14 октябрь куни Олий Мажлис Сенати ва Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева «Better Cotton Initiative» (BCI) нодавлат нотижорат ташкилоти менежери Рэйчел Бэккет билан учрашди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

«Better Cotton Initiative» — «пахта даласидан сотувгача» бўлган бутун ишлаб чиқариш жараёнини сертификатлаш билан шуғулланади. Ташкилотнинг мингдан ортиқ аъзоси мавжуд бўлиб, улар қаторига H&M, Gap, IKEA, Levi Strauss, Zara, Hugo Boss, Adidas, Puma каби 80 дан зиёд дунёнинг энг йирик брендлари ҳам киради. BCI кенг доирадаги манфаатдор томонлар билан ишлаш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фермер хўжаликлари самарадорлигини ва пахта етиштириладиган ҳудудлар иқтисодиётини яхшилашга ҳисса қўшади.

Учрашувда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилингани, бу ундан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқиш имкониятини янада кенгайтиргани таъкидланди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва «Better Cotton Initiative» ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон пахта кластерларига халқаро стандартларни жорий этиш, уларни тегишлича лицензиялаштириш ҳамда энг биринчилар қаторида маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларимизда кузатувчанлик тизимини жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, томонлар BCIнинг Тошкентдаги ваколатхонасини тез кунларда таъсис этилиши юзасидан келишиб олгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь охирида АҚШ ўзбек пахтасини болалар ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарди. Бунинг натижасида АҚШга пахта экспорти учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда. Бироқ, мамлакатда ипак пилла етиштиришда ҳамон мажбурий меҳнат қўлланилади, дея хабар беради АҚШ меҳнат вазирлиги.

2022 йилнинг март ойида Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилди. Мазкур қарор 2021 йилда мамлакатда пахта йиғим теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан қабул қилинди. Илк бор ўзбек пахтасига 2009 йилда бойкот эълон қилинганди.