Самарқанд ва Тошкент халқаро аэропортларининг учиб кетиш йўлакларида 1 июлдан буён «Масофавий божхона назорати — божхоначисиз божхона» тизими ишламоқда. Ушбу тизим шарофати билан Ўзбекистондан бошқа давлатга учиб кетувчилар 30 сония ичида божхона текширувидан ўтади. Уларнинг юклари ҳам айнан шунча муддатда текшириб бўлинади. Қолаверса, мамлакатга учиб келувчилар ҳақидаги маълумотлар ҳали улар аэропортга қўнмаслариданоқ божхоначилар қўлига тушмоқда. «Газета.uz» мухбири Тошкент халқаро аэропортига уюштирилган пресс-тур давомида ушбу тизимнинг қандай ишлашини кўздан кечирди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Биринчи босқичда шубҳа остига олинган фуқаролар аэропортга киргач, юкини топшириб, ўзи body scaner қурилмасидан ўтади. Уларнинг таналари сканер қилиниб, маълумотлари электрон журналда қайд этиб борилади. Агар фуқаро бунгача ушбу аэропортдан учган бўлса, у ҳақдаги эски маълумотлар тарихи ҳам чиқиб келади.

Қурилма гиёҳванд моддалар, заргарлик буюмларини ошқозонига ёки танасининг бошқа қисмига яшириб ўтмоқчи бўлганларни тезда аниқлайди. Техника ССВ хулосасини олган бўлиб, инсон саломатлигига салбий таъсири йўқ. Текширувдан ўтишга эса 30 сониядан кўп вақт кетмайди.

Йўловчиларни текширувдан ўтказувчи body scaner қурилмаси. Фото: Давлат божхона қўмитаси.

Юклар эса рентген аппаратидан ўтади. Бутун бошли юкларни фақат бир киши — махсус ўқув курсларини тамомлаган ходим назоратдан ўтказади. Ускуна мониторида юк ичида нималар борлиги кўринади ва ҳар бир жисм махсус белгиланган рангларда тасвирланади.


Божхона хизмати ходими рентген нурларидан ўтаётган юкни текширмоқда. Фото: Давлат божхона қўмитаси.

Рентген қурилмаси икки нурдан иборат: ён ва тепа қисмдан буюмга нур бер беради. Мисол учун, бирор қурол олиб ўтилмоқда дейлик. Қурилма 2 томонлама нур эвазига уни дарров акс эттиради. Агар юк орасида шубҳали буюм аниқланса, у зудлик билан тўхтатилади ва юк эгаси залдан чақиртирилади. Унинг иштирокида сумка иккинчи бор рентген қурилмасида текширувдан ўтади.

Рентген нурлари кунига 2 смена давомида 7−8 та рейсдаги юкларни назоратдан ўтказади. Ҳар бир рейсда турли хил миқдорда, ўртача 100−150 ёки 300 та багаж бўлиши мумкин.

Ўзбекистонга кириш, яъни аэропортнинг учиб келиш қисмида ҳар бир фуқаро ва юкларнинг маълумотлари аввалдан аэропортдаги ситуацион марказга етказилади.

Бундан ташқари, бино шифтига ўрнатилган махсус камералар аввалдан шубҳа остига олинган фуқароларни аниқлайди ҳамда уларнинг кўриниши, кийими, юки ҳақидаги тафсилотларни ситуацион марказга етказади. Марказдаги ходимлар буни кўргач, рация орқали учиб келиш жойида турган текширувчи божхона ходимларига хабарни етказади. Текширувчилар шубҳага олинган йўловчиларни тўхтатиб, юкларини 2 улчамли ва 3 улчамли назорат аппаратидан ўтказиб, текширади. Агар ортиқча товарлар аниқланса, уни вақтинча сақловга қўяди. Йўловчи билан ҳуқуқбузарлик бўйича баённома тузилади. Шундай қилиб, ҳеч ким текширувсиз чиқиб кетмайди.


Қандай қилиб Ўзбекистон аэропортига энди келиб турган фуқаро шубҳали бўлиши мумкин?

Бунинг барчаси AVIAMN дастури орқали аниқланади. Унда учиб келиш ва кетиш бўйича барча рейслар ҳақидаги маълумотлар ўрин олган. Учиб келаётган фуқароларнинг маълумоти, ҳаттоки, қайси ўриндиқда ўтириб келаётгани ҳам келинаётган ҳудуддаги аэропорт томонидан дастурга киритилади. Масалан, агар сиз АҚШга учиб кетмоқчи бўлсангиз, сиз харид қилган чиптадан тортиб, тегишли маълумотларингизгача барчаси АҚШ аэропортида бўлади. Ўзбекистонга ҳам худди шу тартибда маълумотлар етиб келади. Шубҳали шахслар рўйхати эса махсус талаблар асосида тузилади.

Учиб келувчи ва кетувчи рейсларни кузатувчи AVIAMN дастури

Нега шубҳали шахслар учиб келишидан аввал ўша давлатнинг ўзида тўхтатиб қолинмайди?

