли кенглигидаги пиёдалар ўтиш жойлари олиб боради.

Кенг тўхташ платформаси ва автомобиллар айланиб ўтиши учун ҳаракатланиш йўлаги — жамоат транспорти устуворлиги таъминланган ҳамда пиёдалар хавфсилиги учун транспорт ҳаракати секинлаштирилган.

Баъзи кўчаларда тўхташ жойидан кейин ажратилган йўлак ташкил этилган.

Олмаота шаҳридаги бир томонлама Гогол кўчасида ажратилган йўлак (жамоат транспорти икки йўналишда ҳаракатланади).

Бутун кўчада тўхташ тақиқланган бўлса, такси ҳайдовчилари йўловчиларни қаерга тушириши мумкин? Лойиҳа офиси раҳбари Мурод Обидовнинг айтишича, автобус бекатларидан кейин Навоий кўчасида йўловчиларни тушириш ва миндириш учун жойлар ташкил этиш режалаштирилган.

Кўриб турганингиздек, ажратилган йўлакларнинг ишлаши учун бутун чора-тадбирларни амалга ошириш ва кўплаб омилларни ҳисобга олиш керак. Кўчаларни реконструкция қилишнинг давом этиши билан ажратилган йўлаклар узайтирилади ҳамда мутасаддилар ва лойиҳачилар келгусида такрорланмаслиги учун мавжуд камчиликларни ҳисобга олишлари лозим.

Янги жамоат транспорти тизимини жорий этишнинг муҳим таркибий қисми ахборот компоненти бўлиши керак. Шаҳар аҳоли билан кўпроқ мулоқот қилиши, уларни барча янгиликлардан хабардор қилиши, афзалликлари ҳақида гапириши ва жамиятнинг бошқа аъзолари олдидаги масъулиятини эслатиши керак.