Тошкент халқаро аэропортига Миср давлатидан учиб келган фуқаролар 56 та тимсоҳ ва 10 та буқаламунни яширинча олиб кирмоқчи бўлди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Маълумотларга кўра, 30 август куни олиб келинган 56 та тимсоҳ тимсоҳ болаларининг умумий қиймати 918,5 млн сўм. Туғилганига бир ҳафта бўлган «Нил тимсоҳи» турига мансуб тимсоҳ болалари ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабабли Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари томонидан аҳволи қониқарли баҳоланган. Уларни фуқаро ичида сабзавотлар бўлган пластмасса идишларда сақлаган.


31 август куни эса Мисрдан Тошкентга учиб келган фуқаролар аэропортда яшил йўлакдан ўтаётганда божхона кўригидан ўтказилди. Унинг юклари орасидаги пластик идишда 10 дона буқаламун борлиги аниқланди. Буқаламунларнинг умумий қиймати 54,7 млн сўмга тенг.

Ҳозирда буқаламунлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган. Уларни ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмагани сабабли мутахассислар 6 тасининг аҳволи оғир эканини айтмоқда.

Амалдаги тартибларга кўра, Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади. Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари суриштирув ўтказмоқда.