Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари ўз нутқида жаҳондаги мураккаб вазият, кучайиб бораётган кескинлик ва стратегик мавҳумлик барқарор тараққиёт борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва МДҲ майдонидан максимал даражада самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Президент Ҳамдўстлик мамлакатларида изчил иқтисодий ўсишга эришиш муҳимлигини қайд этди. Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айланмаси ўтган йил якунига кўра 35 фоизга ошгани, бу йил бошидан буён эса яна учдан бирга ўсганини айтди. Машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, биргина сўнгги ойларнинг ўзида МДҲ мамлакатларидаги шериклар билан 800 дан ортиқ янги корхона ишга туширилгани ҳақида гапирди.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев ўзаро савдодаги тўсиқларни тезкор бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари нарх-навонинг сунъий ўсишига йўл қўймаслик ҳамда инфляцияни жиловлаш мақсадида МДҲ маконида озиқ-овқат маҳсулотлари тўсиқларсиз етказиб берилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини қайд этди.

«Мамлакатларимизнинг транспорт тизимига бўлган жиддий таҳдидларни инобатга олган ҳолда, янги логистика йўлакларини ҳамкорликда ривожлантириш ғоят муҳимдир», — деди президент. У «Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» ҳамда «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлларини қуриш МДҲни трансқитъавий транспорт ташишларнинг муҳим занжирига айлантиришга кўмаклашини таъкидлади.


Ўзбекистон таълим, фан, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат борасидаги қўшма лойиҳалар ва дастурлар амалга оширилишида янада фаол кўмаклашиш ва иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Шавкат Мирзиёев ўзаро инновацион ҳамкорлик ва ёшлар масаласида муносабатларни кенгайтириш мақсадида келгуси йилда Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари ёш олимларининг «Ёшлар инновация тарафдори» шиори остидаги биринчи конгрессини ўтказишни таклиф қилди.

Мажлисда 2023 йилда Санкт-Петербург шаҳрини МДҲнинг маданият пойтахти деб эълон қилиниши тўғрисидаги қарор кўллаб-қувватланди. 2024 йилда маданият пойтахти номини олишга Самарқанд номзоди илгари сурилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари ҳар йили шахмат бўйича Ҳамдўстлик очиқ кубогини ўтказишни таклиф қилди.

Сўзининг якунида Ўзбекистон етакчиси МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедевнинг ваколатлари навбатдаги муддатга узайтирилишини маъқуллади ҳамда Қирғизистон президенти Садир Жапаровга 2023 йилда ташкилотга раислик фаолиятида муваффақият тилади.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган саммит ишида Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ҳам иштирок этди.