Сабаби, ҳар бир давлат аэропортида божхона хизматининг ўз талаблари мавжуд. Улар бирор давлатдан олиб чиқиб кетиши мумкин бўлган буюм Ўзбекистонда тақиқланган бўлиши мумкин. Шуни инобатга олиб, белгиланган талаблар асосида дастур шубҳали шахсларни аниқлайди.

Бундан ташқари, мазкур дастур божхоначиларга ҳам иш тақсимлайди. Масалан, битта рейсда қанча кам шубҳали йўловчи аниқланса, шунча кам сонли божхона ходими текширувда қатнашади.

Айтайлик, яқинда Тошкент халқаро аэропротида 57 та тимсоҳ болалари тегишли ҳужжатларсиз мевалар солинган қути ичидан топилганди. Божхона хизмати капитани Олимхон Тожихўжаевнинг таъкидлашича, уни Миср давлатида ўқиётган 2004 йилда туғилган ўзбек талабалари бошқа бир шахснинг илтимосига кўра олиб ўтмоқчи бўлган. Улар шубҳали шахслар рўйхатида бўлмаган, бироқ текширув натижасида сумкадаги идишларда мева шаклига ўхшамайдиган жисм аниқланган. Очиб кўрилганда, ичидан 57 та тимсоҳ боласи бор бўлиб чиққан. Ситуацион марказ ходимининг айтишича, тимсоҳ болалари учун процессуал ҳужжат расмийлаштирилган. Суд қарори эълон қилингандан сўнг, жониворларнинг кейинги тақдири ҳал бўлади.

Давлат божхона қўмитаси ахборот коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Дўстмуҳаммедовнинг сўзларига кўра, аэропортда жорий этилган «божхоначисиз божхона» хизмати орқали қилинган энг катта иш Ўзбекистонга учиб келаётган фуқароларнинг кимлигини аниқлаш имкониятидир.

Шунингдек, тизимда инсон омилини камайтириб, фуқароларни қабул қилишда тезкорликни таъминлайди.

«Мана, ҳозир картина — бир кунда нечта рейс бўлса, ичида қанча ва қандай фуқаро (нечтаси хорижий, нечтаси Ўзбекистон фуқаролари), қанча юк билан келаётгани кўзимиз олдимизда пайдо бўлди, — деди у. — Бундан ташқари, юклар миқдори ҳақидаги маълумотлар ҳам рўйхатга олиняпти. Бу жуда катта масала, қолаверса, бу шаффофликка олиб келади, коррупция ва ўғриликнинг олдини олади».

Давлат божхона қўмитаси ахборот коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Дўстмуҳаммедов.

Унинг келтиришича, ушбу маълумотлар келажак учун муҳим. Хусусан, қидирувда бўлган шахсларни айнан мана шу учиш тарихида белгиланган маълумотлари орқали топиш осон бўлади.

Қўмита ходимларининг маълум қилишича, 1 январдан Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда ситуацион марказ ишга тушади. Ҳозирча бу тизим фақат Самарқанд ва Тошкент халқаро аэропортларида бор. Дастур фақат 11 та халқаро аэропортда божхона ходимлари учун хизмат қилади. Оддий фуқаролар ундан фойдалана олмайди.

Шу ўринда, божхона хизмати ходимлари йўловчилардан нотаниш ва ишончли бўлмаган шахсларнинг юкларини ўзлари билан олиб ўтмасликни сўради. Сабаби, айрим шахслар чет эл аэропортларида яқинлари ёки танишларига, баъзан пул таклиф қилган ҳолда йўловчиларга қўшимча юк олиб кетишни сўрашади. Бироқ ана шундай юклар орасидан тақиқланган моддалар ва буюмлар борлиги ҳам учраб турибди. «Гиёҳванд моддаларни ҳам ўзлари бехабар ҳолда мана шундай олиб ўтаётган фуқаролар ҳам учраб туради. Бундай ташувчи инсон ўзи билмаган ҳолда жиноий жавобгарликка тортилади», — деди Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари вазифасини бажараувчи Ҳусан Тангриев.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари вазифасини бажараувчи Ҳусан Тангриев. Фото: Давлат божхона қўмитаси.

Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти чегара божхона пости орқали 4135 та рейсда (Халқаро учиб кетиш — 2138та, МДХ давлатларига учиб кетиш 1997та) 592,8 мингдан зиёдроқ йўловчи (йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда 11 220нафар) пост орқали учиб кетишган. Йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда ҳаракатланган 210 нафар фуқаро шахсий кўрикдан ўтказилиб, шундан 2 нафарида божхона қонун бузилиши ҳолати аниқланган.

Учиб кетиш йўналиши билан ҳаракатланаётган йўловчилар орасида жами 56 та ҳолатда қиймати 3 млрд 622,5 млн сўмлик товар моддий бойликларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга ўсган. Мазкур ҳолатлар юзасидан 5 та жиноий ҳамда 41 та маъмурий иш қўзғатилган.