28 сентябрь куни АҚШ меҳнат вазирлигининг «Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати — 2022» йиллик ҳисоботи эълон қилди, дея хабар бермоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.

Мазкур қарор Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2021 йилги пахта ҳосили мониторинги давомида тизимли мажбурий меҳнат аниқланмаганини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.

Ўзбек пахтаси 2009 йилда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатига киритилган. Шу билан бирга, 2018 йилда халқаро кузатувчилар, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан олиб борилган мониторинг ва тадқиқот натижаларига кўра, АҚШ меҳнат департаменти ўзбек пахтасини болалар меҳнати билан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатидан олиб ташлаган эди.

Вазирлик хабарига кўра, бу ўз навбатида, Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларини АҚШга экспорт қилиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш учун янги имкониятларни яратади.

«Ушбу қарор янги имкониятлари очиши билан бирга, ўзбек пахтасини АҚШга экспорт қилиш бўйича мавжуд чекловларни бекор қилади, пахта саноатини ривожланишига, қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро стандартларни жорий этишга ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади», — дейди Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева.

Бироқ, Ўзбекистон ҳамон рўйхатда ипак пилла етиштиришда мажбурий меҳнат қўлланиладиган давлат сифатида колмоқда. «Ўзбекистонда катталар пилла етиштиришга мажбурлангани ҳақида маълумотлар бор… Пилла етиштиришда мажбурий меҳнат асосан мамлакат жанубидаги фермерлар орасида қўлланилади, аммо далиллар шуни кўрсатадики, бу соҳада бошқа қишлоқ оилалари ҳам мажбурий меҳнатга жалб қилинган», — дейилади ҳисоботда.

«Ўзбекистон — Германия форуми маълумотларига кўра, мамлакатда ҳар йили ипак пилла етиштирувчи 45 мингдан ортиқ фермернинг аксарияти бу ишдан бош тортолмайди. Уларни вилоят ва туман даражасидаги мансабдор шахслар мажбурлаб, ҳар бир фермерга пилла етиштириш учун квота ажратади. Улар бунга риоя қилмаса, жарима солиш, ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ерларидан маҳрум қилиш ёки жисмоний зўравонлик кабилар билан таҳдид қилинади», — дея эслатилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, ҳисоботда қайд этилишича, фермерлар пилла етиштириш харажатларини қоплаш учун тўлов миқдори кам, ўз вақтида тўланмаслиги ёки тўловнинг амалга оширилмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар бўлса-да, ўзлари етиштирган ипак пиллаларини давлатга қайта сотишлари шарт.

Аввалроқ АҚШ меҳнат вазирлиги 2011 йилдан бери биринчи марта болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари бўйича ўз хулосаларида Ўзбекистонни болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлиги бўйича «сезиларли ривожланиш» (энг яхши) қаторига киритган эди.

«2021 йилда Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шаклларига барҳам бериш борасида сезиларли ютуқларга эришилди… Ҳукумат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига мажбурий ва болалар меҳнати учун жавобгарликларни, шу жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланиш қоидаларини бузганликнинг энг оғир шакллари учун жазони кучайтириш ҳамда жиноят содир этганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш мақсадида ўзгартиришлар киритди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш ва тақиқларни аниқлашда давом этди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, асосан, ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатга қўйилган тақиқларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижасида барҳам топди.

«Бироқ, Ўзбекистонда ҳамон болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари, жумладан, болаларни тижорат мақсадида жинсий эксплуатация қилиш, баъзан одам савдоси каби ҳолатларда ҳам қўлланилмоқда. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ва жамоат ишларида болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этмоқда», — деб ёзади муаллифлар.